САЙЛОВ КОДЕКСИНИНГ ЯРАТИЛИШИ, ТУЗИЛИШИ ВА ЯНГИЛИКЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларидан иборат бўлсада, афсуски, ҳанузгача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганлигини таъкидлаб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйган эдилар.

Бинобарин, амалдаги сайлов қонунчилиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим мураккабликларни келтириб чиқараётган эди. Аниқроқ қилиб айтганда, бунга сайлов жараёнини ташкил этиш ва ўтказишнинг аксарият тартиб-таомиллари тарқоқ ҳолда бир нечта қонунлар билан тартибга солинганлиги, аксарият қоидаларнинг такрорланиши, шунингдек айрим ўта муҳим масалалар қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан белгиланганлиги улар ўртасида баъзи номувофиқлик ва қарама-қаршиликларни вужудга келтираётган эди.

Энг илғор халқаро стандартлар асосида, қисқа фурсат ичида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Мазкур кодекс тарқоқ ҳолдаги 5 та қонун (“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб низом ва йўриқномаларини ягона қонун ҳужжатида мужассам этди.

Қайд этиш жоизки, Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда 50 дан ортиқ илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилди. Айни пайтда, хорижий мамлакатлар сайлов қонунчилиги ва тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда 40 га яқин давлатда, хусусан Франция, Бельгия, Бразилия, Беларусь ва Озарбайжон каби давлатларда сайлов кодекслари қабул қилинган.

Эътиборли жиҳати шундаки, илк бор Сайлов кодекси халқаро экспертизадан ўтказилди. Халқаро ташкилотларнинг экспертлари иштирокида 2018 йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди. Европадаги хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси каби халқаро ташкилотлар томонидан кодекс лойиҳаси ўрганилиб, тавсиялар берилди.

Шу асосда тайёрланган Сайлов кодекси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 25 июнь куни имзоланди ва расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

18 боб, 103 моддадан иборат бўлган Сайлов кодекси илгари сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган янги тартиб ва қоидалар билан янада такомиллаштирилди. Хусусан:

  1. Сайлов участкалари билан боғлиқ ўзгаришлар.

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Бу эса, сайловларни ўтказиш ва ташкил этишда холислик тамойилининг ҳаётга татбиқ этилганидан далолатдир.

Шунингдек, участка сайлов комиссияларининг овоз бериш жараёни тугагандан кейин амалга оширадиган аниқ ҳаракатлари (овозларни санаш, баённомаларни тузиш, округ сайлов комиссиялари билан ўзаро алоқалари ва х.к) қонун даражасида мустаҳкамланди. Илгари бундай нормалар Марказий сайлов комиссиясининг ҳужжатларида акс этган эди.

Шу билан бирга, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида муҳокама этиладиган ва тавсия этиладиган участка сайлов комиссиялари аъзолари номзодлари бўйича жамоат бирлашмалари ва ташкилотларининг таклифлари олиниши тартиби ўрнатилди. Натижада, комиссия фаолияти янада халқчил аҳамият касб этиши таъминланди.

Маълумки, илгари Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда, ягона сайлов участкасини тузиш тартиби қонунчиликда белгиланмаган эди. Сайлов кодексида мазкур масалалар ўзининг ҳуқуқий ечимини топди. Эндиликда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи ягона сайлов участкалари тузиш тартиби ўрнатилди.

Участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни, хоналарни ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар қонун даражасида белгиланди.

 

II. Номзодлар билан боғлиқ ўзгаришлар.

Маълумки, илгари халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар ва  фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эга эди. Эндиликда, Сайлов кодексига мувофиқ, номзодларни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан кўрсатиш тартиби бекор қилинди. Мазкур янгилик маҳаллий Кенгашларда партиявий ёндашувни кучайтиришга хизмат қилади.

Киритилган яна бир муҳим ўзгаришлардан бири номзодлар ишончли вакилларининг мамлакатимиз бўйлаб сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланиши тартиби жорий этилганлигидир. Бу ишончли вакилларнинг ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришига хизмат қилади.

Шу билан бирга, эндиликда сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиши мумкин. Авваллари эса, сиёсий партиянинг бундай қарори сайловга кечи билан беш кун қолганда бекор қилиниши мумкин эди. Ушбу ҳолат сайлов кунига яқин тиғиз пайтда бирмунча мураккабликларни келтириб чиқарар эди.

Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши белгиланди. Аввалги амалиётда, сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланар эди. Бу эса, номзодларга тенг имкониятларни таъминлашга тўсқинлик қилар эди.

Яна бир бир муҳим жиҳат. Вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар (аввал 3 нафар эди) ишончли вакилга эга бўлиш тартиби йўлга қўйилди. Ишончли вакиллар сонининг ошганлиги сайлов кампаниясини ўтказиш, сайловолди ташвиқотлари олиб бориш, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалашда қулайликлар яратади.

III. Овоз бериш билан боғлиқ бўлган ўзгаришлар.

Мазкур йўналишдаги ўзгаришларда, аввало, сайлов бюллетенидаги бўш квадрат ичига сайловчилар томонидан номзодга ёқлаб овоз беришда бир қанча белгилар (+, √, Х) қўйиш имконияти яратилганлигида кўришимиз мумкин. Бу сайловчиларга янада қулайлик яратишга қаратилган амалиётнинг татбиқ этилганлигидан далолатдир.

Муддатдан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун мўлжалланган сайлов бюллетенини жорий қилиш билан “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланлиги ва сайловчилар ягона электрон рўйхатининг амал қилиш механизми тартибга солинганлиги ҳам эътиборга молик жиҳатлардандир.

Илгари сайлов куни овоз бериш вақти 06:00 да бошланар ва участка сайлов комиссияси аъзоларига муайян қийинчиликлар туғдирар эди. Сайлов куни овоз бериш вақти 08:00 дан 20:00 гача этиб белгиланлиги комиссия аъзолари ва сайловчилар учун ҳам қулайлик яратди.

Шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши билан боғлиқ қоидаларнинг киритилиши Сайлов кодексининг халқчил ҳужжат эканлигидан далолатдир.

Таъкидлаш жоизки, авваллари овоз бериш кунига қадар уч кун ичида жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этишга (эълон қилишга), шу жумладан уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғига) жойлаштиришга йўл қўйилмас эди. Энди эса, ушбу ҳаракатлар фақат сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин амалга оширилмаслиги қоида тариқасида киритилди.

Қолаверса, сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши жорий қилиниб, имконияти чекланган шахсларнинг сайловга оид конституциявий ҳуқуқлари кафолатланди.

IV. Сиёсий партиялар билан боғлиқ ўзгаришлар.

Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда сайловчиларга бир қанча партияларни ёқлаб имзо қўйиш имконияти берилди. Илгари мавжуд бўлган бир сайловчининг фақатгина бир сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб имзо бериши мумкинлиги ҳақидаги қоида турли сиёсий партияларга имзо тўплаш жараёнида муайян маънода мураккабликлар келтириб чиқарар эди.

Айни пайтда, сиёсий партиялар ўзларининг сайловда иштирок этишини молиялаштириш тўғрисидаги ахборотни сайлов якунлари эълон қилинганидан кейин бир ой ичида ўз расмий веб-сайтларида
ва босма нашрларида эълон қилиши қонун даражасида белгиланди. Илгари мазкур тартиб мавжуд эмас эди. Бу эса, сайлов жараёнлари янада шаффоф ўтишига замин яратади.

Яна бир янгилик шундан иборатки, авваллари имзо варақаларидаги имзолар сохталаштирилган тақдирда, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг сайловда қатнашиш ҳуқуқини рад этиши белгиланган эди. Янги тартибга кўра, Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида қонун бузилиш ҳолати аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади. Унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади.

V. Бошқа ўзгаришларни ҳам кўриш мумикин.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини юритиш тартиби белгиланди. Бу эса, бир сайловчининг бир нечта рўйхатларда назарда тутилишини олдини олиб, бир сайловчи бир овозга эга бўлишини тўлиқ таъминлайди.

Сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатилиши белгиланди. Илгари бундай норманинг аниқ белгиланмаганлиги бу борада турли чалкашликларга олиб келар эди.

Сайлов округларини тузишдаги янгиликлардан яна бири шуки, эндиликда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп чегарасининг четга чиқиши ўн фоиздан ошмайди. Бу эса, сайловчиларнинг барча округларда тенг тақсимланишига замин яратади.

Айни дамда, жойларда Сайлов кодексига киритилган янги қоидалар билан барча даражадаги сайлов комиссияси аъзолари ва ишчи гуруҳларини яқиндан таништириш лозим. Шу билан бирга, кодекс қоидаларини журналистлар томонидан ёритиш бўйича учрашувлар, туркум кўрсатувлар тайёрлаш айни муддаодир. Шу билан бирга, сайлов жараёнларини бошқаришнинг ахборот тизимида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳам долзарб вазифалардан биридир.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси мамлакатимизда халқаро норма ва стандартларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, сайловга оид қонунчилик нормаларининг унификациясига, номувофиқлик ва коллизияларнинг бартараф этилишига, энг муҳими фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлашга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.

Валишер Давлятов

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари

институти бўлим бошлиғи