Транспорт-транзит соҳаси – ТДТ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг стратегик йўналиши

Бугунги кунда Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) кўп томонлама ҳамкорликнинг мутлақо янги форматига айланиб улгурган ҳолда, Ташкилот аъзоларининг умумий манфаатлар ва қўшма ташаббуслар атрофида бирлаштиришга, ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкам сиёсий ва иқтисодий, ҳуқуқий пойдеворни шакллантиришга хизмат қилувчи ноёб имкониятларга эга бўлмоқда.  

Ҳозирда Ташкилотга аъзо давлатлар савдо, транспорт, энергетика, рақамли интеграция, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, космик тадқиқотлар, сунъий интеллект каби 40 дан ортиқ йўналишларда фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Бу ўринда транспорт соҳаси туркий давлатлар кўп томонлама ҳамкорлик архитектурасининг муҳим устуни сифатида шаклланмоқда. ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасида транспорт-транзит оқимининг узлуксиз ва самарали фаолият кўрсатиши савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожига ҳам ўз хиссасини қўшмоқда.

Ўз навбатида минтақалараро транспорт-транзит йўлакларини ривожлантириш ва замонавий логистика инфратузилмасини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг асосий стратегик йўналишларидан бирига айланиб улгурди. Бу тенденция қуйидаги жараёнларда яққол намоён бўлмоқда.

Биринчидан, бугунда ТДТ доирасида транспорт йўналишидаги ҳамкорлигининг концептуал-ҳуқуқий базаси мустаҳкамланиб, янада кенгайиб бораётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.

«Туркий дунё нигоҳи – 2040» ва «ТДТнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегияси» каби муҳим стратегик ҳужжатларнинг қабул қилиниши Ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг яқин истиқболдаги асосий йўналишларини сохалар кесимида белгилаб берди. Бу ҳужжатларда ТДТга аъзо мамлакатлари ўртасида транспорт йўналишидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳим стратегик вазифа сифатида эътироф этилди.

Транспорт соҳасида эришилган энг йирик келишувлар 2022 йил 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммитида имзоланган «Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида халқаро аралаш юк ташиш тўғрисида»ги битим ва «Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик дастури» саналади. Яқин истиқболдаги ҳамкорликка режалаштириб қабул қилинган ушбу ҳужжатлар туркий мамлакатлар ўртасидаги транспорт ҳамкорлигининг икки томонлама ва кўп томонлама келишувларининг янги даврини бошлаб берди.

Иккинчидан, ТДТ доирасида транспорт соҳасида тизимли ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича махсус мулоқот форматлари, институционал тузилмалар ҳам ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Хусусан, ҳар йили Ташкилотга аъзо мамлакатлар транспорт вазирларининг йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Унда транспорт-коммуникация соҳасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлаш, тузилмага аъзо мамлакатлар ўртасида транзит алоқаларини янада кучайтиришга қаратилган муҳим вазифалар ва амалий харакатлар режаси белгилаб олинмоқда.

2022 йилдан бери ҳар йили ТДТ аъзо давлатлари Темир йўл бошқаруви раҳбарларининг йиғилишлари ўтказиб келинмоқда. Ушбу учрашувлар мобайнида транспорт-транзит соҳасидаги кўп томонлама муносабатларни яхшилаш, минтақалараро йўналишларни янада оптималлаштириш ва транспорт-логистика имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳалари кўриб чиқилмоқда.

2024 йилда Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти ҳузуридаги Логистика марказлари ва юк ташувчилар альянси ташкил қилинди. Альянс логистика ва юк ташиш, муҳандислик ишлари ҳамда консалтинг хизматлари билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларни ўзида бирлаштирди. Бу воқеа логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги транспорт соҳасидаги ҳамкорликни тармоқлар кесимида янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Учинчидан, туркий мамлакатларнинг йилдан йилга ривожланиб бораётган транспорт инфратузилмаси ва жадал интеграциялашаётган транспорт тизими ТДТ мамлакатларига қўшни минтақалар саналган Европа, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Африка бозорларига кириш учун қимматли имкониятларни бермоқда.

Бу ўз навбатида Евроосиёдаги стратегик транспорт йўналишлари чорраҳасида жойлашган ТДТ минтақасини глобал ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжиридаги муҳим транспорт-логистика бўғинига айлантириш салоҳиятини янада оширади.

Жумладан, Ташкилот доирасида бугун Осиё минтақасини Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ орқали Европа билан боғлайдиган «Ўрта йўлак»ни биргаликда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу халқаро коридор орқали юк ташиш ҳажми 2024 йилда 4,5 миллион тоннани ташкил этиб, 2020-йилга нисбатан қарийб 6 баробар ошганини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлининг қурилиши ва унинг ТДТ маконидаги бошқа истиқболли транспорт лойиҳалари билан интеграциялашуви Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари ва Хитойдан Европага қуруқликдаги йўлни сезиларли даражада мустаҳкамлайди. Шуниси эътиборга лойиқки, ушбу йўлак илгари туркий давлатлар ҳудудидан ўтган ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ва маданий алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилган.

Шу билан бир қаторда, Транс-афғон йўлагининг яратилиши ҳам салмоқли имкониятларни тақдим этиб, ТДТ мамлакатлари учун қарийб 1,9 миллиард аҳолига эга ва умумий ялпи ички маҳсулоти 3,5 триллион долларга тенг бўлган Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси 2019 йилда Туркий Давлатлар Ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб кирган илк кунларданоқ ТДТ маконида мустаҳкам ва самарали транспорт-логистика тизимини яратишда ҳамда ўзаро боғлиқликни таъминлашда ўзининг беқиёс хиссасини қўшиб келмоқда.

Шубҳасиз, ТДТ умумий кун тартибининг, шу жумладан транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янада кенгайишига кўп жиҳатдан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўп томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги фаол саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари асос бўлиб хизмат қилди.

Жумладан, Ўзбекистон Президенти 2021 йилда Туркияда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитидаги нутқида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни тизимли асосда йўлга қўйиш зарурлигига эътибор қаратди. Ҳамкорликнинг ушбу йўналишларидаги мавжуд салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш мақсадида мамлакатимиз Раҳбари «Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури»ни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

2022 йилги Самарқанд саммити доирасида Ўзбекистон Етакчиси ТДТ маконида мултимодал транспорт йўналишлари ва транспорт хизматларини ривожлантиришни таклиф қилди. Шу муносабат билан божхона жараёнларига замонавий рақамли ечимларни («e-TIR», «e-Permit» и «e-CMR») жорий этиш, шунингдек, транзит режимларини либераллаштириш ва маъмурий тартибни соддалаштириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, 2022 йилда Ўзбекистоннинг «Universal Logistics Service» (Тошкент), «Akhtachi» (Андижон) ва «Termez Cargo Centre» (Сурхондарё) логистика марказлари ТДТнинг «Биродар портлар» жараёнига қўшилди.

2023 йилги ТДТнинг Остона саммитида Давлатимиз Раҳбари томонидан глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб экани яна бир бор таъкидланди.

Шу маънода, «Ўрта йўлак» салоҳиятини кенгайтириш, қўшимча кўп тармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатларимиз орқали ўтадиган халқаро коридорларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш чора-тадбирларини қўллаб-қувватланди. Бу ўринда ТДТнинг Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этиш ва бу тузилманинг дирекциясини Ўзбекистонда жойлаштириш таклиф этилди.

2024 йил ноябрь ойида Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти навбатдаги саммитида Ўзбекистон Президенти транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш, «Ўрта йўлак» бўйича транзит тарифларини мақбуллаштириш, чегараларни кесиб ўтиш жараёнларини соддалаштириш, замонавий логистика тизимлари ва қўшма операторларни яратиш яна бир устувор масала сифатида белгиланди. Ташкилот доирасида юк ташувларда электрон ҳужжат айланишига ўтиш ва уларни ўзаро тан олиш бўйича кўп томонлама битимни имзолаш ташаббуси илгари сурилди.

2025 йил май ойида Венгрияда бўлиб ўтган ТДТнинг норасмий саммитида Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмининг ўсишини таъминлаш ва божхона-чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ушбу йўналиш бўйлаб «ягона дарча» ва «яшил йўлаклар» тизимини тез фурсатда жорий этишга чақирди.

Жорий йилнинг ноябрида ўтказилган ТДТнинг Габала саммити доирасида мамлакатимиз Етакчиси «Ўрта йўлак»ни изчил ривожлантириш борасидаги режаларни қўллаб-қувватлаб, ушбу йўналишнинг рақобатбардошлигини таъминлаш ва бизнес ҳамжамияти учун энг қулай шароитлар яратиш муҳим эканини таъкидлади.

Шу маънода, мақбул транзит тарифларини қўллаш, замонавий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамли божхона тартиб-таомилларини жорий этиш муҳимлиги қайд этилди. «Ўрта йўлак» қурилаётган «Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон» темир йўли ва истиқболли Транс-афғон йўлаги билан боғланса, улкан минтақада кўп тармоқли, стратегик магистраль йўллар тизими яратилишига асос бўлиши яна бир бор эътибор марказига олинди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ТДТ доирасидаги барча истиқболли йўналишларда, шу жумладан транспорт соҳасида ҳамкорликни кучайтириш борасидаги таклиф ва ташаббуслари мамлакатимизнинг минтақавий ва жаҳон транспорт-транзит тизимларига қўшилишига, туркий мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларнинг кенгайишига, шунингдек халқаро инвестицион оқимларнинг кўпайишига ҳар жиҳатдан хизмат қилмоқда.

Бу нуқтаи назардан, бугунги жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги жадал ўзгаришлар фонида минтақавий ҳамкорликнинг аҳамияти ҳар қачонгиданда ортиб бормоқда. Бу ўринда ТДТнинг ҳозирги ривожланиш даври ва фаолияти ушбу ташкилотнинг долзарблигини, шунингдек, туркий давлатларнинг умумий иқтисодий, транспорт, маданий ва ижтимоий салоҳиятини юксалтиришга интилишларининг ва харакатларининг самарадорлигини намойиш этмоқда.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида шу кунларда ўтказилаётган Халқаро мультимодал транспорт форуми минтақавий тараққиёт учун, ТДТ маконида умумий транспорт-транзит салоҳиятининг юксалиши учун янги имкониятлар беради ва бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий давоми бўлиб хизмат қилади.

 

Сарвар Камолов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими