Ўзбекистондаги иқтисодий юксалиш ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар Хитой ОАВларида эътироф этилмоқда

Бугун Ўзбекистон ҳаётида рўй бераётган барча муҳим ўзгариш ва янгиланишлар Хитой оммавий ахборот воситалари саҳифаларида ҳам кенг ёритиляпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Жумладан, Хитойда нашр этиладиган умуммиллий «China Investment” журналида Ўзбекистон ҳаётига бағишланган «Ислоҳотлар сармоядорларга бизнес имкониятларни тақдим этмоқда» (Reform Provides Investors with Business Opportunities) сарлавҳаси остидаги мақола хитой ва инглиз тилларида нашр этилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг сўнгги йилларда эришган ижтимоий-иқтисодий тараққиётига оид муҳим маълумотлар атрофлича таҳлил қилинган.

Материалда ҳозирги кунда Ўзбекистон минтақада энг кўп – қарийб 19 миллион меҳнатга лаёқатли аҳолига эга бўлган мамлакат экани, республикамиз иқтисодиёти МДҲ доирасида иккинчи ўринда туриши қайд этилган.

“2019 йил якуни бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5,5 фоизни ташкил этди. Осиё Тараққиёт банки маълумотномаларида қайд этилишича, 2020-2021 йилларда ялпи ички маҳсулот ўсиши қарийб 6 фоизни ташкил этади” деб ёзади муаллиф.

Мақолада 2019 йили Ўзбекистон тадбиркорлик муҳитини яхшилашда катта ютуққа эришган давлатларнинг кучли йигирматалигига (TOP-20) киргани алоҳида таъкидланган. Қайд этилганидек, кейинги 5 йилда “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 мамлакати орасида 2012 йилдаги 166-ўриндан 2017 йилда 74-ўринга кўтарилиб, бизнес юритиш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичи бўйича ислоҳотчи мамлакатлар биринчи ўнталигидан жой олди. Ўзбекистон “Doing Business – 2020” халқаро бизнес жозибадорлиги рейтингида 190 мамлакат ичида 7 поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллади.

“Бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган мутлақо янги йўналишдаги дадил ва изчил ислоҳотлар самарасидир”, дейилади мақолада.

Хитой нашри Ўзбекистоннинг ўз миллий манфаатларига асосланган очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бораётганига алоҳида эътибор қаратган. Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Германия ва МДҲ давлатлари Ўзбекистоннинг маҳсулот айирбошлаш бўйича асосий шериклари ҳисобланади.

“Ипак йўли” ташаббуси доирасидаги янги имкониятлар, мамлакатда яратилган солиқ имтиёзлари, мажмуавий ислоҳотлар Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг жозибали марказига айлантирмоқда. Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон мамлакатда бизнес юритишнинг барча жабҳаларини қайта кўриб чиққан ҳолда тўғридан-тўғри хорижий сармоялар жалб этилишини енгиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси ўлароқ, кўп сонли халқаро ишбилармон доираларни ҳамда сармояларни жалб этиш бўйича салмоқли муваффақиятларни қўлга киритди.

Ўзбекистоннинг ривожланган инфратузилмага эга давлат сифатидаги стратегик жойлашуви ўсишнинг юқори суръатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар бир сармоядорга катта имкониятлар тақдим этишга кўмаклашмоқда”, деб ёзилади «China Investment”.

Бундан ташқари, Хитойнинг “Китай” журнали ўз  интернет тармоғидаги веб-саҳифасида (www.kitaichina.com) “Ўзбекистонда суд-тергов фаолияти такомиллашмоқда, шахс ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолати кучаймоқда” сарлавҳали мақоласини эълон қилинди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни, шунингдек, тергов сифатини халқаро стандартлар асосида тубдан ошириш бўйича амалий чораларни белгилаб бергани қаламга олинган.

Нашр ушбу ҳужжатнинг Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ қабул қилинганини қайд этар экан, бундан кейин шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланиладиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилишини алоҳида таъкидлайди.   

“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолияти янги босқичга олиб чиқилади, шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмлар жорий қилинади ҳамда бундай қилмишлар учун жавобгарлик кучайтирилади. Бундан ташқари, жиноят ишларини тергов қилиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилади, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш давом эттирилади”, деб ёзилади “www.kitaichina.com” сайтидаги мақолада.

Манба