Германия бизнеси Ўзбекистонда коронавирус пандемияси шароитида қўллаб-қувватланади

8 апрель куни Германиянинг 30 та йирик компания ва банклари – «ТиссенКрупп», «Метро», «МАН», «Такраф», «Папенбург», «Фалк Порше Текник», «Клаас», «Кнауф», «Дойче банк», «Коммерцбанк», «Ландесбанк» ва бошка бир қатор корхона раҳбарлари иштирокида видеоконференция форматидаги музокаралар бўлиб ўтди.

Видеоконференцияда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков иштирок этди; Германия компаниялари вакилларга “Мангольд Консалтинг” компаниясининг бошқарув раиси К.Мангольд бошчилик қилди.

Музокаралар давомида германия томонига республикамизда коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқирознинг салбий таъсирини юмшатишга қаратилган, инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари ва экспортёрларни мақсадли қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

Ўз навбатида, германиялик ишбилармонлар томонидан вирус тарқалишидан келиб чиққан ноқулай ташқи омилларга қарамай, ўз бизнесларини Ўзбекистонда давом эттириш ва ривожлантиришга катта қизиқиш билдирилди. «Коммерцбанк» ва «Ландесбанк» каби германиялик банклар билан молиявий ҳамкорлик фаол олиб борилмоқда, молиялаштиришнинг асосий қисми тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материаллари тармоқларида хусусий лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

2020 йил учун белгиланган 1,1 млрд. евро миқдоридаги тўғридан-тўғри Германия инвестицияларини тўлиқ ўзлаштирилиши тўғрисида аниқ келишувларга эришилди.

Муҳокама давомида Германия бизнес ва тижорат банклари вакилларига ўзлари қизиққан масалалар, шу жумладан республика ҳудудида бўлган ва чиқиб кета олмайдиган хорижий мамлакатлар фуқаролари учун визаларни узайтириш тартиблари, экспорт фаолиятидаги транспорт харажатлари учун субсидиялар бериш механизмлари, шунингдек ҳозирги инқироз шароитида корхоналарга солиқ имтиёзларини қўллаш бўйича тушунтиришлар берилди.

Тадбир натижасида, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг мувофиқлаштируви асосида мақсадли чора-тадбилар олиб боришни назарда тутувчи Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларни амалга оширувчи германиялик ишбилармонлар билан яқин ҳамкорлик механизмини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Манба