Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи

Жорий йилнинг 24-26 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи бўлиб ўтди.

Абу-Дабида бўлиб ўтган музокараларни СМТИ директори ўринбосари Санжар Валиев қисқача шарҳлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига илк расмий ташрифи, албатта, давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган дунёнинг етакчи давлатлари ва минтақаларига қатор тарихий ташрифлар мажмуасини тўлдирувчи яна бир муҳим сиёсий ходиса бўлди.

Ўзбекистон раҳбарининг Абу-Даби ва Дубайда, Бирлашган Араб Амирликлари валиаҳд шаҳзодаси, БАА Қуролли Кучлари Бош қўмондони ўринбосари шайҳ Муҳаммад бин Зоид ал Наҳайён билан, Бош вазир ўринбосари, БАА  ички ишлар вазири шайҳ Саиф бин Зоид ал Наҳайён ҳамда БАА вице-президенти, Бош вазир, Дубай амири шайҳ Муҳаммад бин Рашид ал Мақтум билан олиб борган музокаралари натижалари Ўзбекистон-Амирлик муносабатларида янги давр бошланганлигидан далолат беради.

Инвестициялар, молия, муқобил энергия, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, божхона маъмурияти, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги имзоланган ҳужжатларнинг умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлиб, улар икки мамлакат ўртасида узоқ муддатли ўзаро манфаатли алоқалар учун мустаҳкам асос яратади.

Бугунги кунда БАА молиявий-иқтисодий соҳадаги муваффақиятлари уларни изчиллик билан нафақат Яқин Шарқ минтақасида, балки халқаро миқёсда ҳам муҳим сиёсий иштирокчи сифатида танитмоқда. Мамлакат атроф минтақаларда бир қатор низоларни бартараф этишда муҳим рол ўйнамоқда ва гуманитар ёрдам кўрсатишга катта ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, Абу Даби мамлакат иқтисодиётни диверсификация қилиш ва унинг нефтга қарамлигини камайтириш борасида ажойиб натижаларга эришди. 2018 йилда мамлакатнинг номинал ялпи ички маҳсулоти 400,9 миллиард долларни ташкил этди. “Доинг Бизнесс” глобал рақобатбардошлик рейтингида БАА минтақада биринчи ва жаҳоннинг 190 та иқтисодиёти орасида 11-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон учун бундай ютуқларга эришган мамлакат билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориши кўплаб соҳаларда кенг сиёсий ва иқтисодий имкониятларни очиб беради ва Тошкентнинг араб-мусулмон дунёси билан ташқи алоқаларини изчил кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратади.

Мамлакатимизнинг БААга бўлган қизиқиши бир қатор омилларга боғлиқ.

Биринчидан, инвестицион ҳамкорликни алохида таъкидлаш жоиз. Маълумки, Амирликлар нафақат ўзининг инвестицион жозибадорлиги билан, балки минтақанинг етакчи молиявий маркази сифатида ҳам танилган.

Масалан, йирик “Мубадала” компаниясининг инвестиция фонди қарийб 230 миллиард долларга тенг активларга эга. 2017 йилда БААнинг хорижга тўғридан-тўғри амалга ошириладиган хорижий инвестициялари 14 миллиард долларга етди. Уларнинг 40 фоизи Осиё мамлакатларига йўналтирилган.

Иккинчидан, Марказий-Шарқий Осиёда транс-минтақавий транспорт-коммуникация лойиҳаларининг “Шарқ-Ғарб” йўналишида руёбга чиқарилиши доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг хар томонлама жадаллашуви учун катта истиқболлар очилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, иқтисодиёти Яқин Шарқда иккинчи йирик соҳа сифатида танилган Амирликлар турли хил ўзбек товарларини экспорт қилиш учун истиқболли бозорлардан бири ҳисобланади. 2017-йилда БААга товарлар импортининг умумий ҳажми 278 миллиард долларни ташкил этди, шу жумладан 16,4 миллиард долларни БАА фақатгина озиқ-овқат маҳсулотлари импортига сарфлади.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги 33 миллион истеъмолчига эга энг йирик бозор ҳисобланиши нуқтаи назаридан қараганда, ривожланган саноат базаси ва меҳнат ресурсларининг юқори салоҳиятига эга мамлакатимиз минтақада Амирликларнинг асосий иқтисодий ҳамкорига айланиши мумкин.

Учинчидан, ҳар икки мамлакат сайёҳлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун чексиз салоҳиятга эга. Ривожланган инфратузилма ва хизмат кўрсатишнинг юқори даражасига эга булган БАА дунёдаги энг машҳур сайёҳлик йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили қарийб 3,5 миллион кишини ташкил этувчи сайёҳлик сафарлари ҳажми бўйича мамлакат минтақадаги етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Шу жиҳатдан бой маданий ва тарихий меъроси, қулай иқлим шароити ва ички ривожланиши барқарор бўлган Ўзбекистон Амирликлар аҳолиси учун энг аввало мамлакатга "зиёрат туризми" ни амалга ошириш имкониятига эга бўлган истиқболли туризм манзилидир. Яқинда қабул қилинган ушбу мамлакат фуқароларига Ўзбекистонга кириш визаларини бекор қилиш тўғрисидаги қарор БААдан туристик оқимнинг жадал ўсишига ёрдам беради.

Умуман олганда, Ўзбекистон Президентининг ташрифи биз учун аҳамиятли бўлган минтақанинг асосий давлати билан юқори даражадаги алоқаларни ўрнатиш имкониятларини янада кенгайтирди. Келишувларда кўзда тутилган режа ва мақсадларнинг самарали амалга оширилиши икки томонлама алоқаларни сезиларли даражада кучайтиришни назарда тутади. Бундай сай-ҳаракатлардан мамлакатларимиз халқлари манфаатлари учун давлатлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқотнинг мунтазамлигини ишонч билан кутишимиз мумкин.