Ўзбекистонда болалар манфаатлари қандай ҳимоя қилинмоқда? — эксперт билан суҳбат

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг замирида халқ манфаатлари ётади. Давлатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ қилинмоқда. Айниқса, аёллар ва болалар манфаатини ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятларга қилган сўнгги ташрифларида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашуви ҳамда уларга яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишуви жамоатчилик томонидан илиқ қабул қилиняпти. Ушбу мавзу долзарблигидан келиб чиқиб, мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий илмий ходими Анвар Хўжаев билан суҳбатлашди. Унда ҳозирги кунда мамлакатимизда болалар, хусусан, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

— Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳам бошқа болалар сингари ҳаётда ўз ўрнини топишга, илм олиб, оила қуриб бахтли яшашга ҳақли. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда меҳрибонлик уйлари ва уларнинг тарбияланувчиларига берилаётган эътибор, яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

— Авваламбор шуни таъкидлаб ўтишни истардимки, болага ўз ота-онаси томонидан бериладиган меҳр, эътибор, тарбиянинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди. Афсуски, жамиятимизда турли сабабларга кўра ота-онасиз ва боқувчисиз қолиб кетаётган фарзандлар ҳам бор. Ушбу болаларга ўз вақтида эътибор қаратилмаса, уларнинг жамиятга мослашувига шароит яратилмаса, бу салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Шу нуқтаи назардан, мураккаб шароитга тушиб қолган болаларни ҳимоя қилиш давлатнинг асосий ижтимоий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар манфаатларини ҳимоя қилишда, уларнинг жаҳон андозаларига мувофиқ билим олишида, ҳаётда ва жамиятда ўз ўрнини топишида жуда кенг ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда, мамлакатда ижтимоий етимликнинг олдини олиш, аҳоли ва ёшлар орасида соғлом оила қуришга масъулият билан ёндашишни тарғиб қилиш, оилавий қадриятларга маънавий-ахлоқий муносабатни шакллантиришга ҳам катта эътибор бериляпти.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори орқали етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг жадал ижтимоий мослашувига кенг имкониятлар яратиш ва бошқа зарур чоралар бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда.

Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатимизда 17 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчаси мавжуд бўлиб, уларда жами 1950 нафар етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бола тарбия олмоқда.

Маълумот ўрнида. Ушбу тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари ҳудудлари ҳамда хоналарига жами 686 та видеокузатув камераси ўрнатилган. Шунингдек, улар қўшимча телефон алоқаси хизмати билан таъминланган ҳамда Интернет тармоғига уланган.

Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг таълим-тарбияси ва таъминоти тўлиқ давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Уларнинг кундалик эҳтиёжларидан тортиб, уй-жой билан таъминланишигача бўлган жараёнларнинг механизмлари ишлаб чиқилган ва давлат томонидан доимий назорат қилиняпти. Айни вақтда, моддий қўллаб-қувватлаш билан бирга маънавий қўллаб-қувватлаш, фикримча, ҳар қандай боланинг кўнглига йўл топиш ва уни шахс сифатида тарбиялашнинг муҳим омилларидандир.

Шу ўринда етим болалар ва ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга берилган имтиёзларга тўхталиб ўтиш жоиз деб ҳисоблайман. Аввало таъкидлаш лозимки, уларнинг таълим муассасаларида (академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларда, олий ўқув юртларида) таълим олишлари, шунингдек, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасалар хизматидан фойдаланиш билан боғлиқ барча сарф-харажатлар давлат томонидан тўлиқ қопланади.

Жумладан, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг шахсий харажатлари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида (490 минг сўм) пул маблағлари ажратилади. Бундан ташқари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари пул нафақалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа зарур буюмлар билан ҳам таъминланади.

Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилиши таъкидланди.

Президентимизнинг «Ҳозирги кунда мамлакатимизда алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган 150 минг нафар фарзандларимиз бор. Уларнинг таълим олиши, аниқ бир касбни эгаллаши учун кўмаклашиш, оғир касалликка чалинганларини даволаш, чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш, уй-жой билан таъминлаш — нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимиздир» – деган сўзлари мазкур масалага энг юқори даражадаги эътибордан дарак беради.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилиши, бундай эзгу ишларни тизимли йўлга қўйиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм йўналтириш ташаббуси жамоатчилик томонидан  кенг қўллаб-қувватланди.

Ушбу имтиёзлар ва имкониятлар албатта фарзандларимизнинг келажакда интеллектуал салоҳиятли, ҳар томонлама соғлом ва жамиятимизга фойдаси тегадиган инсонлар бўлиб етишида муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

— Биламизки сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро ташкилотлар билан турли соҳаларда кенг ҳамкорликни амалга оширмоқда. Хусусан, ЮНИCEФ билан ҳам болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида биргаликда тадқиқотлар олиб борилмоқда. Умуман олганда мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида халқаро ташкилотлар билан олиб борилаётган ҳамкорлик хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Маълумки, халқаро ҳужжатлардан бири бўлган болалар манфаатларини акс эттирувчи Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция 1989 йилда 20 ноябрда Нью-Йорк шаҳрида БМТ бош Ассамблеясининг қарори билан қабул қилинган. Унга Ўзбекистон 1992 йилда қўшилди. Ушбу конвенция дунёда энг кўп давлатлар томонидан ратификация қилинган БМТ битими ҳисобланиб, у бутун жаҳон болалари ҳаётини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда ҳам бола ҳуқуқларини таъминлашда қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга қарши курашиш бўйича сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат раҳбари, парламенти ва ҳукумати саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Амалга оширилган тегишли чора-тадбирлар натижасида 2018 йил AҚШ Ўзбекистон пахта маҳсулотларини болалар меҳнати орқали етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйича ишлаётган болалар (5-17 ёш) сони 218 миллионни ташкил этиб, шулардан 152 миллиони бугунги кўринишдаги қулдорлик қурбонлари ҳисобланади, яна 73 миллиони ҳаёт учун хавфли бўлган меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ролини янада кучайтириш ва ваколатларини кенгайтиришга қаратилган 2020 йил 29 майдаги «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишларни муайян тартибга солиб, зарур йўналишларни белгилаб берди.

Шунингдек, ЮНИCEФ, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ва Олий Мажлис палаталари билан биргаликда Ўзбекистонда «Болалар Омбудсмани тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, боланинг қонуний вакиллари ва болаларнинг ўзлари тўғридан-тўғри Омбудсманга мурожаат қилиш имкониятини яратувчи, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тавсиялар бериш мақсадида «Ишонч телефонлари»ни ишга тушириш режалаштирилмоқда.

ЮНИCEФ ташкилоти Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ва бошқа мутасадди давлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиладиган тадқиқотлар натижалари асосида болалар орасида мавжуд муаммолар аниқланмоқда ва уларнинг ечимларига оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, ЮНИCEФ ҳамда мутасадди давлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган «Озиқланиш бўйича миллий тадқиқот», «Ўзбекистонда дарсликлар тайёрланиши, чоп этилиши ва қўлланилиши соҳасини тартибга солувчи сиёсат таҳлили», «Пандемия шароитида 2020-2021 ўқув йили: Ўзбекистонда ҳар бир бола учун сифатли таълимни таъминлаш бўйича кўрсатмалар», «Илк қадам»мактабгача таълим муассасасининг Давлат ўқув дастури», «Ўзбекистондa ногиронлиги бўлгaн болaлaр вa кaттaлaр aҳволининг тaҳлили» каби кўплаб тадқиқотлар натижалари доирасида болаларнинг таълим олиши, соғлиғини муҳофаза қилишга, уларнинг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар аниқланиб тегишли тавсиялар ишлаб чиқилмоқда ҳамда амалиётга татбиқ қилинмоқда.

— Маълумки, барча жамиятларда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам мавжуд ва давлат уларни етарлича ўз ҳимоясига олади. Шу маънода мамлакатимизда эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг ижтимоий ҳимоясини, айниқса уларнинг соғлиғини таъминлашда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Авваламбор таъкидлаш лозимки, ҳар томонлама соғлом жамият қуришни истасак она ва бола саломатлигига катта эътибор қаратишимиз шарт. Шу мақсадда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилишини, бу жараён билан 2021 йилда – 11 миллион нафар, 2022 йилда – 17 миллион нафар аҳоли қамраб олиниши ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилишини таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари аёллар ва болаларни ёд, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилишига алоҳида урғу берилди.

Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида аҳолининг соғлом овқатланиши ва жисмоний фаоллигини таъминлашда давлат сиёсатини янада мустаҳкамлаш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2021 йил 1 июндан бошлаб 6 — 23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан таъминлаш, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларни «A» витамини билан таъминлаш, 2 — 10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминлаш белгиланган. Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан бошлаб ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3 —15 ёшдаги болалар ёд препарати билан, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, «Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида»ги қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу соҳада қилиниши керак бўлган ишлар учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга «Замин» халқаро жамоат фонди томонидан 2020 йилнинг 1 июнида эшитиш қобилияти заиф ва кар болалар ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун кохлеар имплантларни ўрнатиш бўйича ҳар йили 30 та жарроҳлик амалиётини ўтказишни назарда тутувчи дастур ишга туширилганини эълон қилди. Дастур доирасида июнь-ноябрь ойлари давомида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази билан биргаликда ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг 200 нафар ўқувчиларига комплекс ташхис кўриги ўтказилди. Эшитиш қобилияти заиф болалар учун таълимни ривожлантириш дастури доирасида «Замин» фонди ихтисослаштирилган мактабларни ёрдамчи ускуналар билан жиҳозлаш компонентини бошлади ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга бошланғич синфлар учун зарур жиҳозларни тақдим этиб келмоқда.

Маълумот учун. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёж айниқса пандемия даврида янада ошди. Ушбу қийин вазиятда давлат раҳбари томонидан «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурилди. Ушбу умумхалқ ҳаракати доирасида фидойи ва олижаноб ватандошларимизнинг фаол иштирокида 800 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга 1 триллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.

— Албатта Ўзбекистонда ҳар жабҳада юқори марраларни кўзлаб ислоҳотлар олиб борилмоқда ва шу йўлда учраётган айрим қийинчиликларни енгиб ўтишга жиддий ҳаракат қилинмоқда. Шу ўринда ҳозирги кунда болалар манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қандай муаммоларни бартараф этиш чоралари кўриляпти?

— Ҳар қандай муаммони ижобий ҳал қилишни истасак, аввало ушбу муаммони келтириб чиқараётган омилларни, шарт-шароитларни аниқлашимиз лозим бўлади. Бу эса тегишли мавзуларда илмий-амалий тадқиқотлар ўтказишни, уларнинг натижаларини таҳлил қилиш асосида долзарб хулоса ва таклифларни ишлаб чиқишни талаб этади. Яъни, азалдан болажон бўлиб келган жамиятимизда нега болалар ҳимояси зарурат даражасига кўтарилди? Қандай омиллар ва шарт-шароитлар болаларнинг ҳар томонлама камол топишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин? Шунга ўхшаш қатор саволларга жавоб топиш вазиятга тўғри баҳо беришга ёрдам беради.

Бу борада авваламбор эътиборни талаб қиладиган муаммолар дунёда жадал ривожланиб бораётган глобаллашув шароитида янги тўқнашув ва таҳдид турларининг юзага келаётгани билан боғлиқ. Глобал ахборот майдонида гибрид характерга эга хавф-хатарларнинг кучаяётгани, биологик ва кимёвий қуроллардан, шу жумладан болалар иштирокида фойдаланиш фактларининг кўпаяётгани шундай муаммолар жумласидан дейиш мумкин. Афсуски, бунда аксарият ҳолларда болалар тўқнашувларнинг иштирокчисига, таъбир жоиз бўлса, нишонига айланиб қолмоқда. Ёш авлод онгига зарарли таъсир қилувчи бузғунчи чақириқлар кучаймоқда. Шу боис болаларимизнинг маънавий онгини мустаҳкамлаш, «оқ» ва «қора»ни ажратишни ўргатиш, ҳар қандай ахборотни таҳлил қилиб, ундан тўғри фойдалана олиш кўникмасини шакллантириш ҳозирда энг асосий вазифалардан биридир.

Менинг фикримча қуйидаги ижтимоий характерга эга муаммолар болаларимизнинг руҳиятига, маънавиятига ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда:

- биринчидан, гарчи оилавий ажримлар сони камаяётган бўлсада, бундай муаммо натижасида болалар энг кўп азият чекаётганини қайд этиш лозим.

Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда 31,3 мингта оилалар ажрашган бўлса, ушбу кўрсаткич 2020 йилда 28,2 мингтани ташкил қилган.

Оилавий ажримларни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар, ОАВ орқали тарғиботлар албатта ажримлар сонини камайишига таъсир қилмоқда. Лекин оилавий ажримлар, оиладаги зўравонликлар масаласи бугунги кунда долзарблигича қолмоқда ва бу янада таъсирчан механизмлар ишлаб чиқишни тақозо қилмоқда. Психологларнинг фикрича, оилавий ажримлар натижасида фарзанд чин ёки ярим етимга айланиб қолиши бола учун энг катта фожеадир;

– иккинчидан, таълим тизимидаги айрим камчиликлар. Тан олиш керакки ҳозирги кунда мактабгача таълимда, мактабларда ва олий таълим тизимида ҳуқуқий, ташкилий ва интеллектуал жиҳатдан ижобий ўзгаришлар қилинаётган бўлсада, юқори малакали кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар, коррупциявий ҳолатларнинг учраб туриши, рақобатбардош таълим стандартларини жорий қилишдаги йўқотилган йиллар ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб турибди;

– учинчидан, оилада ота-онанинг бола тарбиясига етарлича эътибор бермаётгани ҳам бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири дейиш мумкин. Бу борадаги муаммоларни бартараф этиш эса, аввало, ота-оналар орасида ишсизликнинг кучайишига, оилада маънавий иммунитетнинг заифлашувига йўл қўймаслик чораларини кўриш лозим.

Маънавиятнинг ҳаётимизда тутган муҳим ўрни эса Президентимизнинг қуйидаги фикрларида аниқ ва равшан кўрсатиб этилган: «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир».

Умуман олганда, биз ўз келажагимизни ёш авлодга тўғри таълим-тарбия, эътибор бериш, уларнинг иқтидорини рағбатлантириш орқали қуришимиз мумкин ва лозим. Бунда нафақат давлатнинг ўрни, балки ҳар бир ота-она ва фуқаронинг иштироки ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга. 

— Мазмунли суҳбат учун раҳмат.

"Халқ сўзи"

Манба