«Ишончли хавфсизлик тизими ва манфаатларга мос савдо» – Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТ резолюциясининг аҳамияти қандай?

БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида Шавкат Мирзиёев таклиф қилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича резолюция бир овоздан маъқулланди. Бундай конструктив ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши – хавфсизликнинг ишончли тизимини яратишга ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий муносабатларни минтақа мамлакатлари манфаатларига мос равишда барпо этишга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил июлда Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда икки минтақа ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича резолюция қабул қилиш ташаббусини билдирган эди. БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этилган ҳужжатда икки минтақа ўртасидаги мулоқотнинг умумий ёндашувлари, асосий тамойиллари ва йўналишларини ҳужжатда мустаҳкамлаш таклиф қилинди. БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида Ўзбекистон томонидан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича тайёрланган резолюция бир овоздан маъқулланди ва унга дунёнинг турли минтақаларидан 40 мамлакат ҳаммуаллифлик қилди.

Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти мутахассислари Алишер Қодиров ва Сарвар Камоловлар Kun.uzʼга тақдим қилган мақоласида ушбу резолюциянинг аҳамияти борасида сўз боради.

«Ҳужжат халқаро ҳамжамият кўпчилик аъзоларининг фикрини ўзида акс эттиради ва унинг минтақалараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш, жумладан, минтақалар ўртасида алоқаларни ўрнатишда Афғонистоннинг ролини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, савдо-иқтисодий алоқалар самарадорлигини ошириш, транспорт ва транзит коридорларини ривожлантириш каби соҳалардаги фаолиятини кучайтиришга қаратилган.

Қарорнинг қабул қилинишини нафақат Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, балки бутун халқаро ҳамжамият учун тарихий воқеа сифатида таърифлаш мумкин. Бунинг маъноси шундан иборатки, у биринчи марта бугунги шароитда глобал минтақалараро ривожланиш стратегияси ва дастурларини узоқ муддатли асосда амалга ошириш учун қонуний равишда таъминланди ва қўшимча имкониятлар очди.

Иккинчидан, икки минтақа мамлакатлари дипломатик муносабатлар тарихида ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйди, буни уларни бирлаштириш жараёнидаги дастлабки қадамлар деб аташ мумкин. Давлатлар минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ўз мамлакатлари, халқлари тараққиёти учун барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини тасдиқлади», - дейди муаллифлар.

Резолюция Марказий Осиё ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ва глобал таҳдидларни ҳал қилишда мувофиқлаштирилган ёндашувига айланди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати халқаро ҳамжамиятнинг юксак эътирофи ва қўллаб-қувватланишини ифода этади ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқич бўлади.

«Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашнинг долзарблиги минтақалар мамлакатларининг ўсиб бораётган иқтисодий алоқалари нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятга эга саналади.

Коронавирус пандемияси, шунингдек, товар ва хизматларнинг глобал таъминот занжиридаги сўнгги туб ўзгаришлар замонавий дунёда ушбу тенденцияни, шунингдек турли таҳдидларга қарши биргаликда жавоб беришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш учун кенг халқаро ҳамкорлик механизмларини кучайтириш зарурлигини яққол кўрсатди.

Замонавий халқаро муносабатларнинг яна бир тенденцияси бу – самарали ва мослашувчан таъминот занжирларини яратиш ва йирик саноати ривожланган мамлакатлар билан савдога ҳаддан ташқари қарамлик хавфини камайтириш мақсадида минтақавий асосда қўшни давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш саналади.

Минтақалараро ҳамкорликка бўлган талаб янги савдо бозорларини ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар экспортини кўпайтириш, энергия ва бошқа хомашёларни узлуксиз етказиб беришни таъминлаш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш каби омиллар билан белгиланади.

Экология, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги, назоратсиз миграция, терроризмга қарши кураш, наркотрафик соҳасидаги янги трансмиллий таҳдидлар кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришни талаб қилади.

Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳим масаласидир. Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги транспорт-логистика соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришдан мақсад, биринчидан, ташқи иқтисодий фаолликни оширишга имкон берадиган транспорт-иқтисодий йўлакларни яратиш, иккинчидан, қисқа йўналишлар бўйича товарлар ва маҳсулотларни ташиш учун умумий минтақалараро бозорни шакллантириш, учинчидан Афғонистоннинг халқаро транспорт йўлаклари фаол интеграциялашуви саналади.

Ўзбекистон Президенти Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида кўриб чиқишни ва унга бутунлай янгича қараш лозимлигини – ҳудудидан тинчлик ва барқарорликка таҳдид соладиган мамлакат сифатида эмас, балки яқин ҳамкор ва қўшни давлат сифатида қарашни таклиф қилди.

Афғонистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик, бу мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик транспорт, энергетика, савдо соҳасида трансминтақавий лойиҳаларни йўлга қўйиш, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш имконини беради».

Ўзбекистоннинг конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш сиёсатини янада илгари суриши – Марказий ва Жанубий Осиёда биргаликда ривожланиш маконини, хавфсизликнинг ишончли тизимини ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий муносабатларни минтақа мамлакатларнинг манфаатларига мос равишда барпо этишга хизмат қилади.

«Юқоридаги омилларни умумлаштирган ҳолда шуни айтиш мумкинки, БМТ резолюциясининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича режаларини амалда амалга ошириш бўлиб, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг барқарорлигини, инклюзив иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича минтақалараро алоқаларни такомиллаштириш ҳамда ушбу минтақаларда яшовчи халқларнинг равнақи ва фаровонлигини янада яхшилаш учун қулай замин яратади», - дейди СМТИ мутахассислари.

Манба