Хитой экспертлари билан учрашув

СМТИда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши маслаҳатчилари идораси маслаҳатчиси Ван Джиншенг бошчилигида делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг бугунги тенденциялари муҳокама қилинди.

Хитойлик экспертларнинг таъкидлашичаб бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларидаги кенг кўламли ўзгаришлар Хитой томонидан катта қизиқиш билан кузатилмоқда. Шу билан бирга, Ван Джиншенг Президент Ш.Мирзиёевнинг иқтисодий тараққиётга эришиш ва халқаро майдонда мамлакат обрўсини оширишга қаратилган ислоҳот сиёсатини юксак баҳолади.

Шу билан бирга, Тошкентнинг Марказий Осиё минтақасида олиб бораётган чуқур ўйланган ва мувозанатли ташқи сиёсат ташаббуслари, минтақада барқарор ривожланишни таъминлашга ва дўстона муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ванг Жиншенг икки томонлама муносабатларга тўхталар экан, шуни таъкидладики, бугунги кунда Тошкент ва Пекин кўплаб соҳаларда яқин ҳамкорлик қилмоқда. Шу билан бирга, ўзаро манфаатли соҳаларда тўлиқ форматли алоқаларни янада чуқурлаштириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.

Томонлар маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигига урғу беришар экан, бу икки халқ ўртасида ўзаро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади деб таъкидлашди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган янги таклифларни ишлаб чиқиш учун экспертлар ўртасида мулоқот кучайтириш зарурлиги таъкидланди.