Афғонистонда барқарор тинчликнинг ўрнатилиши Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари фаровонлигининг муҳим омилларидан бири

Шу йилнинг 27 январ куни “Ҳиндистон – Марказий Осиё” давлат раҳбарлари иштирокида биринчи саммит ташкил этилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақалараро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, ўзаро тарихий боғлиқликни қайта тиклашнинг энг муҳим шарти минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон раҳбари бунинг учун аввало Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш, ушбу мамлакатда гуманитар инқироз авж олишига йўл қўймаслик муҳимлигини қайд этди.

Дарҳақиқат бугунги кунда афғон халқи иқтисодий ва гуманитар инқирозни бошдан кечирмоқда. БМТ маълумотларига кўра ҳозирги вақтда 23 миллион ушбу давлат фуқароларига очлик раҳна солмоқда.

Агар вазият ўнгланмаса, иқтисодий инқироз давом этадиган бўлса, 2022 йилнинг ўрталарига бориб 38 миллионлик Афғонистон аҳолисининг 97% очарчиликка юз тутиши мумкин.

Бугунги кунда Афғонистонда гуманитар вазиятнинг ёмонлашувининг олдини олиш мақсадида халқаро ҳамжамият, шу жумладан, унга қўшни бўлган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари афғон халқига беғараз инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон 2021 йилнинг сентябр ва декабр ойларида Афғонистонда озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва кийим-кечаклардан иборат бўлган умумий ҳисобда 88 вагонлик инсонпарварлик ёрдамини жўнатди.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали бошқа давлатларга ҳам Афғонистонга гуманитар ёрдам юбориш имкониятини тақдим этди. Жумладан, БМТ Термизда Афғонистонга ёрдам юкларини юборувчи Бош логистика марказини ташкил этди.

Қайд этиш лозимки, Ҳиндистон ҳам Афғонистон иқтисодий тараққиётига энг катта ҳисса қўшган йирик донор давлатлардан бири ҳисобланади. Сўнгги 20 йил давомида Афғонистоннинг барча 34 вилоятида Ҳиндистон томонидан 3 миллиард долларлик ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилган.     

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, афғон заминида тинчлик ва барқарор ривожланишнинг таъминланиши Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро тарихий боғлиқликнинг қайта тикланишида муҳим омил ҳисобланади. Азалдан Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи муҳим кўприк бўлиб келган. Аммо турли тарихий жараёнлар ва бу давлатда давом этган узоқ йиллик уруш натижасида ушбу боғлиқлик узилиб қолди.

Шу нуқтаи-назардан афғон диёрида барқарорликка эришиш умумминтақавий иқтисодий имкониятларини кенгроқ рўёбга чиқаришга, Афғонистон худудида муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга имконият яратади. Қолаверса Афғонистон минтақавий иқтисодий жараёнларнинг муҳим иштирокчисига айланиши, ушбу давлат фаровонлигига, янги иш ўринларинининг яратилишига хизмат қилувчи янги имкониятлар очилишига хизмат қилади. 

Тарихий боғлиқликнинг қайта тикланиши эса Евросиёнинг икки йирик минтақаси ҳисобланган Марказий ва Жанубий Осиёда иқтисодий фаровонлик ва тараққиётнинг кучайишига сабаб бўлади.

Бугунги кунда ҳам деярли 2 миллиард аҳоли ва 3,5 трилион долларлик ялпи ички маҳсулотга эга бўлган, дунёнинг энг тез тараққиётга эришаётган минтақаларидан бири бу Жанубий Осиёдир. Иқтисодий таҳлилчиларинг пргнозларига кўра, 2030 йилга бориб Ҳиндистон дунёда истемол бозорининг ҳажми бўйича АҚШ ва Хитойдан сўнг учинчи ўринга чиқиб олади.

Бугунги кунда Жанубий Осиёнинг жаҳон иқтисодий ривожига қўшаётган ҳиссаси 15% ташкил этаётган бўлса, 2040 йилга бориб бу кўрсаткич 30% фоизга етиши мумкин. Ҳозирги иқтисодий ривожланиш темплари сақланиб қоладиган бўлса Жанубий Осиё дунё иқтисодиётининг янги локомотивига айланиши мумкин.

Шу нуқтаи-назардан ривожланиш босқичида бўлган Марказий Осиё давлатлари учун Жанубий Осиё мамлакатлари, айниқса унинг иқтисодий йирик давлатларидан бири бўлган Ҳиндистон билан барча йўналишларда алоқаларни ривожлантириш нафақат минтақалараро барқарор, иқтисодий ривожланишга хизмат қилади, балки Афғонистонда ҳам бардавом тинчлик ўрнатилишига хизмат қилади.

Рустам Хурамов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

бўлим бошлиғи