Демократик давлатни барпо этишда парламентнинг тутган ўрни

Мамлакатимизда ўтиб бораётган ҳар бир кун бизни ривожланган демократик давлат ва очиқ фуқаролик жимияти сари яқинлаштираётган қадам сифатида тарихга муҳраланяпти. Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловлар бир неча асосларга кўра алоҳида тарихий аҳамиятга эга.

Биринчидан, мамлакат парламентининг палаталари ва маҳаллий Кенгашлари таркибида янги авлод депутат ва сенаторлари шаклланади. Янги генерация зиммасига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ривожлантириш ҳамда жамият ҳаётида парламентнинг нуфузи ва ролини сифат жиҳатидан ошириш вазифаси юкланади.

Иккинчидан, бўлажак сайловлар Ўзбекистондаги чуқур демократик ислоҳотлар ортга қайтмайдиган тус олганини аниқ ва ишончли равишда намойиш қилиши керак. Қолаверса, бугунги жараёнларни халқимизнинг сиёсий маданияти ва иродасини синовдан ўтказувчи имтиҳон ҳам дейиш мумкин.

Кейинги йиллар мобайнида мамлакатимизда кенг кўламли, дунё миқёсида эътироф этилган ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат бошқарув тизими,  инсон ҳуқуқлари, иқтисод ва ижтимоий соҳаларда мисли кўрилмаган ўзгаришларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Халқаро майдонда Ватанимиз янги қиёфага эга бўлди, унинг жаҳондаги обрўйи ва мавқеи салмоқли равишда ортди. Энг муҳими, халқимизнинг сиёсий онги ва фаоллиги, мустаҳкам ижтимоий позицияси ва бўлаётган ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси ортди.

Давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг роли кучайтирилди, мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсатидаги муҳим вазифалар, халқ ва ҳудуд вакилларининг ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш ваколатлари янада кенгайтирилди. Олий Мажлис палаталари фаолиятидаги энг муҳим ўзгариш шундан иборатки, парламент, яъни сенаторлар ва депутатлар қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, ҳудудларга тез-тез ташриф буюриб, одамларнинг турмуш даражасини ўрганиб, тизимли таҳлиллар олиб бориб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишмоқда. Сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги роли кучайтирилди.

Эътиборли жиҳати, қонун ҳужжатларига кейинги йилларда киритилган ўзгартишларга мувофиқ, парламентга Ҳукумат аъзолигига номзодларни тасдиқлаш учун кўриб чиқиш ваколати берилди. Янги тартибга биноан, номзод Қонунчилик палатасига келажакдаги мақсад ва вазифаларга эришиш учун иш режаларини тақдим этиши керак.

Бундан ташқари, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш, ёшлар, оила ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан Парламент комиссиялари тузилди, улар миллий ва халқаро ҳамкорлик доирасидаги долзарб масалаларни очиқ муҳокама қилишда фаол иштирок этмоқдалар.

Шунингдек, Давлат дастурида белгиланган вазифалар доирасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатасида Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.

Қолаверса, турли вазирлик ва идораларнинг мақсадли дастурларга эришишни таъминлаш юзасидан олиб бораётган фаолияти махсус ишлаб чиқилган мезонлар орқали паламент томонидан баҳолаб борилмоқда. Бу жараённинг муҳим жиҳати шундаки, фаолияти қониқарсиз деб топилган вазирлик ва идора раҳбарияти лавозимига лойиқ ёки лойиқ эмаслиги юзасидан парламент давлат Раҳбарига маълумот киритиш ваколатига эга бўлди.

Ватанимиз Президенти муҳтарам Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 21 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисидаги нутқида жамиятни барқарор ривожлантириш, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтириш, ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашга оид мулоҳазалар илгари сурилди, шу жумладан, парламентнинг жамиятда тутган ўрни ва таъсирини ошириш ҳақида концептуал характерга эга бўлган теран фикрлар баён этилди.

Унда энг муҳим масалалар қаторида, парламент назоратини кучайтириш вазифаси қўйилди. Президентимиз таъкидлаганидек, бугун сенатор ва депутатлар, маҳаллий Кенгашлар ҳеч бир ижтимоий, сиёсий, иқтисодий масаладан ўзларини четга ололмайдилар. Халқ вакилларининг ижро ҳокимияти фоалияти устидан парламент назоратини кучайтириш, қонунлар ва халқаро мажбуриятларни бажарилишини тизимли мониторинг қилиш орқали, мамлакатимиз тараққиётини таъминлашдаги ўрни ва роли тобора ортиб бориши зарур.

Жамиятимиз бугунги кундаги ривожининг энг муҳим, ҳеч бир муболағасиз, ҳал қилувчи масалалардан бири – бу мамлакатимизнинг барча даражадаги вакиллик органлари томонидан ҳукумат, ижро ҳокимияти идоралари устидан парламент, депутатлик назоратини амалга ошириш, уни сифат нуқтаи назаридан янги поғонага кўтаришдир.

Савол туғилиши мумкин: нима учун бу масалага шундай катта эътибор берилмоқда?

Гап шундаки, мамлакатимиз олдида турган стратегик мақсадга, яъни замонавий, демократик жамият, жадал суратлар билан ривожланаётган бозор иқтисодиётини барпо этиш ва шу аснода аҳолининг турмуш даражасини ривожланган давлатлар даражасига кўтаришга эришиш учун чуқур сиёсий модернизация жараёнини амалга ошириш зарур.

Халқаро тажриба шуни яққол кўрсатдики, жадал иқтисодий ўсиш, ишбилармонликни ривожлантириш, қолаверса, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун, замонавий сиёсий тузилма, мулкчилик ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, қонун устуворлиги ва барчанинг қонун олдида тенглигини таъминлаш даркор. Бошқача айтганда, эркин бозор иқтисодиёти демократик, ҳуқуқий давлатни талаб қилади.

Модернизация умумбашарий жараёндир ва унинг муаян белгилари бор. Биринчи навбатда, замонавий жамият доимий иқтисодий ўсиш, инновацион қайта ишлаб чиқаришни таъминловчи ва субъектив омилларга боғлиқ бўлмаган ички механизмларга эга. Бу механизмлар ичида энг муҳимларидан бири – ҳокимиятнинг уч тармоғи – ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти – ўртасида бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш тизимидир.

Жамият тараққиётининг даражаси бошқа жиҳатлар билан биргаликда мамлакат ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал этишда фуқароларнинг қанчалик иштирок этиши билан ҳам белгиланади. Чунки инсон фақатгина ривожланишнинг объекти эмас, балки субъектидир. У ижтимоий тараққиётнинг мақсадигина бўлиб қолмасдан, балки бундай тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи, ўсиш воситаси ва унинг ҳал қилувчи омилидир. Шу сабабли жамият, минтақа, яшаш жойидаги жамоа ҳаётига оид қарор қабул қилиш жараёнида инсоннинг тўғридан-тўғри иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш тараққиётни белгиловчи муҳим мезонлардан бири ҳисобланади. Бошқача айтганда, гап аҳолининг сиёсий фаоллиги ҳамда умумдавлат даражасидан тортиб маҳаллий миқёсгача, яни барча даражалардаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал этишда роли ўсиб бориши ҳақида бормоқда.

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, давлат ҳокимиятининг аҳоли олдида жавобгарлиги ва унинг фаолиятини транспарентлиги, яъни шаффофлиги, очиқлигини таъминламай туриб ҳеч қандай ривожланиш бўлмайди. Айнан шу вазифани биринчи навбатда парламент бажариши керак. Парламент назорати орқали ҳалқ вакиллари хокимият ишидаги ошкораликни ва ҳукуматни сайловчилар олдида ҳисоботдорлигини таъминлайдилар. Шу билан улар ҳукумат фаолияти самарадорилигини оширишга, ижро хокимияти ўз ваколатларини суистеъмол қилишининг олдини олишга ҳамда олиб борилаётган сиёсат ҳалқ орзу-истакларига мос келишига муҳим ҳисса қўшадилар.

Бугунги кунда парламент назорати эътиборидан четда қолган соҳа қолмади, дейиш мумкин. Илгари ҳавфсизлик, ташқи сиёсат масалалари тўлалигича ижро ҳокимиятининг мутлақ ваколати эди. Эндиликда эса парламентнинг иштирокисиз бу соҳалардаги фаолиятни самарали бўлиши мумкин эмас деган ёндашув исбот талаб қилмайдиган аксиома сифатида қабул қилинмоқда.

Парламент назоратининг энг муҳим йўналишларидан бири бу ҳукуматни солиқ тўловчилар маблағини сарфлаш борасидаги жавобгарлигини таъминлаш, ножўя сарфлаш ва талон-тарож қилишни фош этиш ва олдини олиш ҳамда шу орқали ҳокимият фаолиятининг иқтисодий ва молиявий нуқтаи назардан самарадорлигини оширишдир. Айнан парламент томонидан олиб бориладиган назорат ҳокимият фаолитига нисбатан ошкораликни такомиллаштириш ва шу орқали хукуматга жамият ишончини оширишга ҳизмат қилади. Бу эса ўз навбатида хокимият фаолияти самарадорлигининг энг муҳим омилидир.

Яна бир муҳим жиҳат – мамлакат йиллик бюджетини тасдиқлаш жараёни парламент фракциялари ва қўмиталарида ойлаб муҳокама қилиниб, жиддий фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилмоқда. Энг муҳими, буюджетни фақат тасдиқлашгина эмас, унинг ижросини таъминлашни назорат қилиш ҳам парламентнинг муҳим вазифаларидан бирига айланди.

Бири-бирини тийиб туриш ва мувозанатни ушлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида парламент аъзолари расмий шахсларга у ёки бу масала бўйича тушунтириш беришни талаб қилиб депутатлик ёки сенаторлик сўрови билан мурожаат қилиш ҳуқуқидан фаол фойдаланмоқдалар. Ҳар икки палатанинг парламент қўмиталари қонунчилик жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлибгина қолмай, балки ички қонунчилик ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари имплементацияси мониторингини олиб бориш ҳуқуқига эгадирлар. Ўз моҳиятига кўра, бу Ҳукумат муассасалари фаолияти парламент томонидан назорат қилиниши ҳуқуқи амалга оширилишини англатади. Тегишли давлат органлари қўмиталарнинг қарорларини қисқа муддатларда кўриб чиқишлари ва қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот беришлари шарт.

Қайд этиш лозимки, ҳокимият тармоқлари ўртасида бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш тизимини барпо этиш фақатгина марказий органлар билан чекланмайди. Демократия чиндан ҳам илдиз отиши учун бу жараён жойларда, минтақаларда ҳам таъминланмоғи лозим. Айниқса, халқ депутатлари махаллий Кенгашлари бу борада алоҳида муҳим роль ўйнамоғи зарур.

Ватанимизда ислоҳотлар ортга қайтмайдиган, барқарор, изчил тус олаётганининг энг ёрқин кўринишларидан бири – бу халқ депутатлари махаллий Кенгашларининг жамиятимизда тутган ўрни ўзгариб боришида кўринмоқда.  Бугун мамлакатимизда барча даражадаги 213 та маҳаллий Кенгашда 6500 га яқин депутат фаолият кўрсатмоқда. Бу катта куч ва мамнуният билан таъкидлаш лозимки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сезиларли равишда фаоллашуви кўзга ташланмоқда. Депутатларнинг онги, уларнинг сиёсий фаоллиги ва гражданлик позицияси ҳар томонлама ўзгариб, Кенгашлар ишининг ташкил қилиниши ва уларнинг роли янги характерга эга бўлмоқда.

Маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги доимий комиссиялари фаолиятида, раҳбарларнинг масъулиятини оширишда депутатлар корпусининг ролини кучайтиришга, ижро этувчи ҳокимият органлари устидан назоратни такомиллаштиришга қаратилган чоралар амалга оширилмоқда. Вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида ижро этувчи ҳокимият ҳудудий органлари раҳбарларининг ишига доир ҳисоботларини эшитиб бориш амалиёти жорий этилмоқда.

Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман даражасидаги Кенгашлари ташкил қилинди. Натижада пойтахт аҳолиси ўз вакиллари – депутатлар орқали шаҳар туманларини бошқаришда қатнашиш имкониятига эга бўлдилар.

Жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал қилишда халқ депутатлари Кенгашларининг роли ошди. Маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш учун шаффоф ва ошкора амалга ошириладиган сифат жиҳатидан янги тизим яратилди.

Қайд этилган ислоҳотлар парламентнинг мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларда фаол иштирок этиши учун етарлича асослар мавжудлигини яққол кўрсатади.

 

С.Сафоев

Ўзбекистон Республикаси

Сенати раисининг биринчи ўринбосари