Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлашнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий асослари мустаҳкамланмоқда

БМТ маълумотларига кўра, ер юзида 7000 тил ва лаҳжада сўзлашувчи 2 мингга яқин миллат ва элат яшамоқда. Мазкур халқаро ташкилот низомида давлатлар ўзаро бағрикенглик, яхши қўшничилик руҳида яшаши, халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишлари алоҳида таъкидланган.

Шу маънода, миллатлараро тотувлик умумбашарий қадрият бўлиб, турли халқлар биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатлар миллий тараққиётини белгилайди, тинчлик ҳамда барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Замонавий дунёда турли таҳдид ва хавф-хатарларнинг ортиши, геосиёсий тўқнашув ва ноаниқликларнинг юзага келиши миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласини янада долзарблаштирмоқда.

Миллатлараро тотувликни муайян ҳудудда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг маънавий асоси деб аташ мумкин. Айни вақтда, миллатлараро тотувлик бизнингча, энг аввало, тарихий анъаналар, урф-одат ва маданий қадриятларга таянади.

Ўзбекистон Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани сабабли тарихан турли халқ, миллат ва элат вакиллари маданиятларини уйғунлаштиришга муваффақ бўлган. Шу боис, халқимизда азалдан бағрикенглик, меҳмондўстлик, кечиримлилик, бошқаларнинг урф-одат ва қадриятларига ҳурмат билан қараш каби умуминсоний фазилатлар шаклланган. Аҳамиятлиси, асрлар давомида мамлакатимиз ҳудудида турли халқларнинг биргаликда яшаши дунё цивилизациясининг бойишига ҳам хизмат қилган.

Асрий анъаналарга содиқ қолган ҳолда миллатлараро тотувликни таъминлаш, ҳар бир миллат ва элат вакилига ўз миллий қадриятларини ривожлантириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш вазифаси замонавий Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Ҳозирда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ҳамжиҳатликда истиқомат қилади. Мамлакатимизда яшовчи турли миллат вакилларининг ўз урф-одатларини сақлаб қолиши, миллий ҳамда маданий байрамларини нишонлашларига кўмаклашиш мақсадида 153 та миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда.

Мустақиллик йилларида миллий маданий марказларнинг 500 дан ортиқ фаоли давлат мукофотларига сазовор бўлди, орден ва медаллар билан тақдирланди, жумладан, 14 нафарига «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони берилди.

Шу маънода таъкидлаш керакки, мамлакатимиздаги миллатлараро ҳамжиҳатлик узоқ йиллар мобайнида давлат томонидан олиб борилаётган тизимли сиёсатнинг ҳосиласидир. Шубҳасиз, мамлакатимизда бу борада амалга оширилган ислоҳот ва ўзгаришларнинг негизида конституцион нормалар мавжудлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бу борада амалга оширилган ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар билан боғлиқ қуйидаги аниқ далилларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Биринчидан, Ўзбекистон Конституциясининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деб белгиланган. Шунингдек, Бош Қомусимизнинг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади” деган норма муҳрланган. Бу турли миллат ва элат вакилларининг ўз салоҳиятини тўлақонли амалга ошириши, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун конституциявий кафолат ҳисобланади. Шу ўринда, Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро тотувликни таъминлаш сиёсати Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга тўла мос келишини ҳам таъкидлаш жоиз.

Бунинг натижаси ўлароқ, бугунги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилмоқда. Телерадиокўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 14 дан ортиқ тилда чоп этилмоқда. Ўзбекистондаги 1865 та давлат умумий ўрта таълим мактабларида таълим 6 та қардош тилларда ташкил қилинган ва ўқув муассасалари қардош тиллардаги зарур дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланган.

Иккинчидан, миллатлараро тотувликни таъминлаш Ўзбекистоннинг замонавий давлат сифатида ривожланиш стратегиясининг ажралмас қисми ҳисобланади. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро муносабатлар соҳасида белгиланган вазифалар доирасида 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар – 2 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 9 та фармони ва 8 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 20 та қарорлари, Олий Мажлиснинг 3 та қарори қабул қилинди.

Шунингдек, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди. Унга кўра, мазкур йўналишда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, турли миллат ва элат вакиллари ўртасида конструктив ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни шакллантириш бўйича янги тизим жорий этилди, яъни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Қўмита миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш, миллатлараро муносабатлар маданиятини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мувофиқлаштириш ва рағбатлантиришга доир чора-тадбирларни амалга оширади. Шу билан бирга, хорижий мамлакатлар билан миллатлараро муносабатлар ва дўстона алоқаларни янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва олиб боришда бевосита иштирок этиш ҳам Қўмитанинг устувор вазифалари сифатида белгиланган.

Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”да ҳам айнан жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бaғрикенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 74-мақсад жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги тегишли вазифаларни ўз ичига олган.

Учинчидан, миллатлараро муносабатлар соҳасида янги давр мутахассисларини тайёрлаш мақсадида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида антропология ва этнология таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. Жумладан, Ўзбекистон миллий университетида “Амалий этнология” лабораторияси, кейинчалик университетнинг тарих факультетида “Антропология ва этнология” кафедраси ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиздаги миллатлараро муносабатлар масалаларини таҳлил қилиш, этник низоларнинг ҳамда уларнинг салбий оқибатларининг олдини олишга эришиш билан боғлиқ вазифаларни бажаришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш борасида қатор тадбирлар кўзда тутилган.

Тўртинчидан, “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистонда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланди. Мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти мамлакатда миллатлараро тотувлик ва ягона катта оила муҳити туйғусини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш соҳасидаги обрўсини кенг тарғиб қилиш ва дунё ҳамжамияти олдидаги ижобий имижини ошириш билан боғлиқ масалалар ташкил этади. Сўнгги йилларда ушбу санага бағишлаб “Дўстлик” ҳафталиги ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивали каби йирик халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, ҳукуматнинг тегишли қарори билан “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилди. Ушбу кўкрак нишони билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда хориждаги ватандошлар тақдирланади.

Бешинчидан, Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар қайта тикланиб, азалий ришталарнинг мустаҳкамланиши халқимизнинг хоҳиш-истаклари, орзуларини ўзида ифода этмоқда. Хусусан, бу борада нафақат мамлакатимизда яшаётган миллат вакилларини, балки минтақа халқларини тарихда ушбу ҳудудда яшаган буюк мутафаккирларнинг бой меросини қайта жонлантириш орқали бирлаштиришга катта урғу берилмоқда. Масалан, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан “Дўстлик хамсаси” китоби – Марказий Осиё халқлари ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз ва тожик халқларининг буюк мутафаккирлари – Алишер Навоий, Абай Қўнонбоев, Чингиз Айтматов, Абдураҳмон Жомий, Махтумқулининг таржимаи ҳоли ва ижод йўли ҳақида маълумотлар, халқ мақоллари, ҳикматли сўзлар биринчи марта икки тилда – аслиятда ва ўзбек тилида нашр этилди. Таниқли олим, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик Оқил Салимовнинг фикрича, ушбу китобнинг “Дўстлик хамсаси” деб номланишида чуқур маъно бор. У Марказий Осиё халқларининг умумий илдизга эга хамсачилик анъаналарининг давомийлиги намунасидир.

Мухтасар айтганда, сўнгги йилларда Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ушбу соҳаларда янгича ёндашув ва стратегик мақсадни бирлаштирган тизим шаклланишига хизмат қилди. Бунинг натижасида мамлакатимизда мазкур соҳада ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлашнинг янги модели яратилди. Ушбу модель энг аввало, турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги тенг мулоқот, конструктив ёндашув ва ҳамжиҳатликка асосланади.

Аброр Юсупов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бўлим раҳбари

«Xалқ сўзи» gazetasi № 31 15.02.2023