Ўзбекистоннинг МДҲдаги раислиги якунлари бўйича Ҳамдўстликнинг 2030 йилгача иқтисодий ривожланиш стратегияси қабул қилинди

Охирги йилларда Ўзбекистон МДҲ доирасидаги фаолиятини сезиларли даражада фаоллаштирди. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Ҳамдўстликда биринчи марта раислик қилди. Ушбу даврдаги муҳим воқеа МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши томонидан 2030 йилгача бўлган иқтисодий ривожланиш стратегиясининг қабул қилинганидир.

Қабул қилинган ҳужжатнинг аҳамияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг бош илмий ходими Алексей Кустов билан суҳбатлашдик.

 

МДҲ давлатлари билан алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ўзбекистон Ҳамдўстликни кўп қиррали амалий ҳамкорликни, айниқса савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, шунингдек транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишни чуқурлаштиришнинг муҳим механизми деб билади.

Таъкидлаш жоизки, Президент Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистон биринчи марта 2020 йилда МДҲга раислик вазифасини ўз зиммасига олди ва кўп томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтириш ва самарадорлигини оширишни устувор йўналиш сифатида белгилаб олди.

Ҳамдўстлик давлатлари томонидан МДҲни 2030 йилгача иқтисодий ривожлантириш стратегиясининг қабул қилиниши Ўзбекистон раислиги даврида муҳим воқеа бўлди. Ушбу стратегик ҳужжатда белгиланган мақсадлар ҳаракатлар режаси асосида икки босқичда амалга оширилади. Шунга асосланиб, 2021-2025 йилларда стратегиянинг биринчи босқичи учун МДҲга аъзо давлатлар иқтисодиётидаги COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатлари билан боғлиқ вазиятни ҳисобга оладиган Ҳаракатлар режасини тайёрлаш бўйича фаол ишлар олиб борилди.

Стратегиянинг қабул қилиниши МДҲ давлатларининг узоқ муддатли манфаатлари ва иқтисодий ривожланишининг асосий мақсадлари ўзаро мос келишини яна бир бор тасдиқлайди, шунингдек, уларнинг тенг ва кўп қиррали ҳамкорликдан манфаатдорлигини тасдиқлайди.

Таъкидлаш жоизки, қабул қилинган ҳужжат кенг қамровли бўлиб, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий ўзаро алоқаларнинг 30 га яқин йўналишини қамраб олади. Қўшма саъй-ҳаракатлар давлатлараро савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустахкамлаш, янги кооперацион ва инфратузилмавий лойиҳаларни ривожлантиришга йўналтирилади.

Ишлаб чиқариш технологиялари ва илмий-техника сохаларида ҳамкорлик, инновацияларни жорий этиш ва “рақамли жамият”ни ривожлантириш, таълим салоҳиятини юзага чиқариш йўналишларига катта эътибор қаратилади.

Юқори технологик транспорт тизимларини яратиш, рақобат сиёсатини шакллантириш, агросаноат комплекси, пул-кредит ва молия, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳам тобора катта аҳамият касб этмоқда.

Стратегиянинг асосий мақсади — ҳамкорликда барқарор иқтисодий ривожланиш учун қулай шароитларни яратиш ва фуқаролар фаровонлиги даражасини оширишдир.

Шу муносабат билан Стратегияни амалга оширишнинг асосий кўрсаткичлари аниқланди. Булар ЯИМ ўсиш суръатларининг жаҳондаги ўртача кўрсаткичлар даражасидан юқори бўлиши, жон бошига ЯИМнинг ўсиши, аҳолининг умр кўриш давомийлиги ва ўзаро савдо кабилардир. Шунингдек, энергия сарфини камайтириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва Жаҳон банкининг “Ишбилармонлик даражаси” ва Жаҳон иқтисодий форумининг глобал рақобатбардошлик рейтингларида давлатлар ўрнини кўтариш режалаштирилган.

Шуни таъкидлаш керакки, МДҲ давлатлари ўз мақсадларига эришиш учун барча зарур ресурсларга эга. Ҳамдўстлик дунё ҳудудининг 16 фоизини эгаллайди, унда 286 миллион киши ёки дунё аҳолисининг 3,8 фоизи яшайди. Ҳамдўстлик мамлакатлари дунёнинг табиий газ ва кўмир заҳираларининг деярли 30 фоизига, нефтнинг 20 фоизига, ураннинг 36 фоизига, олтиннинг 20 фоизига, ҳайдаладиган ерларнинг 13 фоизига эгалик қилади.

МДҲни 2030 йилгача иқтисодий ривожлантириш Стратегияси қабул қилинишининг мамлакатимиз манфаатларига мос келиши нуқтаи назаридан бир қатор муҳим жиҳатларини таъкидлаш лозим.

Биринчидан, охирги бир неча йил ичида Ўзбекистон турли даражадаги маслаҳатлашув тузилмаларида тармоқлараро кооперация, савдо-иқтисодий соҳадаги лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон МДҲ доирасидаги иқтисодий ва молиявий ҳамкорликни изчил чуқурлаштирди, бу эса асосий шерикларимиз билан иқтисодий интеграция ҳамда савдо-саноат кооперацияси масалаларини самарали ҳал қилишга имкон берди.

Ўзбекистон МДҲга раислиги даврида Иқтисодий кенгаш, Савдо-саноат палатаси раҳбарлари кенгаши мажлислари, "Бизнес ташаббуслари ҳафталиги" доирасидаги тадбирлар ўтказилди. Шу ўринда, Ҳамдўстлик давлатларининг тижорат арбитражи, иқтисодий ва сайёҳлик форумлари соҳасидаги ҳамкорликка бағишлаб ўтказилган "давра суҳбати"ни алоҳида таъкидлашимиз мумкин.

Иккинчидан, Ўзбекистон Ҳамдўстлик давлатлари билан иқтисодий алоқаларни, шу жумладан минтақавий даражада кенгайтириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдорлигини таъкидлаш муҳимдир. МДҲ мамлакатлари давлатимизнинг энг муҳим иқтисодий шерикларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда уларнинг хиссасига мамлакат ташқи савдоси умумий ҳажмининг 31,2 фоизи тўғри келади. МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон Раҳбарияти томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистон ва Ҳамдўстлик давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 8,3 миллиарддан 14,4 миллиард долларга ошди.

Учинчидан, Ўзбекистоннинг мақсади нафақат иқтисодий жиҳатдан асосланган саноат ишлаб чиқариш муносабатларини сақлаб қолиш, балки уларни самарали ривожлантиришга ҳам қаратилган. Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўли – бу МДҲ давлатлари ўртасидаги саноат кооперациясини чуқурлаштиришдир. Аввало, бу ишлаб чиқариш ва технологик алоқаларни ривожлантириш ва сармоявий ҳамкорликдир.

МДҲ платформасидаги ҳамкорлик механизми инвестициявий, техникавий ва савдо-иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналишларини жамлашга имкон беради. Бундай кооперациянинг муваффақиятли амалга оширилиши ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ва ўзаро савдо ҳажмининг ўсишига ёрдам беради. Шу билан бирга, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларнинг истиқболли йўли бу ўзининг самарадорлигини исботлаган "соддалаштирилган яшил йўлаклар" амалиётини кенгайтиришдир.

Тўртинчидан, замонавий жаҳон тажрибасини инобатга олган ҳолда, 2011 йил “Эркин савдо зонаси тўғрисида”ги битим асосида МДҲга аъзо давлатларнинг ўзаро савдосини янада ривожлантириш устувор вазифага айланади. Зеро, ушбу келишув Ҳамдўстлик маконида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатадиган ҳал қилувчи механизмлардан биридир.

Эркин савдо зонаси миллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг МДҲ мамлакатлари бозорларига киришини осонлаштиради. Ушбу омил Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш учун қўшимча ресурсларни тақдим этади.

Шундай қилиб, келишув доирасидаги эркин савдо шартлари МДҲ иқтисодий маконида саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, енгил саноат ва металлургия маҳсулотларини янада самарали илгари суриш учун барча имкониятларни беради. Демак, ҳужжат ва унинг механизмлари юқори қўшимча қийматга эга бўлган экспортга йўналтирилган юксак технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун кенг имкониятлар яратади.

Хулоса қилиб айтиш керакки, Ҳамдўстлик аъзоларининг иқтисодий салоҳиятини янада оширишда 2030 йилгача МДҲ иқтисодий ривожланиш Стратегияси муҳим роль ўйнаши керак. Ҳужжат уларнинг умумий ва миллий манфаатларини барқарорлаштиради, ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг ёндашув ва устувор йўналишларини мувофиқлаштиради.

Бундан ташқари, Стратегия қоидалари ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини тўлиқ очиб бериш билан биргаликда бутун Ҳамдўстлик ҳудудидаги иқтисодий алоқалар самарадорлигини изчил оширишга хизмат қилади.

МДҲнинг 2030 йилгача бўлган иқтисодий ривожланиш Стратегияси, ишлаб чиқаришга тўртинчи саноат инқилобининг сўнгги технологияларини жорий этиш орқали технологик модернизацияни, саноат кооперациясини чуқурлаштириш асосида экспорт салоҳиятини ошириш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг янги сифат босқичига ўтишга ҳисса қўшади, деб ишонч билан айта оламиз.

Шу билан бирга, ушбу ҳужжатда белгиланган масалаларнинг амалга оширилиши Ҳамдўстлик мамлакатлари иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширади ва турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиради. Бу эса якунда МДҲнинг жаҳон иқтисодий алоқаларидаги мавқеини мустаҳкамлайди.

Источник