Ўзбекистон ва Озарбайжон делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари дини бир, қадриятлари, анъаналари, тили ва маданияти ўхшаш бўлган халқларимиз ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда энг юксак даражага кўтарилганини қайд этди.

Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон халқини атоқли давлат арбоби, умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллик юбилей билан табриклади.

Президентлар куни кеча икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида ўтган бизнес форуми якунларини юқори баҳоладилар.

Савдо ва саноат кооперациясида жадал ўсиш кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Яқин йилларда учинчи мамлакатлардан қиммат импортнинг ўрнини миллий ишлаб чиқарувчиларнинг арзон ва сифатли маҳсулотлари билан босиш орқали товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Саноат кооперацияси хусусида сўз борар экан, Президентлар энергетика, металлургия, фойдали қазилмалар, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича қатъий келишувларга эришилганини олқишладилар.

Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Инвестиция жамғармасининг маблағларини фаол ўзлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, уларнинг саноат салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда янги кооперация лойиҳаларини илгари суриш учун ҳудудий маъмуриятлар раҳбарларининг тўғридан-тўғри мулоқотини ва мунтазам учрашувларини йўлга қўйиш ғояси қўллаб-қувватланди.

Етакчилар транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегик жиҳатдан муҳимлигини қайд этдилар.

Ўтган йилда Ўзбекистон юкларини Боку порти орқали ташиш ҳажми қарийб икки баробар ошди. Мамлакатимиз бундан буён ҳам Озарбайжоннинг замонавий транспорт тармоғидан фойдаланиб, юк ташишни кўпайтириш ниятида.

Шу маънода, Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ҳамда Боку шаҳри ва учинчи мамлакатлар портларида омборхона инфратузилмаси ва логистика марказларини барпо этиш чоралари муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди, шу жумладан Маданият ва кино кунлари, ижодий ва илмий зиёлилар, ёшлар ташкилотларининг учрашувларини ўтказишга келишиб олинди.

Йиғилиш давомида ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари, транспорт ва энергетика, қишлоқ хўжалиги ва маданият вазирларининг музокаралар кун тартиби юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Якунда давлат раҳбарлари қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини таъсис этишга топшириқ бердилар.

Манба