Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми

Мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан алоқалари ривожида Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорлик муносабатлари алоҳида ўрин тутади. Давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар тарихида янги саҳифа очилди. Бу жараёнда савдо-иқтисодий алоқалар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

18 июнь куни АҚШнинг сертификатланган илк савдо миссияси мамлакатимизга ташриф буюрди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ойида АҚШ савдо вазири Уилбур Росс билан учрашувида эришилган келишувлар ижроси доирасида амалга оширилган бу тадбир иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштириш йўлидаги интилишларнинг мантиқий давомидир.

АҚШ делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари, савдо, молия, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда фаолият юритувчи компаниялар раҳбарлари, бизнес доиралар вакиллари, шунингдек, АҚШнинг 13 та йирик компанияси масъуллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов ва бошқалар ўзаро ҳамкорлик кўп қиррали аҳамият касб этишини, мамлакатимизда ишбилармонлар учун яратилаётган қулай бизнес муҳити бошқа хорижий компаниялар қатори америкалик инвесторларда ҳам катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади.

Меҳмонлар Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни юқори баҳолади.

Тадбирда мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти, икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, ўзаро савдони қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни молиялаштириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. Форум транспорт, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий хизмат кўрсатиш, таълим, энергетика каби қатор соҳалар бўйича ташкил этиладиган учрашувлар ва мулоқотлар тарзида давом этади.

Манба: УзА