Ўзбекистон ҳам Франция каби беқиёс иқтисодий, инвестициявий, маъмурий, таълим ислоҳотлари дастурини бошлади

Франция нафақат Европа, балки жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида ушбу давлат билан ҳар томонлама мустаҳкам алоқа ўрнатиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним пойтахтимизда Франция миллий байрами Бастилия ишғол этилган кун муносабати билан бўлиб ўтган тадбир давомида мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

Эксклюзив интервью

–Мазкур байрамга бағишланган ушбу тадбир Франция Ўзбекистон дўстлигининг яна бир яққол ифодасидир. Шу боис икки мамлакат ўртасидаги яқин муносабатларни кучайтиришга муносиб ҳисса қўшаётган барча барчага миннатдорлик билдираман.

Биласизми, мен ушбу миллий байрамни Тошкентда уч йиллик қизғин фаолиятим якуни арафасида сўнгги марта нишонлаяпман. Ўзбекистон ҳам Франция каби беқиёс иқтисодий, инвестициявий, маъмурий, таълим ислоҳотлари дастурини бошлади.

Ўзбекистонда маъмурий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва хавфсизлик соҳаларидаги янгиланишлар мамлакат имиджини кучайтирди ҳамда халқаро алоқалар, хусусан, француз ўзбек муносабатлари ривожига беқиёс туртки берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Парижга ташриф буюриб, бизга ҳурмат кўрсатди ва ўзаро алоқаларга ажойиб йўл очди.

Бугунги кунда Франция компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бормоқда. Валюта бозорини эркинлаштириш, имзоланган шартномаларга амал қилиш Ўзбекистон ҳукумати томонидан шу йўналишда олиб борилаётган ишларни олқишлайман, тендерларнинг шаффофлиги ва адолатлилиги, инвестицияларнинг ҳимояси ва ерга эгалик қилиш хуқуқи мустаҳкамланиши, интеллектуал мулкни ҳурмат қилиш – бу ўзгаришлар Европа Иттифоқи ва Бутунжаҳон савдо ташкилоти билан музокараларда, айниқса, инвесторларнинг ишончи ортишида ҳал қилувчи таъсирга эга бўлажак. Кейинги вақтда Ўзбекистонга Франциядан кўплаб делегациялар ташриф буюрмоқда. Ана шу алмашинувлар жўшқинлигига қўшаётган ҳиссаси учун Франция Ўзбекистон бизнес клубига миннатдорлик билдираман, фаолиятига муваффақият тилайман. Туризм соҳасида сайёҳлик агентликлари Ўзбекистонни энг кўп тавсия қилинадиган 10 та йўналиш қаторига киритди. Франция мамлакатнинг бетакрор меросини сақлаб қолиш учун тоғ туризми, шаҳарсозлик ҳамда қадимий шаҳарларни қайта тиклаш соҳасида ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр.

Гуманитар алоқалар тобора изчил ривожланмоқда. Бир неча кундан кейин Париж академиясининг делегацияси Самарқанддаги Ипак йўли университети вакиллари билан учрашади. Археологлар ва реставраторлар Лувр музейида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон шоҳ асарларининг кўргазмасини тайёрлашмоқда. Шу ўринда “Француз альянси”га француз тили ва маданиятининг ривожига қўшаётган ҳиссаси учун алоҳида миннатдорлик билдираман. Янги кўплаб ўқувчиларнинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган Тошкентдаги француз мактаб ўқувчилари ота-оналарига ташаккуримни изҳор қиламан.

Франция тараққиёт агентлиги Европа Иттифоқи кўмагида ва Осиё тараққиёт банки билан биргаликда молиялаштириш асосида лойиҳаларни амалга оширмоқда ҳамда келгуси йилларда 450 миллион евро жалб қилишга интилмоқда. Яқинда бўлиб ўтган маслаҳатлашувларда Ўзбекистон ҳукумати иштирок этганини, маслаҳатлашувлар давомидаги алоқалар сифатини ҳамда ҳамкорлик дастурини амалга ошириш жараёнини олқишлайман.

Ўзаро ишонч муносабатлари дипломатик ва стратегик соҳаларда ҳам ўрнатиляпти. Франция Ўзбекистоннинг кўп томонлама ва минтақавий барқарорлик бўйича мулоқотга қўшилганидан мамнун. Париж тинчлик форумида тақиқлангандек, глобал муаммолар мақсадларни белгилаб олиш учун фақатгина кўп томонлама мулоқот орқали ҳал қилиниши мумкин. Уларда терроризм, гиёҳвандлик моддалари ва одам савдоси, иқлим ўзгариши, АКТ каби масалалар чуқур таҳлил этилади. Жорий йилнинг 11-13 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган иккинчи Париж тинчлик форумида Ўзбекистоннинг иштироки кутилмоқда.

Икки томонлама ҳамкорлик хавфсизлик соҳасида ҳам кучайиб бораётир. Халқаро терроризм икки мамлакат учун таҳдид ҳисобланади. Фақатгина ҳамкорлик бизга терроризмнинг тарқалишига қарши самарали курашишга имкон беради. Ўзбекистон ушбу хавф-хатарларга мустақил равишда қарши тура олиши учун Франция унинг кадрлар тайёрлаш тизимини яхшилашда, қурилмаларни замонавийлаштиришда ва терроризмга қарши курашишда, тезкорлик кўникмаларини такомиллаштиришда иштирок этаётганидан фахрланади.

Сўнгги йилларда Франция Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга чиқди. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам муносабатларимиз жадал ривожланаверади.