ФУҚАРОЛАРНИНГ САЙЛОВ ҲУҚУҚЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯЛАШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган ва жаҳонда том маънода янги қиёфада намоён бўлаётган Ўзбекистон муҳим сиёсий воқелик – Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов арафасида турибди.

Ҳам миллий, ҳам халқаро экспертлар томонидан янги Ўзбекистондаги янги сайлов сифатида талқин этилаётган мазкур жараён мамлакатни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг устувор йўналишлардан бири бўлган инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг бенуқсон ва самарали ишлашини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Инсон ҳуқуқлари одамларнинг интилишлари, орзу-умидларини ўзида жамлаган кенг қамровли тушунча бўлса, фуқаронинг сиёсий ҳуқуқлари унинг ажралмас қисмидир. Сиёсий ҳуқуқларни таъминлаш эса, аввало, очиқ ва ошкора ташкил этиладиган сайловларда намоён бўлади.

Сайлов халқ ҳокимиятчилигининг тимсоли бўлиб, жамият аъзоларининг, сайловчи – фуқаронинг манфаатини, қолаверса, халқнинг сиёсий маданиятини, ижтимоий адолат, қонунийлик, тенглик каби тамойилларнинг амалдаги ифодасини намоён этади.

Мамлакатимизда эркин, адолатли сайлов ўтказиш демократик қадриятларни қарор топтиришнинг энг муҳим омилларидан бирига айланган. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади.

Ҳақиқатан ҳам замонавий демократик ҳуқуқий давлатнинг сиёсий ҳаётида сайловнинг аҳамияти беқиёс. Сайлов ҳуқуқи ҳар бир фуқаронинг мамлакат ҳаётида, унинг бошқарувида фаол иштирок этишига қаратилган бўлиб, инсон ҳамда жамият ва давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун шароит яратиб беради.

Асрлар мобайнида такомиллашган сайлов ҳуқуқи соҳасидаги қоида ва стандартлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТ Сайловларни халқаро кузатиш принципларининг декларацияси каби қатор халқаро универсал ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган.

Жадал ривожланаётган, очиқ ва демократик давлатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 60 дан ортиқ асосий ҳужжатга қўшилган, БМТ томонидан бу соҳада қабул қилинган олтита асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланган.

Сайловга доир миллий қонунчилигимизнинг негизи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги фуқароларнинг сайлов ҳуқуқига оид алоҳида бўлимда сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартлар мукаммал акс этган.

Конституциямизнинг 32-моддасига мувофиқ фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Асосий қонунимизнинг 117-моддаси фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини, сайловларнинг умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилишини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган нормалар сайлов ҳуқуқини рўёбга чиқаришга қаратилган ўндан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинишига асос бўлди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Қонунчилик жараёни ижтимоий воқеликнинг таркиби сифатида давр билан ҳамнафас янгиланиб борар экан, Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги ҳам ушбу ҳаёт қонуниятига мос тарзда, тадрижийлик асосида ривожланиб, йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда.

Сайлов қонунчилигидаги нормаларнинг тарқоқ, баъзан бир-бирини такрорловчи қоидалардан иборатлиги, айрим муҳим масалалар қонун билан эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг ҳужжатлари билан тартибга солинганлиги қатор ноқулайликларни келтириб чиқариб, сайловга оид қоидаларни яхлит ҳужжат шаклида қабул қилиш заруратини туғдирди.

Шу нуқтаи назардан, Давлатимиз раҳбари 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган илк Мурожаатномасида сайлов қонунчилигига ҳақида алоҳида тўхталиб, халқаро норма
ва стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Ушбу ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланди.

Лойиҳани ишлаб чиқиш давомида 20 дан ортиқ давлат, жумладан, Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Туркия каби мамлакатлар тажрибаси ҳамда ушбу соҳадаги халқаро стандартлар пухта ўрганиб чиқилди, 10 дан ортиқ халқаро ҳужжатларнинг асосий ғоялари лойиҳага чуқур сингдирилди.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, МДҲ Ижроия қўмитаси, Сайлов органлари бутунжаҳон ассоциацияси каби қатор нуфузли халқаро ташкилотларнинг тавсиялари лойиҳада
ўз аксини топди.

Кенг муҳокама ва экспертизалардан сўнг 2019 йил 25 июнда 18 боб ва 103 моддадан иборат Сайлов кодекси қабул қилинди ва амалга киритилди. Шу муносабат билан ушбу соҳага оид 30 га яқин қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотиб, уларда акс этган барча нормалар янги қабул қилинган Кодексда унификация қилинди.

Сайлов кодексининг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда сайлов жараёнларининг янада демократик тарзда ва ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлади.

Хусусан, Кодекснинг 7-моддасида яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган шароитларни яратиш орқали таъминланиши қатъий белгилаб қўйилди.

Имконияти чекланган шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши мумкинлиги, овоз бериш хоналари ёруғ ва кенг бўлиши, алоҳида кириш ва чиқиш жойи ташкил этилиши, жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш шартлиги ва бошқа муҳим қоидалар қайд этилди.

Аввалги қонунларда озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда қатнашмаслиги белгиланган бўлса, янги кодексга асосан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этгани учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайлов ҳуқуқи вужудга келди.

Марказий сайлов комиссиясининг озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкаларини тузиш, овоз беришни ташкил этиш тартибини белгилашга қаратилган алоҳида қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш вазифаси давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари зиммасига юклатилган.

Ўз навбатида, сайлов ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмининг таркибий ва ҳал қилувчи қисмларидан биридир.

Сайлов кодексига мувофиқ сайлов комиссияларининг қарорлари устидан юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан эса Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғри-сидаги кодексида сайловни ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни назарда тутувчи алоҳида боб ўрин олган.

Хусусан, Марказий сайлов комиссияси, сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга, ушбу комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик, мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш ёки кўриб чиқиш муддатини узрли сабабларсиз бузиш эса энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг сайлов қонунчилиги бузилганлиги ҳақидаги мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солинади.

Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатларига доир низолар, сайловни ўтказиш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар Ўзбекистон Республикасининг маъмурий судлари томонидан кўриб чиқилади. Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоят суд томонидан аризачини ва тегишли сайлов комиссиясининг вакилини, шунингдек прокурорни, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни ҳам чақирган ҳолда кўриб чиқилиши, бироқ бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмаслиги белгилаб қўйилган.

Фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири ҳисобланган сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи жиноят қонунчилиги билан ҳам ҳимоя қилинади.

Жумладан, сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳамда сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакиллар ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш каби ҳаракатлар учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146 ва 147-моддаларида жиноий жавобгарлик белгиланган.

Сайлов жараёни иштирокчилари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, овоз бериш бюллетенларига ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш каби ҳаракатлар жиноий қилмиш сифатида баҳоланади.

Овоз бериш яширинлигини бузиш сайлов участкасида сайловчи кимга овоз берганини аниқ билиб олиш имконини берувчи шароитни яратиш, жумладан овоз бериш хоналарини белгиланган тартибда жиҳозламаслик, уларда бегона шахсларнинг иштирок этиши, тўлдирилган бюллетенларни қонуний асосларсиз кўриб чиқиш каби ҳаракатларда намоён бўлади.

Сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш эса асл ҳужжатларга ҳақиқий бўлмаган ёзувлар ёки ўзгартиришлар киритиш ёхуд сохта ҳужжат тайёрлаш каби ҳаракатларда акс этади.

Била туриб овозларни нотўғри ҳисоблаш номзодларни ёқлаб ёки уларга қарши берилган овозлар ҳисобини онгли равишда атайлаб кўпайтириш ёки камайтиришдан иборатдир.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 147-моддасида сайлаш, сайланиш ва сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқини рўёбга чиқаришга, ишончли вакилларнинг ўз ваколатларини эркин амалга оширишига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш, оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сайловга оид қонунчилик талабларини бузганлик учун белгиланган жавобгарлик чоралари, аввало, мазкур муҳим сиёсий тадбирнинг қонунга қатъий амал қилган ҳолда ўтказилишини таъминлашга, бу жараёнда ҳар қандай қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.

Айнан шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ривожланган демократик давлатларда ҳам сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд.

Масалан, Германия, Швейцария, Нидерландия каби давлатларда сайловни ўтказишга зўравонлик ёки қўрқитув йўли билан тўсқинлик қилиш, сайлов ҳужжатларини сохталаштириш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарлик мустаҳкамлаб қўйилган.

Бинобарин, мамлакатимизда сайловларни ташкил этиш, фуқароларимизнинг сайлов ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш бўйича яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асос, шубҳасиз, жорий йилги сайловларни мутлақо янги сиёсий шароитда, партиялараро кучли рақобат асосида, ғоялар ва дастурлар курашига бой вазиятда бўлиб ўтишида кучли пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Ўз навбатида, давлат ва жамият ҳаётида кечаётган ўзгаришлар ва демократик жараёнларнинг ўзига хос кўзгуси бўлган сайловларнинг нечоғлиқ муваффақиятли ўтиши мазкур ҳуқуқий кафолатларнинг амалда таъминланиши, сайлов ҳуқуқлари сўзсиз рўёбга чиқарилишига боғлиқдир.

Бунинг учун нафақат сайлов комиссиялари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки ўзи, оиласи, қолаверса, эл-юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро муҳим сиёсий тадбир ҳисобланган сайловга масъулият билан ёндашиши зарур.

 Ниғматилла Йўлдошев,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори