"Марказий Осиёда ўзгаришлар шаббодаси"

"OstContact" иқтисодий журналининг март сонида Марказий Осиё ва минтақавий энергетика масалалари бўйича етакчи немис мутахассиси Биргит Ветзелнинг мақоласи чоп этилди. Ушбу немис тилидаги журнал энг муҳим ва шиддат билан ривожланаётган бозорларда, шу жумладан, Марказий Осиёдаги мавжуд иқтисодий тенденциялар ҳақида ўқувчиларга маълумот беради.

Мақолада немис мутахассиси Ш.Мирзиёевнинг мамлакат Президенти этиб сайланганидан кейин Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги вазиятни таҳлил қилади. Мазкур йўналишда минтақада энергетика соҳасидаги давлатлараро ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболлари ва прогнозлари кўриб чиқилган. 

Қуйида немис мутахассисининг мақоласида таҳлил қилинган асосий фикрлар келтирилган.

Марказий Осиёнинг юраги – Ўзбекистон. Янги президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабрида бўлиб ўтган президентлик сайловида 88,6% овоз билан ғалаба қозонди ва ўз вазифасини бажаришга киришиб, ўзбек халқининг тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Ш.Мирзиёевнинг ҳукумат бошқарувига келиши Ўзбекистон учун янги даврни бошлаб берди. Давлат раҳбари дарҳол кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишга киришди. У қўшнилар билан яхши муносабатларга таяниб, минтақавий ҳамкорликка асосланиб ташқи дунё учун "очиқлик" сиёсатини олиб бормоқда.

Шундай қилиб, Ш.Мирзиёев бутунлай янги йўлдан ҳаракатланишни мақсад қилиб қўйди. Ўзбекистон Президенти қўшни давлатлар билан биргаликда ривожланишга қаратилган ва ўзаро ишончга асосланган алоқаларни ўрнатди. 2019 йилнинг 19-20 февраль кунлари Тошкентда бўлиб ўтган "Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар" халқаро конференциясида мазкур ҳамкорлик қайси давлатлар ва қай йўсинда амалга оширилаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Бироқ Ўзбекистондаги янги даврнинг биринчи нишоналари ва аниқ натижалари Самарқандда БМТнинг шафелигида ташкил этилган "Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик" халқаро конференцияси доирасида яққол намоён бўлган эди.

Конференция давомида Ўзбекистоннинг янги Президенти минтақа сиёсатига оид ўз режаларини маълум қилди. Марказий Осиёнинг бешта мамлакат ташқи ишлар вазирлари ҳамкорликка бўлган интилишларини акс эттирувчи ҳужжатни имзоладилар. Европа Иттифоқи бу жараёнда уларга ёрдам беради.

"Бир макон, бир йўл" лойиҳаси доирасида Марказий Осиё орқали Хитойга савдо ва транспорт йўналишлари яратилаётганлиги ҳам эътиборга лойиқ.

Айни пайтда минтақада жами 63 миллион, шу жумладан, 33 миллион Ўзбекистон, 15 миллион Қозоғистон ва 5 миллиондан Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон аҳолиси ўртасида янги алоқалар фаол ривожланмоқда. Афғонистон ҳам аста-секин Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликда иштирок этмоқда.

"Биз барчага очиқмиз", – деди ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари И.Нематов. Шу бир жумла билан у янги сиёсатни изоҳлади. "Ўзбекистоннинг янги раҳбари президентлигининг биринчи куниданоқ: Қўшниларимиз билан ўзаро муносабатлар мен учун жуда муҳим", деб таъкидлаган эди. Президент Ш.Мирзиёев минтақадаги барча мамлакатларга давлат ташрифини амалга оширди. Шахсий суҳбатлар давомида мавжуд муаммолар учун умумий, прагматик ва ўзаро манфаатли ечимлар топилди. Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегара масалалари 90 фоизга ҳал етилди, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 25 чегара пункти очилди.

Бундан ташқари, йилдан-йилга янги тортишувларга сабаб бўлган трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштирувчи ечимга келинди. Ўзбекистон сув муаммолари бўйича умумий консенсусга эришиш учун минтақада янги тўғонларни молиялаштиришда иштирок этиш таклифини киритди.

Аҳоли сони 60 миллиондан ортиқ бўлган Марказий Осиё мамлакатларининг бирлашуви самарали умумий бозорни вужудга келтиради. Бундай умумий бозор объекти электроэнергетика соҳаси бўлиши мумкин. Ким ва қандай воситалар билан бу умумий бозорни шакллантиришда ёрдам беради, деган савол муқокама масаласи бўлиб қолиши мумкин. Зеро минтақа мамлакатларнинг бу соҳадаги талаб ва ёндашувлари турлича. Лекин минтақанинг иқтисодиётига инвестициялар киришини ҳисобга олган ҳолда энергия таъминотининг барқарор ва ривожланган бўлиши ҳақида якдил фикр мавжуд.

Қирғизистон ва Тожикистондаги энергиянинг катта қисми гидроэлектростанцияларда ишлаб чиқарилади. Бу давлатлар ер майдонининг 90 фоизи тоғлардан иборат. Етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда электр энергиясининг зарур улушини қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқариш мумкин.

Туркманистон шамол ва қуёш энергиясини ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга. Мамлакат табиий газини Ғарбга экспорт қилиши мумкин. 2018 йил 12 августда Актау шаҳрида имзоланган Каспий денгизи бўйича декларация бунинг учун яхши шароитлар яратади. Туркман газ конларидан Хитойга 5 минг километр узунликдаги қувур ишга туширилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистонда йилига қуёшли кунлар сони 300 кундан ортиқ ва бу қайта тикланадиган энергия бўйича лойиҳаларни амалга оширишда ажойиб имкониятлар яратади. Қозоғистонда "яшил" энергетикадан фойдаланиш бўйича режалар аллақачон Остона шаҳрида "Экспо-2017" доирасида намойиш этилган.

2019 йил февраль ойида Марказий Осиёда қуёш энергиясининг юқори самарадорлигини таъминлайдиган ва энг замонавий технологиялардан фойдаланадиган йирик қуёш парки Қозоғистоннинг Саранда шаҳарчасида иш бошлади. 100 мегаватт қувватга эга бўлган мазкур парк Саранда каби бир неча аҳоли турар жойларини электр энергияси билан таъминлашга қодир. Паркнинг ишлаш муддати 40 йилни ташкил этади.

Бундан ташқари, 90 мегаватт қувватга эга яна иккита қуёш энергияси станциялари қурилмоқда. 2030 йилга келиб Қозоғистон умумий электрэнергиясининг 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан ишлаб чиқармоқчи. Шу билан бирга Ўзбекистон ва Қозоғистон ядро энергетикасидан муқобил энергия манбаи сифатида фойдаланиш мумкин, деб ҳисоблайдилар.

Энергетик шарт-шароитлар қанчалик кўп қиррали бўлса, Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ва сиёсий шароитлари ҳам шунчалик фарқланади.

Минтақа давлатларининг турли имкониятларига қарамай, ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорлик ғояси уларни бирлаштирди.

Мақоланинг асл матнини бу ерда ўқиш мумкин.