Бунга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 17-18 февраль кунлари Кувайт га қилган илк расмий ташрифи якунлари мисол бўла олади. Ушбу сафар Ўзбекистон Кўрфаз минтақасида янги ишончли шерикка эга бўлганини кўрсатди. Олий даражадаги учрашувда кузатилган самимийлик, ўзаро ишонч муҳити ва имзоланган шартномалар кўлами буни тасдиқлайди.
Сиёсий ва иқтисодий мулоқот якунларини таҳлил қилиш асосида Ўзбекистон ва Кувайт муносабатларининг келажакдаги истиқболлари бўйича бир қанча муҳим хулосалар қилиш мумкин.
Биринчидан, Ўзбекистон ва Кувайт давлат раҳбарларининг биринчи иккитомонлама учрашувлари 2025 йилда Ўзбекистон мезбонлик қилиши режалаштирилган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши”нинг олий даражадаги иккинчи саммити арафасида бўлиб ўтди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, жорий йилда Кувайт “Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши”га раислик қилмоқда. Жорий йилдаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳатлашув учрашувига эса Ўзбекистон раислик қилади.
Шу нуқтаи назардан, икки давлат ҳам минтақавий ҳамкорликка янги динамика беришда муҳим ўрин тутади.
Шу сабабли расмий Тошкентнинг Эл-Қувейт билан олий даражадаги сиёсий мулоқоти Кўрфаз давлатлари билан ҳам иккитомонлама, ҳам кўптомонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган. Иккитомонлама ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ички иқтисодий манфаатларига хизмат қилса, минтақавий мулоқот платформаси эса унинг ташқи сиёсий мақсадларига мос келади.
Бу ўз ўрнида Марказий Осиё давлатларининг сиёсий жиҳатдан якдиллигини – яъни минтақа номидан биргаликда ва ўзаро манфаатли қарорлар қабул қилиш имкониятини намоён қилади.
Шунингдек, бу ташқи анъанавий ва янги шериклар билан Марказий Осиёнинг барча давлатлари манфаатларига тўлиқ жавоб берадиган ҳамкорлик моделини шакллантиришга хизмат қилади.
Бундай вазифаларнинг амалга ошиши Марказий Осиёда инклюзив иқтисодий тараққиётни ва узоқ муддатли сиёсий барқарорликни таъминлаш имкониятларини очади. Шу маънода, “Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши”га аъзо давлатлар муносиб шерик бўлишлари мумкин.
Айниқса, Кўрфаз давлатларининг биргаликдаги йирик иқтисодий имкониятлари Марказий Осиёнинг кейинги тараққиётига янада катта туртки бериши кутилмокда.
Иккинчидан, Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги истиқболдаги ҳамкорлик икки давлатнинг халқаро майдонда глобал барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш каби кенг қамровли устувор мақсадларига мос келади. Ташқи сиёсий кун тартибидаги ўхшаш қарашлар эса икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамловчи яна бир муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шу сабабли, музокаралар жараёнида давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича фикр алмашиб, кенг қамровли шерикликни ривожлантиришга келишиб олдилар. Томонлар, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва Қўшилмаслик ҳаракати каби нуфузли халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришнинг муҳимлигини таъкидладилар.
Учинчидан, икки давлат муносабатларида иқтисодий ҳамкорлик устувор аҳамият касб этмоқда. Шу ўринда олий даражадаги учрашувлар арафасида Ўзбекистон-Кувайт бизнес-форуми ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Қолаверса, Ўзбекистон президенти Кувайт нинг бир қатор йирик компаниялари раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказди. Уларнинг ичида "Gulf Care General Trading" (Тиббиёт), "Kamco Invest" (инвестицион банкинг), "Kuwait Investment Company" (инвестиция), "Al Imtiaz Investment Group" (молия), "Action Group Holdings" (энергетика/инфраструктура), "Agility Logistics" (транспорт) каби етакчи компаниялар бор.
Юқоридагиларнинг бари томонлар учун ишбилармон доиралари мулоқоти аҳамияти сиёсий мулоқот аҳамиятидан кам эмаслигини кўрсатмоқда. Зеро икки давлат ҳам ҳусусий тадбиркорлик ривожига миллий иқтисоднинг драйвери сифатида қарашади.
Ўзаро муносабатларнинг кейинги тараққиёти эса, биринчи навбатда, Ўзбекистон ва Кувайт давлатлари аҳолиси учун манфаатли бўлиши лозим. Шаклланаётган янги “Ўзбекистон-Кувайт” ҳамкорлик моделида юқоридаги тамойил асосий ўрин тутмоқда.
Зотан Ўзбекистон давлат раҳбарининг Кувайт га илк ташрифи муносабатларнинг иқтисодий таркибини кенгайтириш учун айниқса фавқулодда самарали бўлди.
Шу ўринда эришилган муҳим келишувлар ва уларнинг истиқболларига урғу берган ҳолда “Ўзбекистон-Кувайт” муносабатларининг янги моделининг бир қанча устувор йўналишларини кўрсатиб ўтиш мумкин.
Савдо соҳасидаги хамкорлик. Томонлар ўзаро савдо алмашинувини кўпайтириш ниятидалар. Кувайт Ўзбекистон миллий маҳсулотлари учун янги йирик бозорга айланиши мумкин. Араб томони йилига ўртача 50 миллиард доллар миқдоридаги маҳсулотларни импорт қилади. Бу эса ўзбек миллий ишлаб чиқарувчилари учун янги имкониятларни очади. Шунинг учун Ўзбекистон Эл-Кувайт шаҳрида ўз савдо уйини очиш бўйича келишувга эришди. Мақсад Ўзбекистон миллий маҳсулотларини Кувайт даги потенциал харидорларга танитиш, миллий брендларнинг танилишини ошириш ва уларнинг бозордаги мавқеини мустаҳкамлашдир.
Инвестицион ҳамкорликнинг янги босқичи. Кувайт йирик инвестицион имкониятларга эга мамлакат саналади. Шу сабабли Ўзбекистон араб томони билан инвестицион йўналишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Яқиндаги учрашувда “Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси” билан янги ҳамкорлик дастури доирасида лойиҳалар портфелини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги бежизга эмас. Қолаверса иккитомонлама “Инвестиция платформаси” яратиш бўйича режалар эълон қилинди. Иқтисодий соҳада имзоланган келишувлар тўплами эса деярли 5 миллиард долларни ташкил этди.
Туризм. Кувайт йиллик хизматлар импортининг деярли ярми туризм соҳасига тўғри келади. Кувайт лик сайёҳлар чет элларда 10 миллиард доллардан ортиқ пул сарфлашади. Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси, Шарқ илм-фани ва ислом маданиятининг тарихий марказларидан бири сифатидаги мақоми туфайли Кувайт лик сайёҳлар учун муҳим туризм йўналишлардан бирига айланиши мумкин. Шу ўринда иккитомонлама музокараларда имзоланган “2025-2027 йилларга мўлжалланган туризм соҳасидаги қўшма тадбирлар Дастури” Ўзбекистонга араб туристлар оқимини бир неча баробар кўпайтириш имконини беради.
Саноат кооперацияси. Иккитомонлама учрашувда саноат соҳасидаги ҳамкорлик бўйича шартноманинг имзоланиши ва Ишбилармонлар кенгашини тузиш ҳақидаги биргаликдаги режаларнинг эълон қилиниши орқали “Ўзбекистон-Кувайт ” қўшма корхоналарини яратиш йўлида “тамал тоши” қўйилди. Муносабатларнинг бундай тарзда ривожланиши икки томон учун ҳам фойдалидир. Зотан қўшма корхоналар икки мамлакатнинг ҳам ишлаб чиқариш потенциалини ошириб, янги ишчи ўринлари яратилишига сабаб бўлади. Қолаверса, саноат кооперацияси Ўзбекистон ва Кувайт учун учинчи давлат бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради.
Энг муҳими, ҳамкорлик инновацион йўналишда ҳам ривожланмоқда. Бунга “Ақлли шаҳар”лар қуриш бўйича шартноманинг имзоланиши мисол бўлади. Мазкур соҳада Ўзбекистон Кувайт нинг бой тажрибасидан фойдаланиши мумкин.
Зотан икки давлат ҳам чуқур трансформация даврининг ажралмас қисми ҳисобланувчи жадал урбанизация босқичини босиб ўтмоқда. Яъни, шаҳар аҳолиси сони тезлик билан кўпаймоқда. Шунинг учун “Ақлли шаҳар”ларни қуришдаги ҳамкорлик Ўзбекистонга шаҳар инфраструктурасини замонавий технологияларни интеграция қилган ҳолда ривожлантириш имконини беради.
Бундан ташқари, икки томон ўртасида маданият, таълим ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар мавжуд. Бу эса иқтисодий ва ижтимоий муносабатларнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари Ўзбекистон ва Кувайт га ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мутлақо янги моделини яратиш имконини бермоқда. Муносабатларнинг бундай тарзда ривожланиши Ўзбекистон ва Кувайт ўз иқтисодий тараққиётларининг муҳим палласини бошдан кечираётган бир даврда айниқса фойдали бўлади. Қолаверса, Ўзбекистон-Кувайт муносабатларининг янги босқичи “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” доирасидаги кўптомонлама формат ривожи учун ҳам яна бир пойдевор яратади.
Азиз Каримов
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) етакчи илмий ходими