Давлат рамзи – халқ ифтихори

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг Ватанимиз, халқимиз ҳаётида тутган ўрни, аҳамияти беқиёсдир. Зотан, биз мустақиллик туфайли ўзлигимизни англадик.

Шу ўринда айнан истиқлол туфайли мамлакатимизда мустақиллик тимсоли бўлган давлат рамзларининг қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Зеро, эл-юртимизнинг ғурури, ифтихори бўлган бу рамзларда тарихимиз, бой маънавий-маданий меросимиз, миллий урф-одат ҳамда анъаналаримиз, буюк мақсад, эзгу орзу-интилишларимиз ўз ифодасини топган.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз рамзлари – Ватанимиз суверенитети, халқимизнинг нафақат азалий умид ва истаклари, балки порлоқ келажаги тимсоллари ҳамдир. Уларни ҳурмат қилиш, асраш – барчамизнинг фуқаролик ва фарзандлик бурчимиз. Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир.

Шундай рамзларимиздан бири – Давлатимиз гербидир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербида халқимизнинг тарихи, миллий қадриятлари, турмуш тарзи, юртимизнинг гўзал табиати акс этган.

Ундаги ҳар бир ранг, ҳар бир белгида муайян рамзий маъно бор. Хусусан, афсонавий Хумо қуши бахт ва эрксеварлик тимсоли ҳисобланади. Бу эса адолат тамойилига асосланган давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларнинг моҳияти ҳақида сўзлайди.

Гербда халқаро тинчлик ва ҳамжиҳатликка чақирувларни ҳам кўриш мумкин. Жумладан, ярим ой ва юлдузнинг тасвири мамлакатдаги мусулмонлар ва бошқа диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни акс эттириб, мингйиллик диний-тарихий анъаналаримизни қайта тиклашга бўлган истакдан далолат беради.

Буғдой рамзи эса, ўз навбатида, пировард мақсадимиз фаровон ҳаётга интилишни англатади.

Бугунги кунда мустақиллик шарофати билан ушбу интилишлар рўёбга чиқмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсат ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самараси ўлароқ ушбу тамойиллар мустаҳкамланди. Айни пайтда ўзгаришларнинг асосий қисми мамлакат аҳолиснинг фаровонлигини ошириш, адолатли жамият қуриш, Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничилик анъаналарини мустаҳкамлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз гербидан ўзбек халқининг миллий характери, яъни тинчликсеварлиги ва эрксеварлиги ўз аксини топган бўлиб, уни сақлаш ва асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Зеро, Ватан тимсоллари миллий ғуруримизни юксалтиришга, она диёримизга бўлган муҳаббат ва садоқатимизни кучайтиришга, келажагимизга ишончимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тимур Аҳмедов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги cтратегик

ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи