Ўзбекистон делегацияси Покистонга ташриф буюрди

2017 йил декабр ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори В.И.Норов Покистонга ишчи ташриф билан келди. Ташриф чоғида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Глобал ва Стратегик тадқиқотлар маркази томонидан ташкил этилган «Миллий хавфсизлик сиёсати – Покистон назарида» халқаро конференцияда, шунингдек Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган «Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти» илмий семинарида иштирок этишди.

Бундан ташқари, бош вазир маслаҳатчилари, Фан ва технология вазири, Қуролли кучлар раҳбарияти, Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари кенгаши, Ислом Конференцияси Ташкилоти (КОМСТЕК), Покистон Газета жамияти, ҳамда Покистон Миллий университети фан ва технологиялар қўмитаси доимий координатори аъзолари билан учрашувлар ўтказилди.

Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, «2017-2021 йиллар учун ҳаракатлар стратегияси» ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси асосида амалга оширилган чора-тадбирлар натижалари Покистоннинг эксперт доираларида катта қизиқиш уйғотди. Тадбир чоғида республикада ўтган давр мобайнида ўтказилган бир қатор сармоявий ва экспорт салоҳиятини фаол ривожлантириш, шунингдек, жамият ва давлатни иқтисодий жадал модернизациялаш йўлида қабул қилинган қарор ва ислоҳатлар ҳақида қисқача маълумотлар келтирилди.

Музокаралар давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича самарали фикр алмашилди. Жумладан, минтақадаги хавфсизлик масалалари, Афғонистон муаммосини ҳал этишда ёрдам бериш, кўп томонлама транспорт коридорларини яратиш, шунингдек, икки мамлакатнинг бизнес ва илмий жамоалари ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида гапирилганда, иштирокчилар қуйидаги омилларни таъкидлаб ўтишди: а) кам харажатли ишлаб чиқариш; б) кучли ички бозор; c) МДҲ мамлакатлари бозорларига бож олинмайдиган эркин фойдаланиш йўли орқали чиқиш; д) Евро-Осиё мултимодал алоқа тизимига интеграциялаштириш.

Тадбир якунида икки мамлакат етакчи таҳлилий тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни форматини кенгайтириш, шунингдек, CМТИ ва Фан ва Технология (НТНУ) Миллий университети ҳамкорлик меморандуми имзолаш масалалари келишиб олинди.