Ўзбекистон - Миср: Ҳамкорликнинг янги босқичи

Мамлакатимизга Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг ташрифи кутилмоқда. Мазкур муҳим воқеа арафасида ушбу давлатнинг араб, умуман, мусулмон оламидаги, шунингдек, Африка қитъасидаги мамлакатлар орасида Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эгалигини қайд этиш ўринлидир. Миср ва Ўзбекистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини изчил равишда таҳлил этсак, ўзаро алоқалар барқарор равишда, дўстона руҳда кўплаб соҳаларда кенгайиб бораётганига гувоҳ бўламиз.

Муносабатлар узоқ тарихга эга

Миср — араб давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, яъни 1992 йилнинг 26 декабрида мамлакатимиз мустақиллигини тан олган юрт сифатида тарихга кирган. Ўзбекистон Миср давлати билан халқаро майдонда илк дипломатик алоқаларни йўлга қўйган даврдан бошлаб, то ҳозирга вақтга қадар ишончли ҳамкор эканлигини намоён этди.

Бугунги кунда икки давлат муносабатларини йўлга солувчи турли доирадаги 51 ҳужжатни ўз ичига қамраган шартномавий-ҳуқуқий база мавжуд. Икки давлат халқаро миқёсда бир-бирини дипломатик жиҳатдан олқишлаб келмоқда. Чунончи, 2018 йил 22 июнда Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” БМТ резолюциясини Миср ҳам қўллаб-қувватлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ва Тошкент ислом университети таркибида АЙСЕСКО махсус кафедраси фаолиятини йўлга қўйиш ғояси — 2016 йил октябрь ойида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг 43-сессиясида ўқиб эшиттирилганида, бу ташаббус ҳам Миср томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

Миср бир вақтнинг ўзида ҳам Араб давлатлари лигаси ташкилоти, ҳам Африка Иттифоқининг аъзосидир. Қоҳирада Араб давлатлари лигаси ташкилоти маъмурий биноси мавжудлиги Мисрнинг бу ташкилот доирасидаги нуфузини кўрсатади.

Мисрдаги Ал-Азҳар университети мусулмон оламидаги энг обрўли таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ушбу университет ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Юртимизда илгари сурилаётган “Маърифатли ислом” тамойили асосида ҳамкорлик қилиш учун Миср мусулмон оламидаги муқобил давлатлардан бири сифатида қаралади.

Мамлакатларимизни улкан географик сарҳадлар ажратиб турса-да бундай ҳолат икки томонлама муносабатларнинг ривожланишига монелик қилмаган. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Марказий Осиё халқлари қадимги даврдан бошлаб, Яқин Шарқ ҳудудидаги давлатлар ва Миср билан савдо-маданий алоқалар ўрнатган. Аждодларимиз Мисрда ҳам бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишда қатнашган.

Ўз навбатида, илк ўрта асрларда Мисрда буюк мутафаккир бобокалонимиз Аҳмад ал-Фарғоний Қоҳира шаҳрининг марказидан ўтган Нил дарёси ўзанида жойлашган Рода оролида сувнинг ҳажми ва тезлигини ўлчайдиган иншоот — ниломерни яратди. Эътиборлиси, бу иншоотдан ҳозиргача фойдаланиб келинмоқда. Ўзининг буюк асарлари билан инсоният тарихида ўчмас из қолдирган мутафаккир бобомизнинг Миср ривожига қўшган ушбу хизмати доимо қадрланади. Шу сабабдан Қоҳира шаҳрининг марказида буюк бобокалонимизга бағишлаб ҳайкал ўрнатилган. У 2007 йилда ўзбек ҳайкалтароши Жалолиддин Миртожиев томонидан айнан мутафаккир яратган ниломер яқинида барпо этилди. Аллома ҳайкалининг Мисрда қад ростлаши, том маънода, Миср халқининг Ўзбекистонга бўлган миннатдорлик рамзидир.

Маълумот учун: Аҳмад ал-Фарғонийга ўрнатилган меъморий обидада буюк мутафаккир ўнг қўлида циркул, чап қўлида эса ёрлиқ ушлаган ҳолда гавдалантирилган. Ёрлиқда юлдузлар тасвири туширилган. Шунингдек, унда Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва Қоҳира шаҳарлари номлари келтирилган. Бу аллома умри давомида яшаган ва ижод қилган шаҳарлардир. Ёрлиқнинг пастки қисмида Миср эҳромлари ва Сфинкс тасвирланган.

Савдо имкониятлари кенг

Кези келганда айтиш лозимки, Ўзбекистон ва Миср ўртасида йўлга қўйилган кенг сиёсий ва маданий алоқалар савдо айланмасида етарли равишда акс этмаяпти. 2017 йил якунига кўра, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бор-йўғи 10 миллион долларни ташкил этгани бунинг яққол далилидир.

Ушбу кўрсаткичлар, албатта, томонларнинг иқтисодий салоҳиятига мувофиқ эмас. Бунинг сабаблари бор, албатта. Яқин кунларгача Миср билан Ўзбекистонни боғловчи қулай транспорт коридорлари мавжуд эмас эди. Бироқ 2017 йилда Баку — Тбилиси — Карс темир йўл йўналиши ишга туширилганидан сўнг вазият бутунлай ўзгарди. Озарбайжон ва Грузия сарҳадларини кезиб ўтиб, Туркиянинг Мерсин портига элтувчи ушбу транспорт коридори Ўзбекистон учун ҳам ташқи савдо ҳамкорларини диверсификация қилишда улкан имкониятлар яратади. Бу порт орқали Ўрта ер денгизи бўйлаб боғланиш мумкин бўлган энг истиқболли ҳамкорлардан бири Миср бўлиши мумкин.

Ўзбекистон бугунги кунда минтақавий транспорт тармоқлари лойиҳаларига катта аҳамият қаратмоқда. Уларни амалга жорий этиш ташқи иқтисодий ва сиёсий фаолиятимиздаги устувор мақсадлардан ҳисобланади. Ҳозирги вақтгача ишлаб чиқилган ва долзарб ҳисобланган транзит коридорлари лойиҳалари ичида энг истиқболлиларидан яна бири сифатида Ўзбекистон билан Яқин Шарқ мамлакатларини боғловчи Ўзбекистон —Туркманистон — Эрон — Ўмон транспорт тармоғи лойиҳаси ҳисобланади.

Ушбу халқаро транспорт коридорини яратиш бўйича шартнома 2016 йил апрель ойида кучга кирган. Эндиликда фақатгина назарий ишлардан амалий ҳаракатларга ўтиш қолди. Лойиҳанинг тўлиқ битказилиши табиий равишда Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ мамлакатлари билан савдо ва маданий алоқалари кучайишига хизмат қилади. Албатта, бу ҳолатда Миср давлати минтақадаги араб давлатлари билан муносабатларни йўлга қўйишда кучли сиёсий ҳамкор бўлиши мумкин.

2017 йил якунларига мувофиқ, Миср ялпи ички маҳсулоти миқдори 256 миллиард АҚШ долларини ва харид қобилияти паритети бўйича эса 1 триллион 200 миллиард долларни ташкил этди. Бу мамлакатнинг етарли даражада молиявий куч ва инвестицион салоҳиятга эга эканлигидан далолатдир. Юртимизда бизнес учун зарур шарт-шароитлар ва хорижий сармоядорлар учун қулай инвестицион муҳитнинг яратилаётгани Миср инвесторларида Ўзбекистонга сармоя киритиш ғоясини туғдирса ажаб эмас.

Истиқболли соҳалар

Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ва Миср бизнесменлари уюшмаси ўртасида бўлиб ўтган учрашувда имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми иқтисодий муносабатларнинг жонланаётганлигига ёрқин мисолдир. Шартнома бандларига асосан, мамлакатимиз Мисрга “Artel” миллий компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган маиший-техника воситаларини экспорт қилиш имкониятига эга бўлди.

Шу келишув доирасида Мисрнинг “Eco Solar Energy” компанияси “Artel”нинг қуёш панелларини харид қилиш истагини билдирди. Маълум бўлишича, мазкур компаниянинг мақсади “Artel” корхонасининг бундай маҳсулотларини нафақат Миср бозорларига олиб кириш, балки Ливияда ҳам унинг харидорларини топишга қаратилгандир.

“Toshiba — Al-Arabi” корхонаси эса Ўзбекистон иқтисодига катта миқдорда сармоя киритиш мақсадини маълум қилди. Миср компаниясининг ушбу инвестицияси “Ўзэлтехсаноат” билан ҳамкорликда Ўзбекистонда маиший-техника воситаларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришни кўзда тутувчи заводлар қурилишига мўлжалланади.

Бундан ташқари, Миср ва Ўзбекистон ўртасида тўқимачилик соҳасида алоқаларни кучайтириш кутиляпти. Шу йилнинг март ойида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Мисрнинг етакчи “Shamsy Group” компанияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда иккала ташкилот ҳам ҳамкорликда қўшма корхона ишга тушириш истагини билдирди.

Миср тўқимачилик соҳасида сезиларли ютуқларни қўлга киритган давлатлар қаторига киради. Умумий саноатнинг 25 фоизи тўқимачилик ҳиссасига тўғри келади. Мисрда пахта етиштиришдан тортиб, тайёр кийим-кечак маҳсулоти ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараён миллий корхоналар томонидан мамлакатнинг ўзида амалга оширилади. Бу эса Мисрнинг тўқимачилик саноати минтақадаги бошқа давлатлардан ишлаб чиқаришнинг барча циклини ўз ичига олиши билан ажралиб туришини кўрсатади.

Шу билан бир қаторда, Миср билан кенг манфаатли савдо ва иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишда қуйидаги соҳалар истиқболли ҳисобланади.

Фармацевтика. Дори-дармон ишлаб чиқаришнинг кўплаб соҳаларида Миср ютуқларни қўлга киритганига қарамай истеъмолчилар миқдорининг катталиги туфайли мамлакат ўз ички эҳтиёжларини тўлақонли таъминлаш учун етарли миқдорда фармацевтика воситаларини ишлаб чиқармайди.

Миср ички бозорида дори-дармон тайёрлаш билан 22 та трансмиллий корпорация фаолият кўрсатади. Лекин бир йиллик чет элдан мамлакатга кириб келаётган фармацевтик маҳсулотлар импорти 2 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Агар юртимизда 150 дан ортиқ маҳаллий корхоналар 2,5 мингдан ортиқ турдаги дори воситаларини ишлаб чиқараётганини инобатга олсак, бу катта бозордан биз ҳам ўз улушимизни топишимиз мумкин.

Озиқ-овқат саноати. Мисрнинг озиқ-овқат саноати мамлакат иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган тармоғи саналади. Иқтисодиётнинг бу тармоғида, асосан, хусусий корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу саноат тармоғи ўзининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига киритадиган ҳиссаси бўйича энг асосий бешта тармоқ сирасига киради.

Ўзида 45 та етакчи компанияни бирлаштирувчи “Holding Co. for Food Industries” хусусий корхонаси Миср озиқ-овқат саноатида фаолият кўрсатувчи энг йирик ташкилотдир.

Миср мева ва полиз экинлари шарбатларини экспорт қилиш бўйича Ўрта ер денгизи минтақасидаги бешта йирик давлатлардан бири ҳисобланади. Зайтун маҳсулотларини етиштириш ва тайёрлаш бўйича дунёдаги 10 та йирик давлатдан бири саналади. Дунёдаги йирик пишлоқ етказиб берувчи мамлакатлар ичида олтинчи ўринда туради.

Шунга қарамай, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари билан мамлакат ўз ички эҳтиёжини қоплай олмайди. Миср дунёдаги энг йирик буғдой импорт қилувчи давлатлардан бири саналади. Дунё бўйича буғдой импортининг 7 фоизи Миср ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатнинг ўзи 8 миллион тоннага яқин буғдой етиштирилса-да, ички эҳтиёжини қондириш учун йилига яна 12 миллион тоннадан ортиқ буғдой импорт қилади. 2017 йилда Миср дон маҳсулотлари хариди учун 4 миллиард, гўшт ва гўшт маҳсулотлари учун 1,5 миллиард, шакар учун 800 миллион, ҳайвон ва ўсимлик ёғлари учун 1,3 миллиард, полиз маҳсулотларига 455 миллион ва сут-тухум маҳсулотлари импортига 470 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлади.

Кимё саноати. Миср кимё саноати бевосита унинг нефть-газ тармоғи ривожи билан узвий боғлиқ. Минерал ўғитлар ва нефть-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш Миср кимё саноатининг асосини ташкил этади. Бу саноат тармоғи йилига 7 миллион тонна минерал ўғит ишлаб чиқаради ва бу эса мамлакат ички эҳтиёжини тўлиқ равишда қоплайди. Яқин келажакда Миср ҳукумати ишлаб чиқариш қувватини 9 миллион тоннага кўтаришни режалаштирган.

Қишлоқ хўжалиги. Миср ерларининг 96 фоизи чўлдан иборат. Деҳқончилик билан фақатгина Нил дарёси бўйлари ва Нил водийсида, шунингдек, Ўрта ер денгизи бўйларида шуғулланиш мумкин. Деҳқончиликка яроқли ерларнинг умумий майдони 2,5 миллион гектарни ташкил этади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан Миср ўз эҳтиёжларининг 40 фоизини таъминлайди.

Туризм етакчи мавқега эга

Икки давлат ҳам инсоният тамаддунининг қадимий ўчоқларидан ҳисобланади. Бу ҳақда мамлакатларимизда қад кўтарган ва сақланиб қолган меъморий обидаларнинг сони ва салмоғи гувоҳлик бермоқда. Бундай ҳолат туризм соҳасини иқтисодиёт учун стратегик йўналишга айланишига замин ҳозирлаган.

2017 йилда “Пирамидалар ўлкаси”га ташриф буюрган туристлар сони 8,3 миллион кишини ташкил этди ва бу 2016 йилдагига нисбатан сайёҳлар улуши 54 фоиз ошганлигини кўрсатди. Мисрнинг туризм соҳасидаги улкан тажрибасини инобатга олган ҳолда, бу давлат билан ўзаро тажриба алмашиш Ўзбекистон учун ҳам соҳадаги имкониятларни янада кенгайтиришда қўл келади.

2017 йил якунига кўра, Миср аҳолиси 96 миллион кишига етди. Бу Миср араб мамлакатлари ичида энг кўп аҳолига эга давлат эканлигини кўрсатиб турибди. Мазкур ҳолат икки давлат ўртасидаги сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик ўзаро сайёҳлар алмашинуви даражасида ҳам амалга оширилса, бу мамлакатимизга ташриф буюраётган туристлар кўламининг ортишига хизмат қилади.

Бунда, албатта, мамлакатимизнинг мусулмон ўлкалари учун нуфузли зиёратгоҳлардан бири ва юртимиз ислом дини буюк алломалари истиқомат қилган замин эканлигини инобатга олсак, фикримиз замиридаги муддао янада яхшироқ намоён бўлади.

Шу билан бир қаторда, Мисрнинг нафақат қадимий обидалари, балки турфа хил ноёб музейлари билан ҳам хорижий сайёҳларни жалб эта олиши бу давлат билан туризмнинг музейшунослик соҳаси бўйича изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш манфаатли бўлишини тасдиқлаяпти.

Ҳозирги кунда биргина Қоҳирада 26 та, Искандарияда эса 12 та музей фаолият кўрсатаётир. Буларнинг ичида машҳурлари сифатида Қоҳира давлат музейи, катта Миср музейи, Копт музейи, ислом санъати музейи, Нубия музейи ва Искандария миллий музейини келтириш мумкин. Миср музейлари экспонатлари жиҳатидан бойлиги ва меъморчилигининг ноёблиги билан дунёнинг бошқа музейларидан ажралиб туради. Мисол тариқасида айтсак, Қоҳирадаги ислом санъати музейи коллекциясининг ўзи ўрта асрларга тааллуқли бўлган араб, турк ва форс халқларининг 100 мингдан ортиқ қўл ҳунармандчилиги санъат дурдоналарини ўз ичига олади.

Хулоса ўрнида айтганда, Миср мамлакатига Ўзбекистон учун араб дунёси ва мусулмон оламида, шунингдек, Африка китъасида алоҳида қадр-қимматини сақлаб қолаётган давлат сифатида назар солиш борасида барча асосларга эгамиз. Икки давлат ҳам ўзаро иқтисодий ва савдо муносабатларининг жадаллаштирилиши янги мазмун ҳамда шакл билан тўлдириш талаб этиладиган ривожланиш босқичига етиб келди. Ушбу жараёнда икки томонлама алоқаларга янгича руҳ берилиши ўзаро манфаатли бўлиши шубҳасиз. Қолаверса, Ўзбекистон йирик транспорт тармоқлари имкониятларини ишга солиб, дунё уммони ва бозорларига интилаётган бир даврда, ушбу давлат Яқин Шарқ ва “қора қитъа” мамлакатлари билан самарали савдо-иқтисодий алоқаларини жонлантиришда кўприк вазифасини бажариши мумкин.

Азиз КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

етакчи илмий ходими.