Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

ИНФОРМАЦИОННОЕ СООБЩЕНИЕ  о пятом пленарном заседании Сената Олий Мажлиса  Республики Узбекистан

2020 йил 19 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Сенат аъзолари томонидан 16 та масала, шу жумладан, 9 та қонун кўриб чиқилган ялпи мажлис иши парламент юқори палатасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали ҳамда “Узрепорт” телеканалида тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Даставвал “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш, янги ишланмаларни ривожлантириш, уларнинг ижобий самарага эришиши орқали иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани инновацион ривожлантириш, инновация ва инновацион фаолият соҳасидаги тушунчаларни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати мавжуд эмас эди.

Мазкур ҳужжат “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонуннинг мантиқий давоми бўлиб, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигини таъминлайди. Жумладан, инновацион маҳсулотлар ва хизматларни яратиш ҳамда қўллаш учун қулай муҳитни шакллантириш, инновацияларни жорий этишдан манфаатдорликнинг ташкилий-ҳуқуқий тизимини такомиллаштириш, инновацион инфратузилмани ривожлантириш ҳамда инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали инновацион фаолият соҳаси ривожлантирилади.

Қонунда инновация ва инновацион фаолият соҳасидаги ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатлар тартибга солинади. Хусусан, бугунги кунда бор салоҳиятини намоён этиш, янги ғоя ва ишланмалари билан жамият ривожига ҳисса қўшиш ниятида бўлган, баъзан ўз ишланмаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этишда қийналаётган жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, олимлар, тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, айниқса, шижоатли ёшлар учун ҳуқуқий асос бўлади.

Қонунда инновация ва инновацион фаолиятга оид асосий тушунчалар, инновацион фаолиятнинг принциплари ва уни давлат томонидан тартибга солиш механизмлари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, инновацион фаолиятга инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш, бу борада давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланиши ҳам баён этилган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.

Қонун энергетика тармоқларида ҳосил қилинаётган электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва бошқа ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада янада оқилона ва самарали фойдаланиш, қолаверса, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлиги ва замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш хизматларини кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадларини ўзида акс эттирган.

Шу билан бирга, Қонунда энергия самарадорлиги кўрсаткичларига товарларнинг мувофиқлиги бўйича мажбурий сертификатланиши тўғрисидаги норма белгиланмоқда. Бунда мутасаддиларга энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш кўрсаткичларини аниқлаш методикасини ҳамда мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлаш, энергиядан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш юзасидан қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати тартибини белгилаш вазифалари юклатилмоқда.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши энергия ресурслари харажатларини оптималлаштириш, энергия ресурслари истеъмоли самарадорлигининг тизимли мониторингини юритиш ҳамда аҳолининг реал даромадларини оширишга хизмат қилади.

Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқуллади.

Сўнгра “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда ов қилиш ва овчилик хўжалиги соҳасидаги муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан 10 дан ортиқ қонуности ҳужжат билан тартибга солинади.

Бу, ўз навбатида, ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли қарама-қаршилик ва талқинлар, мураккабликларни келтириб чиқармоқда. Боз устига, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ёввойи ҳайвонлар ҳолати устидан давлат мониторингини олиб боришнинг самарали тизими мавжуд эмаслиги ҳамда овчилар ва овчилик хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида аниқ белгиланмаганлиги овланадиган ҳайвон ресурсларининг ҳолатини аниқлашга тўсқинлик қилмоқда. Бу эса жониворлар популяцияси давлат мониторинги тизимининг ривожланишига, мамлакатимизда овланадиган ҳайвон турларининг сони ва овланиш ҳажмларини, уларнинг репродуктив ҳолатини ўрганишга халал бермоқда.

Яна бир жиҳат, мамлакатимизда ов туризми имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, хусусан, хорижий сайёҳларни овчилик соҳасига жалб этиш орқали давлат бюджетига валюта тушумларини ошириш, ов ҳайвонларини етиштириш, тиклаш ва кўпайтириш орқали эса сарфланадиган харажатларни молиялаштириш имконияти юзага келади.

Мазкур “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Қонунда эса ушбу масалаларнинг ҳуқуқий ечимлари ўз аксини топган. Яъни Қонунда моддаларнинг тўғридан-тўғри амал қилишига эътибор қаратилган. Жумладан, ов қилиш ва овчилик хўжалиги соҳасидаги давлат cиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган. Ёввойи ҳайвонларнинг сони ҳамда тутилган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олиш кимлар томонидан амалга оширилиши қайд этилган.

Шу билан бирга, ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш ҳамда ёввойи ҳайвонлар ўртасида инфекцион касалликлар тарқалишига қарши курашиш зарурати асосланган.

Қонуннинг қабул қилиниши овчилик ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади. Шунингдек, ёввойи ҳайвонлар ҳисобини юритиш, уларни кўпайтириш ва тутиш нормаларини тартибга солиш устидан давлат назоратини кучайтиришга, ов туризмининг ривожлантирилиши ҳамда ов хўжаликлари ҳолатининг яхшиланишида муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур Қонунни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шундай кейин “Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Қонуннинг аксарият нормалари реал ҳаётий муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга солмаслиги, уларнинг асосий қисми тўлиқ ифодаланмаганлиги, белгиланган тадбирларнинг амалга ошириш механизмлари мавжуд эмаслиги алоҳида қайд этилди.

Хусусан, Қонуннинг 7-моддасида фуқаролар жамоат тартибини сақлашда иштирок этганда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилиши белгиланган бўлса-да, Қонунда уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилмаган.

Шу билан бирга, жамоат тартибини сақлашда иштирок этувчи шахсларнинг реестри ва уни юритувчи органлар фаолияти билан боғлиқ масалалар назарда тутилмаган ҳамда Қонуннинг 8-моддасида жамоат тартибини сақлашда фуқароларнинг иштирок этиши билан боғлиқ чекловлар тўлиқ кўрсатилмаган.

Шунингдек, Қонунда фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашга кўмаклашиш мақсадида жамоат тузилмалари тузиш ва уларнинг фаолиятида қатнашиш, жамоат тартибини сақлашда якка тартибда ёки жамоа бўлиб иштирок этиш билан боғлиқ шакллар баён этилмаган.

Сенаторлар томонидан Қонуннинг айрим моддаларида фуқароларнинг бевосита ҳуқуқларига оид масалаларни очиб бермасдан, давлат органлари ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши белгилаб ўтилганлиги ҳамда тўғридан-тўғри амал қилиши лозим бўлган қонун нормаларининг қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши ёки қонунда акс эттирилмаслиги тор доирадаги идора манфаатларини ва қисқа муддатли мақсадларни кўзлаши мумкинлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, аксарият ҳолларда ижтимоий муносабатлар қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши қонунларнинг мақоми кучсизланишига, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларнинг йўқлигига, масалаларни комплекс ёндашмай тарқоқ ҳолда ҳал этишга олиб келади.

Қонун нормаларини тўлиқ очиб бермаслик ва амалга ошириш механизмларини акс эттирмаслик ҳуқуқий зиддиятлар ҳамда суиистеъмолчиликларни келтириб чиқариши, бюрократик тартиб-таомилларни кучайтириши, қонунларни четлаб ўтишга қаратилган кўплаб қарорлар қабул қилинишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу жиҳатдан сенаторлар томонидан Қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Сўнгра “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнлари барча йўналишлар қатори геодезия ва картография соҳасини ҳам замон талабларига мос равишда такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Янги таҳрирдаги мазкур Қонунда шу каби жиҳатлар эътиборга олинган. Жумладан, соҳага оид асосий тушунча ва тамойиллар, қолаверса, уни давлат томонидан тартибга солишга оид нормалар, ваколатли давлат органлари аниқ белгиланган.

Шу билан бирга, Қонунда геодезия ва картография ишларини лицензиялаш, рўйхатга олиш ва давлат ҳисобини юритиш, давлат картография-геодезия кадастри ва Ўзбекистон Республикаси картография-геодезия фондини юритиш ҳамда давлат геодезия назорати билан боғлиқ нормалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Ушбу Қонуннинг маъқулланиши геодезия ва картография фаолиятининг моҳияти, хусусан, сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланишда ҳамда соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали тизимни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, геодезия ва картография фаолиятини амалга оширишда материаллар ва маълумотларнинг тўлиқлилиги ва ишончлилиги таъминланади. Энг муҳими, фойдаланувчиларга маълумотлар етказилиши соддалаштирилади.

Шунингдек, Қонундан ҳаволаки нормаларнинг чиқарилиши натижасида тадбиркорлик субъектларининг геодезия ва картография фаолияти билан шуғулланишида қулай шароит яратилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама марказида бўлди.

Мазкур Қонунда киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни назарда тутади.

Хусусан, вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларида чекловлар бекор қилинмоқда. Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланмоқда.

Бундан ташқари, маҳкума ҳомиладор аёллар ва боласи бор аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар киритилмоқда. Яъни маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида тўрт марта муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, шунингдек, манзилли колонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилмоқда.

Яна бир жиҳат. Маҳкумларни жазо ўташи даврида адолатли мезонлар асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллаш комиссиясининг иш фаолияти ва уларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, Қонун билан жазо муддатини ўташ давомида маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилмоқда. Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида уларни тинтув қилиш вақтида жисмоний куч ва махсус воситалар асоссиз қўлланилишининг олди олинмоқда.

Қонун билан Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддаси тўлдирилиб, маҳкумларнинг илтимосига кўра учрашувлари ва телефон орқали сўзлашувларини кўпайтириш ҳамда видео-учрашувлар билан алмаштириш тизими жорий этилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур Қонун маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Сенаторлар ушбу Қонунни маъқуллади.

Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги каби бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Жиноят кодексининг сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари айланиши билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар учун жавобгарлик кўрсатилган моддасига қўшимча киритилмоқда. Яъни таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланиб, айбдор беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда жаримага тортилиши белгиланмоқда. Агар болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилинса, БҲМнинг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима белгиланиб, жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ва ўз навбатида давлат органларининг ҳам бу борадаги масъулиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Сенаторлар ушбу Қонунни маъқуллади.

Шундан сўнг “2007 йил 27 июндан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликдаги ҳарбий ўқувларни ўтказиш тўғрисидаги Битимга қўшимчалар киритиш ҳақидаги Баённомани (Бишкек, 2019 йил 29 апрель) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мудофаа соҳасидаги сиёсатнинг очиқлиги ҳамда хавфсизлик ва мудофаа соҳасида бошқа хорижий мамлакатлар билан амалий муносабатларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Қуролли Кучлар қўшинларининг жанговар ва тезкор тайёргарлик тизимини янада такомиллаштириш, ўқув машқлари фаоллигини, уларнинг самарадорлигини ошириш зарур вазифа ҳисобланади.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ҳарбий-техникавий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, томонларнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, ўз Қуролли Кучларининг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий кадрлар тайёрлаш, ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича қўшма тадбирларни амалга ошириш мақсадларига хизмат қилади.

Шу билан бирга, Баённома ШҲТ аъзоси бўлган исталган давлат унга қўшилиши учун очиқлиги, қўшилган давлат учун ушбу Битим депозитарий томонидан қўшилиш ҳақида ҳужжат олинган санадан бошлаб 30 кун ичида кучга кириши каби янги ўзгартишларни ўз ичига олган.

Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг Бўғувчи, заҳарли ёки бошқа шу каби газлар ва бактериологик воситаларнинг урушда қўлланилишини тақиқлаш тўғрисидаги Протоколга (Женева, 1925 йил 17 июнь) қўшилиши ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Ушбу Протокол 1972 йилнинг 10 апрель куни Москва, Лондон ва Вашингтон шаҳарларида имзоланган бактериологик (биологик) ва токсик қуроллар захирасини йиғиш, ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришни тақиқлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги Конвенция талабларини мустаҳкамловчи ҳамда тўлдирувчи ҳужжат ҳисобланади.

Бугунги кунда ушбу Женева протоколига дунёнинг 142 та давлати, МДҲ мамлакатларидан Арманистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Украина ҳамда Қирғизистон қўшилган.

Сенат аъзолари мазкур Қонуннинг қабул қилиниши республика мудофаа соҳасининг самарали тизимини таъминлаш ҳамда уни ривожлантиришда алоҳида ўрин эгаллашини, қолаверса, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиши йўлидаги навбатдаги муҳим қадам эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, мазкур Протоколга қўшилиш Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги миллий қонунчилик меъёрларига мос келиши ҳамда қонунлар билан муомалага киритилган халқаро шартномалар талабларига зид келмаслиги қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг адлия вазирининг 2019 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти ҳам эшитилди.

Таъкидланганидек, ўтган йилда Вазирлик томонидан 530 мингга яқин тарғибот тадбирлари ташкил этилган ва давлат органлари томонидан уйма-уй юриб, тегишли муаммоларни аниқлаган ҳолда фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси доирасида Адлия вазирлиги томонидан Интернет тармоғида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга хизмат қилувчи 5 та ҳуқуқий портал ишлаб чиқилган.

Жумладан, бугунги кунда турли ҳаётий ҳолатлар бўйича ҳуқуқий ечим таклиф этиладиган ва давлат хизматлари кўрсатиш электрон тизими билан боғланадиган “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий портали ишга туширилган. Ундан 53 минг нафардан ортиқ шахслар фойдаланган. Қолаверса, ёш авлодларнинг ҳуқуқий билимини ошириб бориш, болаларни кичик ёшданоқ қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида “bolahuquqlari.uz” сайти ва “test.adliya.uz” ҳуқуқий саводхонликни баҳолаш тизими яратилиб, улардан 16 минг нафарга яқин шахслар фойдаланган.

Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар томонидан ҳуқуқий тарғибот соҳасида муайян камчиликлар, ўз ечимини кутаётган муаммоларга эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришда, энг аввало, ҳуқуқий таълим-тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаяпти, бу борада таъсирчан механизм мавжуд эмас.

Бундан ташқари, жамиятда манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш ишларини етарли даражада, деб бўлмайди. Аксарият давлат органлари раҳбарлари томонидан фаол иштироки таъминланмаяпти, бу борада юқори натижадорлик ва самарадорлик кўзга ташланмаяпти. Оқибатда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

Мактабгача таълим ташкилотларида болалар учун ҳар ҳафталик ҳуқуқ ва мажбуриятлар куни, умумтаълим мактаблари юқори синфлари учун ҳуқуқ асослари ҳамда тарбия фанлари ҳафтасига 1 соатдан ўқитилиши, олий таълим муассасалари ўқув режаларида тегишли маънавият фани 78 соат ўқитилиши белгиланган бўлса-да, уларнинг илмий изланишлар ва тўпланган тажрибага асосланганлиги ҳамда самарадорлиги етарли даражада эмас.

2019 йилда вояга етмаганлар томонидан мамлакатимизда 739 та жиноят содир этилган. 2018 йилга нисбатан 19,9 фоизга камайган бўлса-да, бу кўрсаткич ханузгача баландлигича қолмоқда. Айниқса, жиноят содир қилган 818 нафар вояга етмаган шахснинг 694 нафари мактаб ўқувчилари эканлиги салбий ҳолатдир.

Яна бир жиҳат. Ҳуқуқий тарғибот ишлари таъсирчан олиб борилиши йўлга қўйилмаганлиги оқибатида давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган қарорлар қабул қилиш амалиёти ҳамон учрамоқда.

Шунингдек, мажлисда давлат органлари томонидан ҳуқуқий тарғибот тадбирлари инновацион усуллари, шу жумладан, веб-технологияларидан етарли фойдаланилмаганлиги танқид қилинди ва бу борада кўрсатмалар берилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра Самарқанд вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилганидек, Олий Мажлис Сенатининг Ишчи гуруҳи томонидан вилоятни комплекс ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилган. Мажлисда ўрганиш якунлари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, вилоятни ривожлантириш ва бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятидан фойдаланиш борасида муайян ишлар олиб борилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятига 6 маротаба амалга оширган ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида 450 дан ортиқ лойиҳалар тасдиқланиб, уларнинг ижроси таъминланмоқда.

Вилоятда 2019 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 37 триллион 594 миллиард сўмни ташкил этган. Режадаги 40 мингта ўрнига 45 мингта янги иш ўрни яратилган, вилоятда бугунги кунда қарийб 48 мингта кичик бизнес субъекти фаолият олиб бормоқда.

Маълумки, Самарқанд – жаҳон туризм марказларидан бири. Ҳудудда бу борада рўёбга чиқарилган салмоқли ишлар натижасида 2019 йилда вилоятга 560 минг нафардан зиёд хорижий сайёҳлар ташриф буюриб, ушбу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 1,6 баробар ўсишига эришилган.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида соғлиқни сақлаш муассасалари 10,3 миллиард сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган, тез тиббий ёрдам автомашиналари сони 115 тадан 260 тага етказилган. Сўнгги уч йилда вилоятда хусусий тиббиёт муассасалари сони 37 тадан 376 тага етган, яъни 10 баробар ортган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида вилоятда 2019 йил давомида 7 мингга яқин турли тадбирлар ўтказилиб, уларга 1,6 миллион нафардан зиёд ёшлар жалб қилинган.

Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотлари эшитиб борилган. Маҳаллий депутатлар томонидан аҳоли билан бевосита мулоқот олиб бориш жараёнида, уларнинг мурожаатлари билан ишлаш давомида кўтарилган муаммоларни ҳал этишга қаратилган депутатлик сўровлари юборилган ва ижроси назорат қилиб борилган.

Мажлисда вилоятни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатаётган айрим муаммо ва камчиликлар борлигига урғу берилди.

Жумладан, 2019 йилда вилоятдаги маданият марказларида бажарилиши лозим бўлган қурилиш ишлари тўлиқ олиб борилмаган. Масалан, Булунғур ва Пастдарғом туманларидаги маданият марказларида қурилиш ишлари якунланмаган бўлса, Каттақўрғон ва Жомбой туманларида бу борадаги ишлар бошланмаган.

Вилоятга бириктирилган Хитой, Туркия, Греция, Испания давлатларидаги элчихоналар томонидан таклиф этилган қиймати 1 триллион 540 миллиард сўмлик 10 та лойиҳани амалга ошириш муддати кечикмоқда. Қиймати 2 триллион 385 миллиард сўмлик 16 та лойиҳа бўйича ишлар бошланмаган.

Умумтаълим мактабларини спорт анжомлари билан мунтазам таъминлаш тизими йўлга қўйилмагани боис вилоятдаги аксар мактабларга охирги марта 2016-2017 йилларда спорт жиҳозлари етказиб берилган. Яна бир жиҳат, ҳудуддаги мактабларда фаолият олиб бораётган 2 минг 164 нафар психологнинг 1 минг 340 нафари, яъни 62 фоизи ихтисосликка эга эмас.

Бундан ташқари, аҳолини ичимлик суви, электр энергияси ва табиий (суюлтирилган) газ билан тўлиқ ва узлуксиз таъминлаш борасида муаммолар мавжуд. Хусусан, электр тармоқларининг айрим қисмлари фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган. Газ қувурларини мукаммал таъмирлаш бўйича 2019 йилга белгиланган режа бажарилмаган. Вилоятнинг ички йўллари таъмирталаб аҳволда.

Мажлисда ҳудудни ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2020 йил 22 майдаги сессиясида муҳокама этилганлиги, унда вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича “Йўл харитаси”, қолаверса, вилоят Кенгаши фаолиятини “намунали Кенгаш” сифатида йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланганлиги қайд этилди.

Шунингдек, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Мажлисда мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, вилоятда ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Уларнинг ижроси устидан сенаторлик назоратини йўлга қўйиш белгиланди.

Шундан кейин Сенат аъзолари томонидан Вазирлар Маҳкамасига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги оқибатида биргина 2019 йилда мамлакат бўйича жами 6 миллиондан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилган. Оқибатда 8588 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 7943 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2096 нафар шахс ҳалок бўлган.

2020 йилнинг биринчи чорагида эса 1229 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 376 нафар фуқаро вафот этган.

Таҳлилларга кўра, қоидабузарликларни автоматик аниқлайдиган фото ва видео мосламалар, шунингдек, онлайн режимида ишловчи фото радарлар ўрнатиш билан боғлиқ ишлар суст олиб борилмоқда. Бундан ташқари, автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини ахборотлар билан таъминлаш, йўл бўйидаги инфратузилмани халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб масалаларга лозим даражада эътибор қаратилмаган.

Умумтаълим мактабларида ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш ишлари ҳам талаб даражасида эмаслиги оқибатида 2019 йилда болалар билан боғлиқ 1309 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларда 1147 нафар бола жароҳатланган ва 193 нафар бола ҳалок бўлган.

Мажлисда сенаторлар томонидан шу каби камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларини ҳам такомиллаштириш кераклиги, мамлакатимизда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва улардан имтиҳон олиш тартиби билан боғлиқ муаммолар кўплаб фуқароларимиз томонидан ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётганлиги ҳам таъкидланди.

Сенат аъзолари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасига чиқиндилар билан боғлиқ масалаларда вужудга келган муаммолар ва уларнинг аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонуннинг жойларда ижро этилиши ҳолатини ўрганиш жараёнида соҳада зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлиги аниқланган.

Хусусан, масъул давлат органлари томонидан атроф-муҳитни асраб- авайлаш, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, уларни қайта ишлаш, чиқинди полигонларини санитария талаблари асосида ташкил қилиш ишлари етарлича мувофиқлаштириб борилмаган. Чиқиндиларни саралаш, тўплаш, зарарсизлантириш ва утилизация қилиш тўғри ташкил этилмаган.

Бундан ташқари, ҳосил бўлаётган саноат ва қурилиш чиқиндиларини ҳисоб-китоб қилиш ишлари, яъни тўплаш, жойлаштириш ва қайта ишлаш тизими бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди. Жумладан, ҳар йили республикамизда 35 миллион кубометрга яқин маиший, 100 миллион тоннадан ортиқ саноат чиқиндиси ҳосил бўлади. Унинг 10 фоизи ҳам қайта ишланмайди.

Ушбу йўналишда замонавий бошқарув шакллари ва усуллари етарлича жорий этилмаганлиги қайта ишлаш корхоналаридан самарали фойдаланиш имконини бермаяпти.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида республикамизда фойдаланиб келинаётган 195 та қаттиқ маиший чиқинди полигонининг ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Натижада қаттиқ маиший чиқинди полигонларидан фойдаланиш борасида қатор муаммолар мавжудлиги ва чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари томонидан тегишли чоралар кўрилмагани маълум бўлди. Бу эса, ўз навбатида, ушбу ҳудудларда яшовчи аҳоли орасида турли юқумли касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шунга асосан ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Парламент юқори палатаси аъзолари бешинчи ялпи мажлисда Истиқболли туризм йўналишида Ўзбекистон халқаро имижини ошириш чоралари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Исроил давлатидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Сенаторлар Феруза Юлдашевна Махмудовани Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Манба