Ўзбекистон – Германия: тажриба ва ривожланиш истиқболлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи муносабати билан ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти Халқаро муносабатлар маркази раҳбари ўринбосари Санжар ВАЛИЕВ билан суҳбат уюштирди.

– Сиёсий дипломатия ҳамиша иқтисодий ҳамкорликка йўл очган. Айтинг-чи, халқаро майдонда мамлакатларимиз сиёсий қарашлари ва нуқтаи назарининг қайси жиҳатлари ўхшаш?

– Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги муносабатлар юксак даражада ривожланмоқда. Икки томонлама ҳамкорлик тарихида ҳам муаммоли масала бўлмаган. Ҳар икки мамлакат ўзаро муносабатларда муроса тамойилига асосланган.

Германия Федератив Республикаси 1991 йил 31 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган. 1992 йил 6 мартда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Ўтган йиллар мобайнида Германия билан ўзаро ҳамкорлик кенг соҳаларни қамраб олди ва серқирра хусусият касб этди. Олий даражадаги сиёсий мулоқот олиб борилди.

Ўзбекистон билан Германия БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи каби халқаро ташкилотлар доирасида глобал ва минтақавий масалалар бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Тошкент ва Берлин кўплаб масалалар, хусусан, терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича якдил қарашларга эга, бу халқаро майдонда самарали ҳамкорликка йўл очмоқда. Буни қуйидаги омиллар таҳлилида ҳам кўриш мумкин.

Биринчидан, Ўзбекистон ва Германия дипломатиясига хос бўлган асосий жиҳатлар муштарак. Маълумки, Германия ташқи сиёсати изчиллик ва ишончлилик тамойилларига асосланади. Шерикликдаги ҳамкорлик, манфаатлар мувозанатига риоя этиш ушбу давлат дипломатиясига хос хусусиятдир. Ўзбекистон ташқи сиёсати ҳам изчиллиги, масъулиятли ёндашувга эга экани билан ажралиб туради. Бу икки ва кўп томонлама муносабатлар, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш бўйича долзарб масалаларни ҳал этиш имконини беради.

Иккинчидан, бўлинмаслик ва хавфсизлик тамойилига қатъий амал қилган ҳолда халқаро барқарорликни таъминлашда иштирок этиш. Ўзбекистон – Германия сиёсати хавфсизлик тушунчасига асосланади ва комплекс ёндашувга йўналтирилган. Шу боис Ўзбекистон Германиянинг БМТ доирасида тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича фаолиятини эътироф этади, Берлиннинг туб ислоҳот ўтказиш орқали уни мустаҳкамлаш таклифини қўллаб-қувватлайди. Бугунги кунда Германия БМТ донорлари ичида катталиги ҳамда тинчликпарвар аскарлар сони бўйича иккинчи ўринда қайд этилади.

Учинчидан, Германия инсон ҳуқуқларини ўз сиёсатининг устувор жиҳати ва туб манфаати деб ҳисоблаб, уларга риоя этиш бўйича қатъий чоралар кўриб келади. Шу боис Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлат барпо этиш ва қонун устуворлигини таъминлашга оид саъй-ҳаракатлари Тошкентни Берлиннинг минтақадаги муҳим шеригига айлантирмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар эса Германия билан кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга сифат жиҳатдан янги суръат бағишламоқда.

Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Берлинга расмий ташрифи ўзаро ҳамкорлик бўйича тўпланган ижобий тажрибани янада бойитишга хизмат қилади.

– Германиянинг юксак самарали иқтисодиёти янги йўналишлардаги савдо-сотиқни ривожлантиришга бўлган талабни оширмоқда. Ана шундай бир пайтда Германия ва у орқали Европа бозорига қандай товарлар таклиф этиш мумкин?

– Германия тараққий этган индустриал-технологик мамлакат бўлиб, иқтисодиётнинг саноат ва технологик тармоқлари бўйича жаҳонда етакчи давлатлардан бири саналади. Мамлакат товар экспорт қилиш бўйича дунёда тўртинчи, хомашё импорт қилиш бўйича бешинчи ўринда туради. 2018 йилда ЯИМ умумий ҳажми бўйича мамлакатлар рейтингида Германия қарийб 3,3 триллион евро кўрсаткич билан учинчи ўринни, харид қобилияти бўйича ЯИМ ҳажмига қараганда рейтингда бешинчи ўринни эгаллади. Автомобиль, кимё, электротехника, авиакосмик, қурилиш ва озиқ-овқат саноати Германия иқтисодиёти барқарор ўсишини таъминловчи етакчи тармоқлар ҳисобланади.

Мутахассисларнинг фикрича, ички истеъмолнинг ошиши сўнгги йилларда Германия иқтисодиёти ривожланишига туртки бўлган асосий омиллардан саналади. Германия аҳолисининг харажатлари йилига ўртача 2 фоизга ошмоқда. Бу эса, ўз навбатида, истеъмол нархлари ижобий томонга ўзгаришини юзага келтирмоқда.

Шу билан бирга, Германия бозорига кириш осон эмас. Германияда Европа Иттифоқининг тартибга солувчи қоидалари амал қилади ва маълум мезонларга бўйсунади.

Транспорт ва логистика масаласи ҳам алоҳида йўналишлардан биридир. Бугунги кунда Марказий Осиё билан Европа ўртасида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш катта харажат талаб этади. Шу боис, АҚШ, Франция, Нидерландия, Хитой, Буюк Британия, Италия, Польша, Австрия, Швейцария, Бельгия каби мамлакатлар Германиянинг асосий ташқи савдо шериклари ҳисобланади. Германияга қарийб 1,05 триллион евро миқдорида импорт қилинадиган товарлар умумий ҳажмидан 700 миллиард евродан ортиғи Европа Иттифоқи мамлакатларидан импорт қилинган товарлардир.

Ушбу шароитда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги савдо-сотиқ муносабатларини камтарона кўринишга эга дейиш мумкин – 2018 йил январь-октябрь ойлари ҳолатига кўра, ўзаро савдо ҳажми 542 миллион еврони ташкил этган. Бироқ ўзаро товар айланмаси ҳажми юқори суръатлар билан ривожланмоқда.

Мамлакатимиз Германия билан ўзаро савдо алоқалари йўлга қўйган собиқ иттифоқ давлатлари орасида иккинчи ўринни эгаллайди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, товар айланмаси ҳажми 2017 йил билан таққослаганда тахминан 16-20 фоизга кўпайган. Айни пайтда Германия экспорти ва Ўзбекистон импорти ҳажми ҳам ўсган.

Экспертлар Ўзбекистон – Германиянинг савдо-иқтисодий муносабатларини янада кенгайтириш бўйича юксак салоҳият мавжуд эканини билдирмоқда. 14 январь куни Берлинда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Германия бизнес форуми чоғида эришилган қатор келишувлар буни тасдиқлайди.

Бу келишувлар икки томонлама товар айланмаси ҳажмини ошириш ҳамда унинг мувозанатини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишларга йўл очиб беради. Тақдим этилган имкониятлар Ўзбекистон корхоналари учун Германияга тўқимачилик буюмлари, электротехника ва кимё маҳсулотлари, сархил ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Ўтган йилнинг кузида “Ўзбекистон – Европа иттифоқи” Ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги мажлисида бир томонлама тариф имтиёзларини қўлга киритиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Бу келгусида 6 минг 200 турдан ортиқ мамлакатимиз товарларини Европа бозорига божхона тўловларисиз олиб кириш имконини бериши мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистон маҳсулотларини Марказий, Шарқий ва Жанубий Осиё давлатлари бозорларига таклиф этиш учун мамлакатимизга Германия инвестициялари ва технологияларини жалб этишда улкан салоҳият мавжуд. Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси аҳоли сони бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон салоҳиятига юксак баҳо беради. Мамлакат ривожланган саноат, юқори малакали ишчи кучи, бой хомашё базаси ва энергия ресурларига эга. Эркин иқтисодий зоналарда имтиёзли солиқ ва божхона тартиблари амал қилади. Бироқ сармоядорлар нуқтаи назаридан қараганда, ЯИМнинг юксак ўсиш суръати – йилига 5 фоиздан ортиқлиги Ўзбекистоннинг энг катта афзаллиги ҳисобланади. Бу катта даромад олиш имконини беради.

Ана шундай ҳамкорлик Афғонистонда, айниқса, самарали бўлиши мумкин. Германия Ўзбекистоннинг “Мозори Шариф-Ҳирот” транспорт йўлакларини қуриши, “Сурхон-Пули Хумри” электр узатиш линиялари ётқизилиши каби ташаббусларини, Сурхондарё вилоятида Афғонистон билан савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган бизнес-лойиҳаларни ресурслар билан тўлиқ таъминлашга қодир.

Бундан ташқари, Ўзбекистон иқтисодиётининг фаол модернизация қилинишини ҳисобга олган ҳолда, Германия тадбиркорлари томонидан хизмат кўрсатиш тўпламлари таклиф этилиши мумкин. Германияда бошқарув бўйича ўқитиш ва илғор тажрибани ўзлаштиришни ташкил қилиш юқори натижалар беради.

– Германия қишлоқ хўжалигини механизация қилишга алоҳида эътибор қаратади. Аҳолининг 2-3 фоизи мазкур соҳада меҳнат қилмоқда ва юксак натижаларга эришилмоқда. Ушбу соҳадаги ҳамкорликни бугун қайси йўналишларда ривожлантириш мумкин?

– Германия саноатда улкан салоҳиятга эга экани билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи мамлакатлар орасида ҳам етакчилардан ҳисобланади. Ушбу давлат қишлоқ хўжалиги – бу юқори самарали агросаноат мажмуасидир. Энг янги агросаноат технологияларининг амалиётга татбиқ этилиши ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш туфайли юксак кўрсаткичларга эришилмоқда.

Германияда етиштириладиган буғдой мамлакат эҳтиёжининг 80 фоизини, шакар 85 фоиз, гўшт 60 фоиз, сут 100 фоизини қондиради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тўртдан уч қисми чорвачилик орқали келади.

Шу билан бирга, Германия қишлоқ хўжалигининг ўзига хос иқлими Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларининг озиқ-овқат бозорига кириши учун шароит яратади. Ҳозирги кунда ҳал этилаётган “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” линиялари бўйича юк ташиш имкониятлари Ўзбекистон ва Европа транспорт-логистика занжирини яхшилайди. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиздаги экологик тоза маҳсулотларни 82 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Германия бозорларига етказиб бериш истиқболлари бор.

Дастлаб Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчи ва логистика бўйича йирик компаниялар Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда Германиядаги халқаро кўргазмалар, масалан, “Фрут логистика” сингари ярмаркаларда иштирок этиш орқали танилиши зарур. Ўзбекистон экспорт салоҳиятини таништириш учун “Импорт Промоушэн Деск” лойиҳасига кириш мақсадга мувофиқдир.

Қувонарли жиҳати шундаки, ўтган йили қишлоқ хўжалиги бўйича Ўзбекистон – Германия ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу каби механизмлар ҳамкорлик соҳалари бўйича муносабатлар жадаллашувидан далолат беради.

Мазкур гуруҳ томонидан қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича икки томонлама ҳамкорлик дастурининг ишлаб чиқилиши қўшма агрокластерлар ташкил этишдан тортиб, экин экиш, йиғиш, сақлаш ва етказиб беришнинг инновацион усулларини жорий этишгача бўлган кенг турдаги масалаларни қамраб олиши мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг Германияга ташрифи доирасида ана шу масалалар бўйича эришиладиган келишувлар тегишли алоқаларни икки мамлакат минтақаси даражасида ҳам фаоллаштиради. Қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона водийси, Самарқанд ва бошқа вилоятлар билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш ортади.

– Мамлакатимизда Германия фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилди. Бу келгусида қандай самара беради, деб ўйлайсиз?

– Германия аҳолиси ҳордиқ чиқариш ва дам олиш учун энг кўп маблағ сарфлайдиган мамлакатлар рўйхатида етакчи ўринни эгаллайди. 2018 йилда Германия фуқаролари 38 миллиард евро маблағ сарфлаган ҳолда, хорижий давлатларга 80 миллион марта сафар уюштирган.

Мамлакатимизда хорижий сайёҳлар учун қулай тартиб жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида Германиядан келаётган туристлар сони ҳам ортиб бормоқда. 2016 йилда германиялик меҳмонлар сони 4 минг 889 нафарни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда Ўзбекистонга 18 мингдан зиёд германиялик ташриф буюрди.

Германия фуқароларининг аксарияти хорижга бошқа мамлакат маданияти, анъаналари ва турмуш тарзи билан танишиш мақсадида саёҳат қилади. Шу боис Германия сайёҳлик бозорида миллий туристик маҳсулотни кенг намойиш этишни изчиллик билан давом эттириш керак. Бу мақсадлар учун телевидение, ижтимоий тармоқлар, босма оммавий ахборот воситаларида фестиваллар, реклама акцияларини тарғиб қилиш фойдали.

Туризм саноатида Германиядан ўрганиш мумкин бўлган жиҳатлар талайгина. Мамлакат қизиқарли маданият ва шовқинли шаҳарлардан тортиб, ўзига хос экологик ва денгиз зоналаригача бўлган кенг турдаги сайёҳлик хизматларини таклиф этади. Бизнес туризми бўйича АҚШдан сўнг иккинчи ўринни эгаллайди.

Рақамли технологиялардан фойдаланиш бўйича Германия тажрибасини жорий этиш туризм соҳасидаги ҳамкорликда истиқболли йўналишлардан бири бўлиши мумкин. Бунда саёҳатчилар парвозлар ва яшаш жойларини халқаро бронлаш платформалари орқали ташкил қилиш имконига эга бўлади. Бошқа томондан “кўп маълумотлар” таҳлили трендларга тезроқ жавоб бера олиш ва географик жиҳатдан узоқликка қарамасдан, мижозларга яқин бўлиш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, Германия билан ҳамкорлик учун бизда кўплаб истиқболли йўналишлар мавжуд. Бу ерда гап “Германия сифати”, яъни узоқ муддатли, барқарор ва манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш ҳақида бормоқда. Бу борада Президентимизнинг Германияга ташрифи сиёсий активлар ва томонларнинг эзгу интилишларини савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалар бўйича реал ютуқларга сармоя киритиш имконини беради.

ЎзА