Наврўз байрамининг жамият ижтимоий ҳаётидаги ўрни

Халқимизнинг тарихи, тушунча ва тасаввурлари, асрий анъана ва қадриятларини ўзида мужассам этган Наврўз байрами ер юзидаги энг қадимий байрамлардан бири ҳисобланади. Наврўз — бу уйғониш, янги фаслдан даракдир. Тарихий маълумотларга кўра, ушбу байрам 3 минг йилдан ортиқ тарихга эга.

Асрлар давомида халқимиз томонидан нишонланиб келинадиган энг қадимий ва баҳорий байрамлардан бири бу – Наврўздир. Ушбу байрам замирида халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналари, қадриятлари мужассам бўлиб, мустақиллик йилларида улар қайта тикланди ва янгича тус олди.

Наврўз байрами дунёдаги энг кўҳна байрам саналиб, бир қатор Шарқ халқлари ҳамда Европанинг айрим минтақаларида кенг нишонланиб келинади.

Наврўз байрами – Aфғонистон, Aлбания, Баҳрайн, Эрон, Ҳиндистон, Ироқ, Ливан, Озарбайжон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Сурия, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва РФнинг айрим минтақаларида нишонланади.

Кўплаб тарихий адабиётлар, манбаларда ҳам Наврўз хақида, унинг Шарқ халқлари ҳаётида тутган ўрни хақида бир қатор қизиқарли маълумотлар келтирилган. Жумладан, Aбу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома”, Aбу Бакр Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарлари бунга яққол мисол бўлади.

Ушбу манбаларда ёзилишича, Наврўз байрамининг пайдо бўлиши қуёшнинг ҳамал буржига кириши, тун ва куннинг тенглашуви каби қатор табиат ўзгаришлари билан боғлиқ. Бу эса мазкур байрам чуқур астрономик илмий асосларга эга эканлигини билдиради.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда Наврўз байрами расман 1990 йилдан бошлаб кенг нишонланиб келинади. Шунингдек, ушбу йилдан эътиборан, 21 март куни Наврўз умумхалқ байрами ва дам олиш куни сифатида белгиланди.

Мазкур байрам 2009 йил 30 сентябрда инсоният маданий меросининг ажралмас қисми сифатида ЮНЕСКО томонидан умумжаҳон номоддий маданий мерослар рўйхатига киритилди.

Шунингдек, 2010 йилнинг 19 февраль куни БМТ Бош Aссамблеясининг 64-сессиясида 21 март “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилинди ҳамда Наврўз байрами турли халқлар ўртасидаги маданий алоқалар ва ўзаро ҳамжиҳатликни рағбатлантириш, қўни-қўшничилик муносабатлари, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганидек, сўнгги йилларда “Наврўз ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда”. “Наврўз” байрамининг ижтимоий-сиёсий аҳамиятини қуйидагиларда кўриш мумкин:

Биринчидан, мазкур байрам давлатчилик ҳақидаги қарашларнинг илк куртакларини ўзида акс эттиради. “Наврўз” бу тарихан аждодларимиз удумларини улуғлаб, уни қомусий бир тизимга солган, халқимизнинг жипслашиши ва давлатчилик тушунчаларининг шаклланиш жараёни билан чамбарчас боғлиқдир.

Иккинчидан, “Наврўз” ер юзининг катта ҳудудлари, хусусан Хитойдан то Болқон давлатларига қадар чўзилган минтақада истиқомат қилиб келаётган халқлар томонидан бирдек нишонланувчи байрамдир. Ушбу байрамнинг доимий ва кенг миқёсда нишонланиши дунёнинг бир нечта давлатлари ўртасидаги муносабатларга ижобий таъсир қилади.

Учинчидан, Наврўз асрлар давомида шаклланган анъана ва қадриятларни сақлаш ва келажак авлодга етказишга катта ҳисса қўшади. Бу орқали эса, турли авлодлар ўртасида ўзига хос “авлодлар мулоқоти” шаклланади.

Тўртинчидан, Наврўз умумхалқ байрами сифатида аҳиллик, ўзаро бирдамлик, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларни кучайтириш ва инсонларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, тинчликсеварлик, миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан 2021 йилда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, унда қатнашган респондентларнинг 59%и Наврўзни бир-бирларига совғалар улашиб, гиналарни унутган ҳолда оила, қариндошлар ва дўстлар даврасида нишонлашларини билдиришган.

Респондентларнинг 17% бу кунни шаҳарда сайр қилиш, халқ сайилларида иштирок этиш, маданият ва истироҳат боғларига ташриф буюриш учун жуда мос ҳисобласалар, қолган 12 фоизи уйда байрамона телекўрсатувларни кўриш билан ўтказишини билдирган.

Умуман олганда, сўровда аниқланишича, 89% сўралган фуқаролар Наврўзни Ўзбекистон халқи ҳаётидаги муҳим аҳамиятга эга байрам, деб ҳисоблашади, респондентлар фикрича, у келажакка янги умидлар ва ишонч ҳадя этади.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ўтган йиллар давомида ушбу байрам миллати, дини, урф-одатидан қатъий назар мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатларга мансуб барча ватандошларимиз учун умумхалқ байрамига айланди.

Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, турли миллатлар вакиллари ўртасидаги дўстлик, бағрикенглик муносабатларини мустаҳкамлаб, уларни бир-бирига янада яқинлаштиради, жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлашга хизмат қилади.

Маълумки, Наврўз байрами юртимизда ҳар йили кенг миқёсда нишонланади. Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев “2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ—82-сон қарорни имзолади. Ушбу қарор ижроси бўйича тегишли “Йўл харита”си ҳам тасдиқланди. Унда жумладан, қуйидаги вазифалар белгиланган:

- Наврўз умумхалқ байрамини мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси сифатида, умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда ўтказиш;

- «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида барча шаҳар ва қишлоқларда, овул ва маҳаллаларда умумхалқ ҳашарлари, кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини ташкил қилиш;

- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «Маҳалла — тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир» шиори остида маданий-маърифий, тарғибот тадбирларини ташкил қилиш;

- Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида таниқли ижодкорлар, санъаткорлар, ҳарбий оркестр ва ансамбллар иштирокида «Ватан манзумаси» адабий-маърифий кечаларини юқори савияда ўтказиш;

- шаҳар ва туманлар марказида жойлашган LED экранлар орқали миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилишга мўлжалланган «Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон юртим!» мавзусидаги ижтимоий роликларни кенг намойиш қилиш каби тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Хулоса қилиб айтганда, “Наврўз” — бу асрлар давомида халқимизнинг ижтимоий ҳаётида муҳим ўринга эга бўлган, аҳолининг кундалик турмуш тарзи, эҳтиёжлари ҳамда азалий урф-одатларини ўзида мужассам қилган ноёб байрамдир. Ушбу байрамга давлат даражасида эътибор қаратилиши унинг ижтимоий аҳамияти ҳақиқатдан ҳам юқори эканлигидан далолат беради.

 

М.Рахимов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими

Manba