Ҳамдўстлик доирасида ҳамкорликни кучайтириш – мамлакатларнинг фаровонлиги ва аҳоли соғлигини сақлаш йўлидаги муҳим омилдир

МДҲ давлатлари раҳбарларининг саммитида Ҳамдўстлик мамлакатларида санитария-эпидемиологик соҳасида соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва мониторинг қилиш тизимини яратиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Келишувни имзолаш хусусидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг таклифи катта қизиқиш уйғотди.

Коронавирус пандемияси тарқалиши юқумли касалликларга қарши курашда халқаро ҳамкорликни кучайтириш масаласини янада долзарблаштирди. Бу масалада кечикиш кўплаб инсонларнинг ҳаётига хавф туғдирибгина қолмай, давлатнинг иқтисодий тизими ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон МДҲга раислиги даврида Ҳамдўстлик давлатларининг аҳолиси саломатлигини сақлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини таъминлаш бўйича зарур бўлган барча чора-тадбирларни кўрди.

Ўзбекистон мутахассислари COVID-19га қарши курашга ўз ҳиссасини қўшди. Юзага келган вазиятни чуқур таҳлили асосида пандемияга қарши курашиш бўйича аниқ чора–тадбирлар ишлаб чиқилди. Ушбу ёндошув Ҳамдўстлик давлатларидаги дастурлар билан мувофиқлаштирилди ва кенг тарқатилди.

Ўзбекистон раислигида Ҳамдўстлик мамлакатлари санитария-эпидемиологик соҳасида аҳолининг соғлигини сақлаш ва ушбу йўналишда мониторинг тизимини йўлга қўйиш Келишувини имзолаш жараёни ўз якунига етгани – ташкилот учун катта ютуқдир.

Келишув бандларининг амалий татбиқ этилиши, МДҲ давлатлари ўртасида соғлиқни сақлаш ва аҳолининг санитария-эпидемиологик фаровонлигини таъминлаш соҳасида ўзаро алоқаларини янада фаол ривожлантириш имконини беради. Шунингдек, ушбу ҳужжат самарали мониторинг тизимини шакллантириш ва санитария-эпидемиология характеридаги фавқулодда вазиятларни тезкор бартараф этишга хизмат қилади.

Мазкур Келишувни имзолаш ҳамкорликнинг умумий синовдан ўтган услубларини ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратади ҳамда МДҲ маконида санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш соҳасида аниқ лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ҳамкорликнинг энг мақбул форматини белгилайди.

Манба