Европа иттифоқи ва Марказий Осиё: стратегик ҳамкорликни янгилаш йўлида

Жаҳон ҳамжамияти учун қайта очилаётган Ўзбекистон, унинг халқаро ва минтақавий барқарорликка эришишга қаратилган ташқи, ички сиёсати Марказий Осиёда ривожланишнинг янги даврини бошлаб берди.

Умумий мақсад ва биргаликдаги интилишлар сабаб минтақа мамлакатлари ягона макон ва мақсад сари бирлашмоқда. Айни ушбу жараён ривожланган давлатларнинг Марказий Осиё бўйича ўз қарашлари, ёндашув ва ҳамкорлик стратегиясини қайта кўриб чиқишга ундамоқда. Зеро, минтақавий ҳамкорликнинг бугунги босқичида замон талабига мос ғоя ва интилишлар ўзаро манфаатли шерикликни самарали рўёбга чиқариши мумкин.

Орадан ўн икки йил ўтиб, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси қабул қилинди. Хўш, ушбу стратегиянинг аввалгисидан фарқли жиҳатлари нимада, унинг амалга оширилиши Марказий Осиё ёки Европа Иттифоқи мамлакатлари учун қанчалик аҳамиятли?

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тадқиқотлар маркази эксперти Юрий ҚУТБИДДИНОВ билан суҳбати шу мавзуда бўлди.

– “Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё: ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги янги имкониятлар“. Янги стратегия айнан шундай номланди. Суҳбатимиз аввалида мазкур стратегиянинг ўзига хослиги, қабул қилиш жараёни ва зарурати ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Мазкур стратегия Европа Иттифоқи кенгашининг жорий йил 17 июндаги ташқи ишлар вазирлари даражасидаги учрашувда тасдиқланган, илк тақдимоти эса Бишкекда 7 июль куни Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ҳамда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини иштирокидаги мулоқот чоғида бўлиб ўтганди.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё учун янги стратегияси сўнгги бор 2007 йилда қабул қилиниб, “Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё: янги ҳамкорлик амалда” деб номланган эди. Ўн икки йил давомида амал қилган ҳужжат Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан кўплаб соҳалар бўйича ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Европа Иттифоқи расмий вакилларининг фикрича, янги стратегияни қабул қилиш зарурати минтақада юзага келган янги геосиёсий воқелик, ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган бугунги кун талаби ва бу борадаги имкониятларнинг юқорилиги билан белгиланади.

Стратегия 2016 йилда қабул қилинган Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва сиёсий хавфсизлик бўйича глобал стратегиясига мувофиқ, Еврокомиссия ҳамда Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва сиёсий хавфсизлик бўйича Олий вакили томонидан 2018 йилда ишлаб чиқилган қўшма ахборотга боғлиқ ҳолда тайёрланган. Стратегияда Осиёнинг Европа учун, ўз навбатида, Европанинг Осиё учун муҳим аҳамият касб этиши, Европа Иттифоқи ташкилоти доирасидаги ривожланишни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун Осиё мамлакатларидаги тинчлик ва барқарорлик муҳим омил экани, шу боис иқтисодий дипломатия ва Осиёда хавфсизлик соҳасидаги иштирокни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилган. Осиё мамлакатларининг турли иқтисодиётга эга экани сабаб Европа Иттифоқининг учта асосий соҳа бўйича ҳамкорлик қилиши белгилаб қўйилган:

– транспорт алоқалари, энергетика ва рақамли тармоқлар яратиш, инсонлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш;

– Осиё мамлакатлари ва ташкилотлари ўртасидаги шериклик муносабатларини таклиф этиш;

– турли молиявий воситалардан фойдаланган ҳолда барқарор молиялаштиришни ривожлантириш.

Янги стратегияда Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳимлиги қуйидаги омиллар билан изоҳланди:

– Марказий Осиёнинг Европани Осиё билан боғлайдиган стратегик ва қулай географик жойлашуви;

– Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг Европа Иттифоқи мамлакатларига энергия импорт қилишда катта улушга эгалиги;

– 70 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган минтақанинг бозор салоҳияти;

– Европа Иттифоқининг минтақавий хавфсизликдан манфаатдорлиги.

Минтақа мамлакатларининг Афғонистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги ташаббуслари минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш манфаатларига мос келади. Айни пайтда бу Европа Иттифоқининг ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун зарур шароит яратади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари учун ислоҳотлар ва иқтисодий ўзгаришлар жараёнида етакчи донор ва ҳамкор, сифатли инвестициялар ва қўшма технологиялар манбаси, минтақа мамлакатлари ҳамкорлиги, жаҳон савдо тизимига интеграциялашувни кенгайтириш тарафдори сифатида қаралиши мумкин.

– Янги стратегияда Марказий Осиёни барқарор, ўзаро боғлиқ, шу билан бирга, мустақил иқтисодий ва сиёсий макон сифатида ривожлантиришга асосланган ҳамкорлик йўналишлари белгиланган. Европа Иттифоқининг ушбу йўналишлар бўйича ҳамкорлиги хусусида тўхталсангиз.

– Стратегия кўп қиррали ҳамкорликни назарда тутади. Улар икки, кўп томонлама, ўзаро боғлиқ, алоҳида шаклларда амалга оширилиб, барқарорлик, фаровонлик, ҳамкорлик каби мақсадларга қаратилган.

Барқарорлик йўлида ҳамкорлик – бу минтақа мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий мақсадлари ва хавфсизлигига тааллуқли бўлган турли чақириқларни олдиндан баҳолаш ва кўриб чиқишни, шунингдек, мамлакатларнинг ислоҳотларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади. Айни дамда Европа Иттифоқи демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш, Иқлим ўзгариши бўйича Париж битими мажбуриятларини амалга оширишда ҳамкорлик ҳамда трансминтақавий экологик муаммоларни ҳал этиш, миграция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади.

Фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик эса соғлом ва очиқ инвестиция муҳитини, рақобатбардош хусусий секторни яратишга, ёшлар ўртасида тадбиркорлик, тадқиқот ва инновацияларни ривожлантириш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Минтақа мамлакатлари ўртасида ички минтақавий савдо ва инвестициялар бўйича таркибий чекловларни бартараф этиш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш истагида бўлган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.

Ҳамкорликдаги фаолиятни яхшилаш ҳам Европа Иттифоқи стратегиясининг муҳим жиҳатларидан. Бу сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва фуқаролик жамиятида иштирок этиш учун имкониятлар яратишни ўз ичига олади, ижтимоий дипломатияни мустаҳкамлайди.

Қайд этиш керак, Марказий Осиё мамлакатлари ягона минтақада жойлашган бўлса-да, улар тараққиётининг ўзига хос жиҳатлари ҳам бор. Шу боис Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилади.

– Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари қай босқичда ривожланмоқда?

Европа Иттифоқи икки томонлама келишувларни имзолашда, аввало, мамлакатдаги демократия даражаси, инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқ устуворлигига амал қилиниши, меҳнат муҳофазаси, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро битимлар ижроси, мамлакатда ушбу соҳалардаги кўрсаткичларни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар даражасига эътибор қаратади. Келишув эса ташкилотга аъзо давлатлар томонидан маъқулланиб, Европарламентда ратификация қилинганидан сўнг кучга киради.

Ҳозирги кунда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари икки томонлама ҳамкорлик қилиш тўғрисида амалдаги келишувларга эга, хусусан:

– Қозоғистон 2015 йил декабрь ойида “Чуқурлаштирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида“ги келишувни имзолади. Ҳужжат 2016 йилнинг май ойидан кучга кирган;

– Қирғизистон 1995 йил февраль ойида “Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида“ги келишувга имзо чекди. Ҳужжат 1999 йил июль ойидан буён амал қилади. 2017 йил декабрь ойидан янги шериклик келишувини имзолаш бўйича музокаралар олиб бормоқда;

– Ўзбекистон 1996 йил июнь ойида “Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида“ги келишувни имзолади (1999 йил июль ойидан амалда). 2017 йилда ушбу келишувни янгилаш таклифи билдирилди. Европа Иттифоқи билан “Чуқурлаштирилган шериклик тўғрисида“ги янги келишувни имзолаш бўйича музокаралар расман 2018 йил ноябрь ойидан бошланди;

– Тожикистон 2004 йил октябрь ойида “Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида“ги келишувни (2010 йил январь ойидан амал қилади) имзолади, 2018 йил ноябрь ойида “Ҳамкорлик тўғрисида“ги янги келишувни имзолаш бўйича музокаралар олиб бориш истагини билдирди;

– Туркманистон 2010 йил август ойидан буён Европа Иттифоқи билан “Савдо масалалари тўғрисидаги оралиқ келишув“ асосида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт масалалари бўйича вакилининг маълумотига кўра, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, чегараларни бошқариш, савдони жадаллаштириш, атроф-муҳитни ва сув ресурсларини ҳимоя қилиш бўйича Марказий Осиё мамлакатларига кўрсатиладиган ёрдам ҳажми 2014-2020 йилларда 1 миллиард евродан ошади.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон Европа Иттифоқи билан энг катта савдо айланмасига эга. Энергетика маҳсулотлари (минерал хомашё ва ёқилғи) экспорти ҳисобига у минтақа мамлакатлари ичида Евроиттифоқ билан савдода ижобий сальдога эга ягона давлат ҳисобланади.

Туркманистон мисолида оладиган бўлсак, унинг учун асосий савдо шерик бу – Хитой. Табиий газ етказиб бериш ҳисобига ташқи савдо айланмасида Хитой улуши 47 фоизни ташкил этади.

Туркманистонлик экспертларнинг қайд этишича, Европа Иттифоқи Туркманистон газини Европа бозорларига етказиб беришга ҳам қизиқиш билдирмоқда. Шу боис савдо айланмаси ҳажмини ошириш имконини берадиган Транскаспий газ қувури (Туркманистондан Каспий денгизи бўйлаб Бокуга, сўнг Туркия ва Грузияга) қурилиши учун инвестициялар жалб қилишда ёрдам кўрсатишга тайёр.

2018 йилда Ўзбекистоннинг Европа давлатлари билан энг катта савдо айланмаси ҳажми Швейцария (экспорт 3001 миллион доллар (28,2%), импорт 150 миллион доллар (0,8%), шунингдек, Туркия ҳисобига (экспорт 721 миллион доллар (6,8%), импорт 1123 миллион доллар (5,9%) тўғри келди (иккала давлат ҳам Европа Иттифоқига аъзо эмас).

Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо айланмаси 2018 йилда 3,73 миллиард долларни (2017 йилда 3,1 миллиард доллар) ташкил қилди. Бунда импорт 3,4 миллиард долларга тенг бўлиб, бу экспортдан (0,33 миллиард доллар) деярли ўн баробар кўпдир. Савдодаги салбий сальдо манфий 3,01 миллиард долларга етди. Германия, Литва, Латвия, Италия ва Франция эса Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо алоқалари бешлигида қайд этилди. Ўзбекистон маҳсулот сотиб олганидан кўра кўпроқ сотган ягона давлат Франция бўлди.

Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо айланмасидаги ушбу тенденция 2019 йилнинг январь-июнь ойларида ҳам сақланиб қолди.

Еврокомиссиянинг Ўзбекистон учун тасдиқланган дастурига мувофиқ, 2014-2020 йиллар учун ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга ёрдам кўрсатиш белгиланган. Ушбу дастур доирасида табиий ресурсларни барқарор бошқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва қишлоқ ҳудудларида даромад манбаларини яратиш билан боғлиқ лойиҳаларга Европа Иттифоқи томонидан етти йиллик давр учун 168 миллион евро (йилига 24 миллион евро атрофида) ажратилди.

Шу йил апрель ойида Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш бўйича беш йилга мўлжалланган лойиҳа ҳам ишга туширилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Европа Иттифоқи 15 миллион евро, Жаҳон банки 150 миллион доллар маблағ ажратди. Бундан ташқари, қишлоқ жойларида сифатли давлат хизматларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқ ва имкониятларни ошириш мақсадида “Давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш ва қишлоқ ҳудудларида бошқарув даражасини ошириш” лойиҳаси тасдиқланиб, унга 10 миллион евро йўналтирилди.

– Ўзбекистон бугун янги стратегия доирасида қайси соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори?

– Биз қабул қилинган стратегияга мувофиқ, барқарор иқтисодиётни таъминлаш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни рағбатлантириш, Европани Осиё билан боғлайдиган савдо йўлакларини ривожлантириш, рақамли иқтисодиётни жорий қилиш, электрон ҳукумат, таълим тизими ва ҳудудлараро ҳамкорликни тараққий эттиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз.

Бир сўз билан айтганда, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича қабул қилган аввалги ва жорий стратегияси минтақа мамлакатларига ўз стратегияси, узоқ муддатли ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш учун техник кўмак кўрсатишга қаратилган. Бу Марказий Осиё давлатлари бошқарув органлари ва хусусий сектор вакилларида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган қизиқиш ва манфаатдорликни, масъулиятни оширишга хизмат қилиши керак. Шу тариқа минтақада тараққиётнинг жадал суръатлар билан кечишига замин яратилади.

Манба: УзА