Ўзбек-қирғиз муносабатлари янги босқичга кўтарилмоқда

Жорий йилнинг 11-12 марткунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакатимизга давлат ташрифиниамалга оширди.

Эътиборли жиҳати шундаки, пандемия сабабли узоқ танаффусдан кейин Ўзбекистонга ташриф буюраётган илк давлат раҳбари бу қардош Қирғизистон Республикаси президенти С.Жапаров бўлди. Ушбу воқеа Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиёнинг тутган муҳим ўрни ва устувор йўналиш эканлигинияна бир бор ёрқин мисоли десак муболаға бўлмайди.

Ташриф руҳи – кўп қиррали ўзбек-қирғиз муносабатлари мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини яққол намоён қилди. Қардош мамлакатлар ўзаро манфаатларни, яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларни инобатга олган ҳолда, ва энг муҳими, давлат раҳбарларнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли барча мавжуд муаммоли ва қийин масалаларни очиқ ва конструктив муҳокама қилиб, аниқ ечимларга келишишди.Яъни, бугунги кунга келиб Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ечими йўқ масалалар қолмаганлиги амалда ўз исботини топмоқда.

Президентлар учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида мустаҳкамлаб бориш, аввал қабул қилинган ҳужжатларни амалга ошириш йўлида қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқлашди. Барча соҳалардаги ҳамкорликни изчил кенгайтириш учун олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.

Ушбу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиеёв,гап-сўзлардан аниқ амалий ишларга ўтилганлигини икки мамлакат халқлари шахсан сезишлари ва кўришлари лозимлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан, давлат раҳбарининг қайд этишича, Ўзбекистон томони қардош халқларни фаровонлигини оширишга қаратилган ҳамкорликни жадаллаштиришга қатъий жазм этган. Ўз навбатида Қирғизистон Республикаси Президенти С.Жапаров сўзларига кўра, Ўзбекистон билан яхши қўшничиликка асосланган ҳартомонлама муносабатларни ривожлантириш Қирғизистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. 

Олий даражадаги музокараларда томонлар Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги ўзаро манфаатларга асосланганмуносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларининг барча йўналишларини кўриб чиқишди.

Учрашувлар якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилинди, шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг турли йўналишларига алоқадор бир қатор 
(22та) ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди ва 100нафардан ортиқ тадбиркорлар ва ишбилармонлар доираси вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.Умуман олганда, ташриф доирасида умумий қиймати 900млн. долл. бўлган шартнома ва келишувлар имзоланди.

Ушбу ҳужжатларда қўшничилик ва дўстона руҳдаги сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш, маданият, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм борасидаги қўшма дастурларни амалга оширишнинг долзарб жиҳатлари ўрин олган.

Эътиборли жиҳати, ушбу ташриф доирасида кўрилган ва келишувга эришилган масалаларнинг аксарияти икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Жумладан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида илк бора устав фонди 200 млн. долл. бўлган Ўзбекистон – Қирғизистон инвестиция жамғармаси ташкил қилиш белгиланди. Ушбу Фондни тузилишидан асосий мақсад – икки мамлакат ҳудудида ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириб, янги йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйишдир. 

Шу ўринда, охирги йилларда икки мамлакатнинг чегарадош ҳудудлари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини эътироф этиш лозим.2018 йилда тузилган Ҳокимлар ва чегараолди вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгаши фаолияти муҳим ўрин тутмоқда. Қайд этиб ўтиш лозимки, ушбу формат доирасида ҳудудлар раҳбарлари 3 маротаба (2018 й., 2019 й. ва 2020 й.) учрашувлар ўтказишган бўлиб, иккитомонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда алоҳида ҳисса қўшишмоқда. 

Хусусан, С.Жапаров ташрифи давомида ушбу йўналиш кун тартибининг энг долзарб масаласи сифатида кўрилиб, бир қатор келишувлар амалга оширилди. Жумладан, Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен, Норин вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича “Йўл хариталари” имзоланди.

Ҳудудлараромуносабатларни ривожлантиришнинг долзарб ва афзаллигини Андижон вилояти мисолида кўриш мумкин. Жумладан, 2020 й. биргина Андижон вилоятининг Қирғизистон билан ташқи савдоси ҳажми 270млн. долл. етди (2019 йилга нисбатан 1,2баробар кўп). 

Бундан ташқари, саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Амалий чора-тадбирлар режаси имзоланди. Қайд этилишича, ушбу Режа50та лойиҳани ўз ичига олган бўлиб ундаЎзбекистонда ишлаб чиқиладиган енгил автомобилларни, қишлоқ хўжалиги техникаларни, тиркамаларни, шунингдек, маиший техникаларни Қирғизистон ҳудудида йиғиш ҳамда чегаролди ҳудудларда тўқимачилик соҳасида ва қурилиш материаллари ишлаб чиқиш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга чегараолди туманларда мева ва сабзавотларни қайта ишлаш заводи, иссиқхоналар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун қўшма савдо-логистика марказлари қурилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларни амалга оширишдан мақсад – қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни Евроосиё иттифоқига аъзо давлатларга экспорт қилишдир. 

Мамнуният билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик охирги йилларда мисли кўрилмаган даражага чиқди. Хусусан,2020 йилда товар айланма ҳажми 903миллион доллардан ошди(экспорт – 756,6миллион доллар, импорт 146,5миллион доллар).
Бу 2016 йилга нисбатан 5,4баробар ортиқ.

Шу билан бирга ушбу кўрсаткич билан чекланиб қолмаслик, ва савдо-сотиқ йўналишида янги марраларни забт этиш учун салоҳият етарли эканлигини инобатга олган ҳолда, давлат раҳбарлари томонидан яқин келажакда савдо ҳажмини
2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. 

Ўз навбатида, савдо айланмасининг ошиши мультипликатив эффектга эга бўлиб, янги иш ўринлари, инфратузилмалар ташкил қилинишини таъминлайди ҳамда аҳоли турмуш тарзининг ўсишига сезиларли даражада таъсир ўтказади.

Албатта, ҳудудлараро, айниқса чегарадош туман-шаҳарлар ўртасида савдо-сотиқ ва ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда, шунингдек, маҳаллий аҳолининг деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланишида тўсқинлик қилувчи баъзи бир нохуш ҳолатларни юзага келмаслиги учун икки давлат ўртасида чегараларнинг делимитация ва демаркация жараёнини тўлиқ якунланиши муҳим роль ўйнайди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, 2017 йилда имзоланган Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги тарихий шартнома доирасида чегараларини ҳуқуқий томондан белгиланишида, авваламбор, ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда кенг кўламли иш олиб борилмоқда. С.Жапаровни ташрифи доирасида ҳам ушбу долзарб аҳамиятга эга мавзу кун тартибининг асосий мавзулардан бири бўлди ва қувонарли жиҳати томонлар ўзаро манфаатларни ҳамда икки мамлакат халқларини хоҳиш-истагини инобатга олган ҳолда чегаралар бўйича мавжуд муаммоларни қисқа вақт ичида ҳал қилиб олишга келишиб олишди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарияти минтақада самарали транспорт йўлларини ривожлантириш, хусусан, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш жараёнини бошлашни жадаллаштириш бўйича келишиб олинди. 

Ушбу муҳим лойиҳани амалга ошиши, нафақат икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириши, балки бутун Марказий Осиёнинг транспорт-логистика салоҳиятини янада оширишига хизмат қилиши алоҳида қайд этиб ўтилди.

Тан олиш керак, Ўзбекистон ҳам Қирғизистон ҳам ҳозирги кунда ўз транспорт-логистика салоҳиятидан тўлақонли фойдаланмаяпти. Икки давлат ҳудуди тарихан Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган ўзига хос нуқта бўлиб, барча савдо йўллари мамлакатлар ҳудуди орқали ўтган. “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” каби йирик лойиҳаларни амалга оширилиши савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириб, уларни Яқин Шарқ, Европа ва Осиё давлатлари билан боғлайди.Шу билан бирга, “Тошкент-Андижон-Ўш-Иркиштом-Қашғар” халқаро мультимодал йўналиши ҳам савдо ҳажми ортишига хизмат қилади.

Иккитомонлама муносабатлардаги яна бир долзарб ва муҳим соҳалардан бири бўлган сув ва энергетика йўналишида ҳам тарихий келишувларга эришилди. 

Жумладан, томонлар Марказий Осиёдаги сув-энергетика ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлаб, бу йўналишдаги ҳамкорликнинг узоқ муддатли барқарор механизмларини ишлаб чиқишга келишилди. Хусусан, электр энергиясини ўзаро етказиб беришҳамда Ўзбекистон Қирғизистонда гидроэнергетика лойиҳаларини амалга оширишда қатнашишга тайёрлигини билдирди.

Ташриф давомида мамлакат лидерлари нафақат иккитомонлама муносабатлар бўйича, шу билан бирга минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишди. Кўплаб масалалар бўйича томонларнинг позицияси бир хил экани намоён бўлди.

Хусусан, С.Жапаров Ўзбекистоннинг минтақада ҳамкорлик ва интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. Томонлар ушбу форматдаги учинчи учрашувни 2021 йилда ўтказиш муҳимлигини қайд этдилар.

Яна бир эътиборга муҳим жиҳати, давлат раҳбарлари Марказий Осиёга тегишли барча масалалар минтақа давлатларининг ўзи томонидан, ўзаро фойда ва манфаатларни ҳурмат қилиш тамойили асосида ҳал этилиши муҳимлиги таъкидлаб ўтишди.

Мухтасар қилиб айтганда, Қирғизистон президенти С.Жапаровнинг ушбу ташрифи мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очиш билан бирга, истиқбол учун янги уфқларни белгилаб бериб, икки қардош халқни бениҳоя хурсанд қилди. Ташриф давомида қатор стратегик соҳалар бўйича муҳим келишувларнинг имзоланганлиги Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожида тарихий аҳамият касб этиш билан бирга, қардош ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қилади. 

Манба