Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқони

12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини йўллади.

Унда Президентимиз мамлакатимизда мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларнинг натижаларига тўхталиб ўтди.

Кейинги йилларда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу ғоя асосида Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириш, ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан модернизация қилиш бўйича олиб бораётган ислоҳотларимиз натижасида миллий армиямизда чуқур сифат ўзгаришлари юз бермоқда, унинг сафларида хизмат қилиш том маънода шон-шараф ишига айланиб бормоқда», -деб таъкидлади Қуролли кучлар Олий бош кўмондони Шавкат Мирзиёев.

Қайд этиш жоизки, сўнги йилларда мамлакатимизнинг хавфсизлиги, барқарорлиги, сарҳадларининг даҳлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, ҳаракатчан, илғор қуролланган замонавий армияни ташкил бўйича юртимизда кенг миқёсли ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Авваламбор, мамлакатимиз Қуролли Кучларини тубдан ислоҳ қилиш бўйича бир неча меъёрий ҳужжатлар имзоланди.  Ҳусусан, 2018 йилнинг 9 январида – Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда  давлатимизнинг ҳарбий қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича асосий йўналиш ва замонавий ёндашувлар акс эттирилган.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, юртимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш масалалари устувор йўналишлар этиб белгиланди.

Иккинчидан, жанговар салоҳиятни мустаҳкамлаш ва қўшинларнинг тактик тайёргарлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ташкилий ўзгаришлар амалга оширилди. Ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка оид таҳдидлар, ҳарбий санъат назарияси ва амалиётини ривожлантириш, шунингдек, давлатимизнинг ҳақиқий имкониятлари ва ресурсларини ҳисобга олган ҳолда, мамлакат мудофаа тизимини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилди.

Учинчидан, армияни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта жиҳозлаш йўлида улкан қадам ташланди. Ҳусусан, зeнит-ракета тизимлари, дронлар, вертолётлар, зирҳли машиналар, разведка ва электрон уруш ускуналари, ўқотар қуроллар ва бошқа аслаҳалар режа асосида сотиб олинмоқда. Натижада миллий армиямизнинг арсенали сезиларли даражада ўзгармоқда.

Тўртинчидан, ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизими қайта ташкил этилди ва оптималлаштирилди. Янги Ахборот-коммуникация технологиялари ҳарбий институти ва Олий ҳарбий авиация мактаби ташкил этилди. Марказий Осиёда ягона бўлган Қуролли кучларнинг тиббиёт Академияси ташкил этилиб, қисқа вақт ичида инновацион қурилмалар ва жаҳон даражасидаги технологияларга асосланган энг замонавий ўқув-моддий база билан таъминланди.

Бешинчидан, амалий машғулотлар ва машқларнинг интенсивлиги оширилди, ўқитишнинг инновацион ёндашувлари, шакллари ва усуллари, шу жумладан ўқув симуляторлари ва интерфаол комплекслардан фойдаланиш фаол жорий этилмоқда.

Қўшинларни ташкилий ўзгартирилиши ва қайта жиҳозланиши бўлинмалар ва ҳар бир ҳарбий хизматчининг жанговар қобилиятини оширишга туртки бўлди.

Бугунги кунда ҳарбий хизматчиларимизнинг профессионал маҳорати ва обрў-эътибори жаҳон миқёсида ҳам юксалиб бормоқда. Буни мамлакатимиз Қуролли Кучлари вакилларининг нуфузли халқаро ҳарбий мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Олтинчидан, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ҳам комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тегишли имтиёзлар, шу жумладан ҳарбийларнинг фарзандларини ўқитиш учун алоҳида квоталар, уй-жойлар учун ипотека кредитини ажратиш ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-психологик ҳолатини яхшилашга ёрдам беради, армиянинг ижтимоий имиджини оширади.

Еттинчидан, Қуролли кучлар мамлакатимиз аҳолисини, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасида муҳим институт ва самарали кучга айланди. Ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирокида мунтазам равишда ҳарбий-ватанпарварлик ва оммавий спорт тадбирлар ташкил этилмоқда.

Умуман олганда, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондонининг бевосита назорати остида амалга оширилаётган комплекс ҳарбий қурилиш чора-тадбирлари Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлайди. Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар Ўзбекистон армиясини янада юқори, сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш истагидан далолат беради.

 

Наримон Набиев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ етакчи илмий ходими