Эксперт: Ўзбекистон раислигида қабул қилинган стратегик ҳужжатлар МДҲда барқарор ривожланишни таъминлашда долзарб аҳамиятга эга

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти марказ раҳбари Бахтиёр Мустафоев Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотидаги раислигининг якунларига бўйича шарҳ берди.

18 декабр куни Ўзбекистон раислигида онлайн-мулоқот шаклида ўтказилган МДҲ давлат раҳбарларининг учрашуви бугун халқаро эксперт доираларида юқори баҳоланмоқда. Чет эл давлатлари сиёсий доира вакилларининг бундай катта қизиқишини қуйидаги учта омил билан изоҳласа бўлади.

Биринчидан, бу 2020 йилнинг бошидан бутун дунёни қамраб олган эпидемиологик оғир вазият шароитига қарамай давлат раҳбарлари мулоқотининг ташкил этилганлиги; иккинчидан, МДҲ давлатлари ҳудудидаги, хусусан Беларус ва Қирғизистондаги сиёсий вазият, Жанубий Кавказдаги ҳарбий ҳолат; учинчиданва энг асосийси Ўзбекистоннинг ўз тарихида илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотига раислик қилиши.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, юқоридаги омилларга қарамай Ўзбекистон ўзига юклатилган вазифаларни юқори даражада ва муваффақиятли бажарди. Буни биз нималарда кўришимиз мумкин?

Энг аввало, юқорида айтиб ўтилган кўплаб минтақавий ва халқаро ташкилотлар ишини мураккаблаштирган оғир эпидемиологик вазиятга қарамай Ўзбекистон МДҲга раислик концепцияси асосида ҳамдўстликнинг ҳукумат раҳбарлари кенгашиТашқи ишлар вазирлари кенгашиИқтисодий кенгашнинг тегишли йиғилишлари, қолаверса, МДҲ давлат раҳбарлари учрашувини ўтказишга муваффақ бўлди. Шу билан бирга, тармоқлараро ҳамкорлик органларининг 60га яқин мажлислари ташкиллаштирилди. МДҲ ташкилотидаги бундай доимий фаол мулоқот сиёсий, иқтисодий ва маданий гуманитар соҳаларда, ҳамда хавфсизлик соҳасидаги долзарб масалаларни ўз вақтида ҳал этишда муҳим аҳамият касб этди.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг ҳамдўстликдаги раислигининг самарадорлигига ёрқин мисол сифатида МДҲ доирасида 2020 йилда ташкилотнинг устувор йўналишлари бўйича имзоланган муҳим ҳужжатларни айтиш мумкин. Хусусан, МДҲ доирасида сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, маданият, туризм, спорт, ёшлар сиёсати, инновацион ривожланиш каби ҳозирги замон талабларига мослаштирилган устувор йўналишларда Ҳамдўстлик доирасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун замин яратган стратегик ҳужжатлар қабул қилинди.

Қабул қилинган ушбу концептуал ҳужжатлар – 2021-2030 йилларга мулжалланган туризм, жисмоний тарбия ва спорт, ёшлар сиёсати бўйича стратегиялар, «рақамли жамият» ривожланитиришда ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битим, 2025 йилгача ҳарбий ҳамкорлик Концепцияси, 2030 йилгача минтақалараро ва чеграолди ҳудудларнинг ҳамкорлиги бўйича концепция МДҲ маконида барқарор ривожланишни таъминлашда долзарб аҳамиятга эга.

Учинчидан, халқаро муносабатлар тизимида кузатилаётган салбий ҳолатлар – давлатлар ўртасида ўзаро ишончнинг камайиши, пандемия шароитида транспорт ва ишлаб чиқариш занжирларининг узилиши, кўп томонлама тузилмалар фаолиятидаги инқироз сақланиб қолаётган бир вақтда, Ўзбекистон ўз раислиги даврида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилоти муҳим ва самарали мулоқот майдони эканлигини яна бир бор исботлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон МДҲ доирасида ўзаро манфаатларга ва ўзаро тушунишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бунга ёрқин мисол сифатида Ўзбекистоннинг 2020 йилда МДҲнинг Ёшлар ишлари бўйича, Меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича маслаҳатлашув, ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маслаҳатлашув кенгашига қўшилишини айтиш мумкин.

Тўртинчидан, Ўзбекистоннинг МДҲдаги раислиги натижалари барча ҳамдўстликка аъзо давлат раҳбарлари томонидан юқори эътирофга сазовор бўлди. Хусусан, МДҲ давлат раҳбарлари ўз чиқишларида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик изҳор этиб, Ўзбекистон раислиги даврида МДҲ доирасида эришилган юқори натижаларни алоҳида таъкидлашди. Бундан ташқари, саммит якуни бўйича президентимиз ташаббуси билан рақамлаштириш, транспорт, саноат, меҳнат, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича йўл хариталарининг қабул қилиниши МДҲ доирасида барча соҳаларда амалий шерикликни янада ривожлантириш бўйича мамлакатимиз саъй-ҳаракатларининг барча иштирокчилар томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишидан далолат беради.

Манба