АҚШдаги машҳур Newsweek журналида Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобовнинг «АҚШ ўзининг Марказий Осиёдаги иштирокини сақлаб қолиши керак» сарлавҳали мақоласи нашр этилди. Мақолада Ўзбекистоннинг минтақадаги сиёсати ва Жо Байден администрациясининг ҳудудда мавжуд бўлиши заруриятлари ҳақида гап боради.
Шунингдек, мақолада президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган яхши қўшничилик сиёсати Марказий Осиё давлатлари орасида ўзаро ишонч руҳини тиклагани ва ҳудуддаги инфратузилма ривожланишига имкон яратаётгани ёритилган.
Эроннинг «ITNA News» ахборот агентлигида «Шавкат Мирзиёев: Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади» сарлавҳали мақола эълон қилинган. Унда президентнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатидаги янги Ўзбекистон таълим тизими, мактаблар ва тарбия жараёнидан бошланиши борасидаги фикрлар ўрин олган. Шунингдек, мақолада 2021 йил Ўзбекистонда мактабгача таълим қамрови 65 фоизгача етказиш кўзда тутилгани, 30та янги мактаб қуриш ва 320та мактабни таъмирлаб, моддий техник базасини таъмирлаш учун бюджетдан 2 триллион сўм ажратилиши белгилангани келтириб ўтилган.
Шунингдек, Покистон, Туркия ва Таиланднинг ахборот таҳлилий порталларида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти мутахассиси Аброр Юсуповнинг мақолалари эълон қилинган. Бу мақолаларда Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг назарий асослари, давлат ва жамият муносабатларидаги ўзгаришлар ва уларнинг фуқаролар ҳаётига ижобий таъсири ҳақида сўз боради.
Саудия Арабистонининг «Аш-шарқ Ал-Авсат» халқаро нашрида молиявий бошқарув тадқиқотларига ихтисослашган мутахассис Абдулла ар-Ридодийнинг «Ўзбекистон – имкониятлар мамлакати» номли мақоласи чоп этилди.
Муаллиф мамлакатда ўзгаришлар 2018 йилдан сўнг бошлангани, бу даврда Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар ва инвестиция миқдори ошгани, пандемияга қарамай иқтисодий ўсиш давом этаётганини қайд этиб ўтган.
«Аш-шарқ Ал-Авсат» газетасида Ўзбекистонда ACWA Power компанияси томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ёритилган. ACWA Power Ўзбекистонда экологик тоза энергия ишлаб чиқарувчи учта станция қуради. Инвестиция лойиҳалари қиймати 2,5 млрд долларга тенг. Учта станциянинг умумий қуввати 2 500 МВт бўлади.
Германия ташқи савдо ва инвестиция агентлиги сайтида чоп этилган мақолада иқтисодиётда давлат иштирокидаги бизнесларнинг камайиши Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий элементи сифатида баҳоланган.