СМТИ директори: Мамлакатимиз Туркий давлатлар ташкилоти тадбирлари учун муҳим майдонга айланди

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити: асосий якунлар ва ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ТДТ Истамбулда ва Самарқандда бўлиб ўтган саммитлар оралиғида илгари эришилган келишувларни амалий мазмун билан бойитиш ҳамда “Туркий дунё нигоҳи-2040” стратегиясини амалга  ошириш доирасида янги лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича мисли кўрилмаган фаоллик намойиш этганини қайд этди.

“Мамлакатимиз Туркий давлатлар ташкилоти тадбирлари учун муҳим майдонга айланди”, - деди СМТИ раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Самарқандда “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусида бўлиб ўтган ТДТ биринчи саммити барча тадбирларнинг асосий якуни сифатида намоён бўлди.

Эришилган келишувлар Хитойдан Европагача чўзилган кенг маконни эгаллаган туркий давлатларнинг мамлакатларимиз бирдамлигига, замон билан ҳамнафас бўлишга интилишини кўрсатди.

Саммитда музокаралар якуни бўйича 10 дан ортиқ кўп томонлама ҳужжат, хусусан, Самарқанд декларацияси имзоланди. Ушбу декларацияда ташкилотга аъзо давлатларнинг муҳим ва долзарб минтақавий, халқаро масалаларни, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишилган фикрлари қайд этилган.

“Туркий давлатлар ташкилотининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегияси” тасдиқланиши охирги саммитнинг мантиқий натижаси бўлди. Ҳужжатда яқин йиллар учун кўп томонлама шерикликнинг барча йўналишлари ва дастурлари белгиланган.

Саммит кун тартибида амалий ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Минтақанинг барча мамлакатларида ўзаро савдо ва инвестициявий фаолият учун қулай шароит яратиш, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш каби устувор масалалар шулар жумласидан.

Бинобарин, учрашувда тегишли келишув ва ҳужжатлар, хусусан, Транспорт боғлиқлиги дастури, Халқаро аралаш юк ташиш тўғрисидаги битим имзоланди. Ушбу қарорлар туркий давлатлар ўртасида ўзаро савдони амалга ошириш бўйича вазиятни тубдан яхшилаш учун зарур.

«Айни ҳужжатлар кўп томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилайди. Улар ТДТга аъзо мамлакатлар саъй-ҳаракатини бирлаштириши, бугунги кунда давлатларимиз тўқнаш келаётган таҳдидларга жамоавий жавоб бўлиши керак», - дея сўзини якунлади Э.Арипов.

Хорижлик мутахассислар иштирокидаги онлайн тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Марказий Осиё халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия, Венгриянинг етакчи таҳлилий марказлари, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти котибиятининг 20 дан ортиқ вакили иштирок этмоқда.

Қатнашчилар Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммитининг якуни, аҳамияти, анжуманда Президентимиз томонидан билдирилган муҳим ташаббусларни муҳокама қилишди.

Манба