"Ўзбекистон –Афғонистон" чегараолди савдо зонаси иш бошлади

Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ўзбек-афғон бизнес форуми ўтказилди. Форум доирасида дастлаб Термиз туманидаги “Termiz kargo” экспорт марказида ташкил этилган “Ўзбекистон – Афғонистон” чегараолди савдо зонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси давлат идоралари ҳамда хусусий сектор вакиллари иштирокидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари Б.Абидов, Афғонистон Ислом Республикаси саноат ва савдо вазири ўринбосари М.Юриш икки қўшни мамлакат ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда янги босқичда ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Чегараолди савдо зонаси Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонларининг ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлайдиган ўзига хос дўстлик кўприги вазифасини ўташига ишонч билдирилди.

Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар давлатларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, савдо, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Шунга мувофиқ чегараолди савдо зонасида ҳам қўшни давлат ишбилармонлари учун барча замонавий қулайлик яратилди. Божхона терминали, кенг, шинам меҳмонхона, ресторан ва бошқа шохобчалар афғон ишбилармонлари хизматида. Ҳужжатларнинг “Бир дарча” тамойили асосида тақдим этилиши расмийлаштириш жараёнини ҳеч қандай тўсиқларсиз, тез ва сифатли амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Бу ердаги павильонларда ён қўшни давлат учун озиқ-овқат, енгил, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш, автомобилсозлик ва бошқа саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган уч юз турдан ортиқ тайёр маҳсулот кўргазмага қўйилган. Маросим якунида меҳмонлар ана шу маҳсулотлар билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида бўлиб ўтган бизнес форумда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов, Афғонистон Ислом Республикаси саноат ва савдо вазири ўринбосари М.Юриш, Афғонистон Ислом Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Абдул Раҳим Абдул Раҳмон ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида йўлга қўйилаётган дўстлик, ўзаро ҳамкорлик алоқалари Афғонистонни барқарор ривожлантириш учун муҳим қадам бўлаётганини алоҳида қайд этди.

Ўтган йил март ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, барқарор ривожланишига кўмаклашишнинг янги босқичини бошлаб берди. Дунё ҳамжамиятини афғон юртида тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга ундади. Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлисида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентлари музокара ўтказиб, мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманатар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг муҳим масалаларини муҳокама этгани икки қўшни давлат ўртасидаги узоқ тарихга эга алоқаларни ҳар тарафлама мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ўзбекистон қўшни давлатда йирик лойиҳаларни амалга ошириб, темир йўл тармоғини барпо этган. Электр энергияси етказиб бермоқда. Термизда Афғонистоннинг консуллик идораси, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолият юритмоқда. Ихтисослаштирилган шифохонада ён қўшни давлат фуқроларининг саломатлигини тиклаши учун барча шароит яратилган. Афғон фуқароларига мамлакатимизда яратилаётган бундай қулайликлардан самарали фойдаланиши учун ихчамлаштирилган виза тартиби жорий этилди. Бу каби яқин дўстлик, қўшничилик муҳитида икки мамлакат ишбилармонлари доирасининг тенг шерикликка асосланган алоқалари ривожланиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили Термиз шаҳрида “Очиқ Жануб” деб номланган Сурхондарё вилоятининг инвестицион, экспорт ва туризм салоҳиятини ёритишга бағишланган халқаро бизнес форумда кўплаб афғон тадбиркорлари иштирок этиб, бир қатор икки томонлама шартномаларни имзолаган эди. Шунингдек, “Termiz kargo” экспорт марказида бўлиб ўтган икки давлат идоралари ва тадбиркорлар вакиллари ўртасидаги мулоқотда ҳам ўзбекистонлик ва афғонистонлик ишбилармонлар кўплаб соҳалар бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан икки томонлама манфаатли келишув шартномаларини тузган эди.

– Мазкур форум ана шу тадбирларнинг мантиқий давомидир, – дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Б.Мардаев. – Вилоятда афғонистонликлар сармояси асосида ташкил этилган 144 корхона фаолият юритмоқда. Улар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда ўз бизнесини муваффақиятли йўлга қўйган. Бунда албатта юртимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити муҳим ўрин тутмоқда.

Ўтган йили вилоятда Афғонистон капитали асосида умумий қиймати 7,3 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 6,6 миллион доллар миқдоридаги хориж инвестицияси жалб этилгани ҳам бунга яққол далилдир.

2019-2020 йилларда афғонистонлик ишбилармонлар ҳамкорлигида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида тўғридан-тўғри инвестиция иштирокида умумий қиймати 30 миллион долларлик 14 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Афғонистон бозорига машинасозлик, электротехника, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари, замонавий енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бермоқда. Йилнинг ўтган даврида ён қўшнимизга Сурхондарё вилоятидан 17 миллион долларлик мева-сабзавот, тухум, ош тузи ва бошқа саноат маҳсулотлари экспорт қилинди.

– Замонавий хориж ускуналари билан жиҳозланган корхонамизда қирқдан ортиқ турдаги арзон, сифатли чинни буюмлар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди “Сурхон Термиз Чинни” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Р.Неъматуллаев. – Афғон дўстларимиз маҳсулотларимизга алоҳида қизиқиш билдириб, ўзаро манфаатли савдо алоқаларини йўлга қўйди. Икки йилдан буён уларнинг буюртмаси асосида турли чинни буюмлар тайёрлаб бераяпмиз. Шу йилнинг ўтган даврида 10 минг доллардан ортиқ тайёр маҳсулотни Афғонистонга экспорт қилдик.

Мутахассисларнинг фикрича, Афғонистон мамлакатимиз учун энг яқин, энг ишончли ва энг йирик бозорлардан биридир. Ўзбекистоннинг ривожланган саноати, транспорт ва энергетика соҳасидаги салоҳиятига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшни давлатда эҳтиёж бор. Шунга асосан Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган. Айни пайтда темир йўл, транзит ва бошқа тўловларнинг тариф нархларини тушириб, товар айирбошлаш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Ўзбек ва афғон халқи бир дарёнинг икки қирғоғида жойлашган оға-инилармиз, – дейди Афғонистон Ислом Республикаси “Oybegim” уюшмаси раҳбари Халилёр Фрозан. – Уюшмамиз аёллар манфаатларини ҳимоя қилади. Давлатларимиз раҳбарлари яратаётган имкониятлардан фойдаланиб, ўзбек аёллари билан алоқаларни йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш, савдо-маданият ва бошқа соҳаларда манфаатли ҳамкорлик қилишни истаймиз. Бизнинг мамлакатимизда иқтисодий барқарорликни тиклашга кўмаклашиш учун бел боғлаган Ўзбекистондан беҳад миннатдормиз.

Форум доирасида мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчиларининг тақдимотлари ўтказилди. Икки давлат ишбилармонларининг B2B шаклидаги учрашувларида музокаралар ташкил этилиб, ўзаро манфаатли ҳужжатлар имзоланди.

Манба: УзА