МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРГА САЙЛОВЛАР – УНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ НИМАДАН ИБОРАТ?

Мамлакатимизда Парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Қонун талабларига сўзсиз ва қатъий риоя этилаётгани, шубҳасиз, бўлажак сайловни демократия принциплари асосида очиқ ва ошкора ўтказишни таъминлайди.

Бевосита маҳаллий Кенгашларга сайловларни ўзига хос хусусиятларига ўтишдан аввал қайд этиш жоизки, сўнгги уч йил ичида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, айниқса маҳаллий Кенгашларни ролини ошириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

2017 йил 14 сентябрда ва 2019 йил 8 январда қабул қилинган қонунларга асосан маҳаллий Кенгашлар ижроия ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини, шу жумладан қонунларга риоя этилиши, тегишли халқ депутатлари Кенгашлари қарорларининг ва доимий комиссиялар тавсияларининг бажарилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш, тегишли прокурорларнинг ҳисоботларини эшитиш, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш, тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, туман марказий кўп тармоқли поликлиникалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш, тегишинча ҳудудий адлия бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари бошлиқларининг ахборотини эшитиш ваколатларига эга бўлдилар.

2018 йил 23 июлда қабул қилинган Қонунга асосан маҳаллий Кенгашлар бир йилда камида бир марта ўз мажлисида вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг тегишли суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитиш ваколатига эга бўлдилар.

2018 йил 18 апрелда қабул қилинган Қонун билан жойлардаги партия гуруҳларининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда улар ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг лойиҳаларини такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини кўриб чиқиш ҳақида таклифлар киритиш, туман (шаҳар) ҳокимининг, шунингдек тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокимига хулоса тақдим этиш ҳуқуқларига эга бўлдилар.

Бундан ташқари 2017 йил 7 июндаги ПФ-5075-сон Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2017 йил 13 декабрдаги ПФ-5283-сон “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги   фармонлари ҳамда 2017 йил 7 июндаги ПҚ-3042-сон “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет ваколатларини кенгайтириш ва маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги масъулиятини ошириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Шу маънода бу йилги сайловлар бундан аввалги сайловда сайланган маҳаллий Кенгашлар ваколатларидан фарқ қилади.

Авваламбор шуни қайд этиш жоизки, маҳаллий Кенгашларга сайловларга ҳам сайловни умумийлиги, тенглиги, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилиши, очиқ ва ошкора амалга оширилиши хосдир.

Шу билан биргаликда маҳаллий Кенгашларга бўладиган сайловнинг бир қатор ўзига хос хусусиятлари бўлиб, улардан бири бу – Сайлов кодекси талабига кўра, мамлакатимизда сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган фуқаролар туман, шаҳар ва вилоят Кенгашлари депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга. Яъни Қонунчилик палатасига сайловдан фарқли ўлароқ, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларга қўйилган минимал ёш пастроқ ҳисобланади.

Иккинчи муҳим хусусият – маҳаллий Кенгашларга сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларда Қонунчилик палатасига сайловда тақдим этиладиган имзо варақалари талаб этилмаслиги.

Учинчи муҳим хусусияти – халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун – олтмиштадан кўп бўлмаган сайлов округи, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун – ўттизтадан кўп бўлмаган сайлов округи тузилишида намоён бўлади.

Сайлов кодексида белгиланган нормалар доирасида маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун сайлов округлари сони тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан аҳоли, сайловчилар сони, ҳудуд ва бошқа маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича сайлов округлари тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан, қоида тариқасида, сайловчилар сони тенг ҳолда тузилади. Сайлов округларининг чегаралари вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда белгиланади.

Тўртинчи муҳим хусусияти – маҳаллий Кенгашлар сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланишида намоён бўлади.

Бешинчи муҳим хусусияти шундаки, вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли ҳисобланади.

Олтинчи муҳим хусусияти – маҳаллий Кенгашларга сайловда судьялар, прокуратура органларининг ва ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари (бундан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари мустасно) депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади.

Еттинчи муҳим хусусияти – Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари томонидан ягона сайлов участкалари тузилишида намоён бўлади.

Таъкидлаш жоизки, аввалги сайловларда туман Кенгашларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам номзодлар кўрсатиши мумкин эди. Энди бу ҳуқуқ фақат сиёсий партияларга берилди.

Сайлов кодекси талабига кўра, сиёсий партиялар тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод сифатида фақат битта сайлов округидан битта номзодни кўрсатишлари мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, маҳаллий Кенгашларга сайловлар ўтказиш ҳақида сўз борганда, авваламбор, туман, шаҳар ва вилоят Кенгашлари депутатлари бевосита аҳолига яқин эканини таъкидлаш лозим. Яъни улар халқ орасида юриб, тегишли ҳудудда сайловчилар билан ёнма-ён яшаб ва бирга ишлаб, шу орқали аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишда муҳим ўрин тутади.

Қолаверса, туман ва шаҳарлар, маҳалла ва қишлоқларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни камайтириш, янги иш ўринлари яратиш, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражасини оширишда маҳаллий Кенгашлар депутатларнинг аҳамияти Парламент депутатларидан асло кам эмас.

А.Эрназаров,

Тошкент вилояти маъмурий

судининг судьяси