Хитой нашрларида Ўзбекистонда қайта тикланаётган сайёҳлик мавсуми ҳақида хабарлар эълон қилинмоқда

Хитойнинг етакчи ахборот агентлиги “Синьхуа” Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасининг тикланишига оид ахборот материалини эълон қилди.

“Бу уч босқичда амалга оширилади”, деб ёзади агентлик Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг «Тикланиш йўли» халқаро онлайн туризм конференциясида берган баёнотига асосланиб.

Хабарда мамлакатимизда даставвал ички туризм, кейин ҳудудий туризм ва пандемия вазиятини ҳисобга олган ҳолда ташқи туризм тикланиши қайд этилган.

«Умуман олганда, Ўзбекистон хавфсиз сайёҳликнинг янги тизимини татбиқ этмоқда, унинг қоидалари сайёҳлик саноатининг барча иштирокчилари учун жуда оддий ва ортиқча ташвишсиз бўлади”, дея таъкидланади нашр хабарида.

Ахборот материалида маълум қилинганидек, сайёҳлик қайта тикланишининг биринчи босқичи мамлакатнинг «яшил» ва «сариқ» тоифали карантин ҳудудларида жорий йил 1 июндан бошланди. Энди эса халқаро туризмни тиклашга тайёргарлик кўриш имконини берадиган хавфсизлик тизими қўлланилади.

“Иккинчи босқичда қўшни мамлакатлар ва МДҲ давлатлари билан уюшқоқлик асосида ҳудудий туризмни қайта тиклаш режалаштирилган. Бунинг учун махсус платформа яратилган  бўлиб, унга биноан нафақат Буюк ипак йўли мамлакатлари туристик салоҳияти, балки истиқболли минтақавий туристик маҳсулотлар ва сайёҳлик йўналишлари ҳам тарғиб этилади”.

Хитой ахборот агентлиги хабарида алоҳида қайд этишича, Ўзбекистонда ташқи туризмни тиклашда пандемия билан боғлиқ вазиятдан келиб чиққан ҳолда фуқаролари Ўзбекистонга киришига рухсат этиладиган узоқ хорижий давлатлар рўйхати тузилади.

«Янги турдаги COVID-19 коронавируси пандемияси инқирозидан чиқаётган ва ўзларининг сайёҳлик бозорларини очишга ҳозирлик кўраётган Европа ва Осиё мамлакатлари тажрибаси таҳлил этилган ҳолда Ўзбекистонга амалга ошириладиган халқаро рейсларни қайта тиклаш географиясига доир қарорлар қабул қилинади», деб ёзади “Синьхуа” АА.

Ўз навбатида, Хитой халқаро радиосининг интернет тармоғидаги веб-саҳифасида (CRI Online) ҳам мамлакатимиз иқтисодий кўрсаткичлари қамраб олинган “Ўзбекистонда ўзлаштирилган хорижий сармояларнинг умумий ҳажми 1,6 бараварга ўсди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда 2020 йилнинг январь-апрель ойлари мобайнида мамлакатимизда ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 бараварга ўсгани билан боғлиқ асосий маълумотлар қаламга олинади.

“Жорий йилнинг январидан апрелига қадар ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 2,5 миллиард долларни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар – 1,7 миллиард ва хорижий кредитлар – 831 миллион долларни ташкил этди. Ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий инвестициялар ҳажмидаги улуши 26 фоизгача ўсди. 2020 йилнинг дастлабки тўрт ойи мобайнида 336 та лойиҳа ишга туширилди. Булар 8 та йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва 328 та ҳудудий аҳамиятга эга саноат объектларидир”, деб ёзади CRI Online. 

Хитой халқаро радиосининг қайд этишича, Ўзбекистонга сармоя киритиш бўйича Россия, ХХР, Германия ва Жанубий Корея етакчилик қилмоқда. Мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция киритаётган мамлакатлар умумий сони эса 37 тани ташкил этган.

Манба