Шу билан бирга, даволанган одамлар улуши касалланганларнинг умумий сонидан аста-секин кўпайишда давом этмоқда. Ушбу кўрсаткич 64 фоизга етиб, ўтган ҳафтага нисбатан 2 фоизга ошди.
Марказий Осиёда касалланиш улуши бутун дунёда аниқланган ҳолатлар статистикасининг ҳалиям 1,09 фоизини ташкил қилмоқда. Тузалганлар кўрсаткичи нисбати 1,2, ўлим ҳолати нисбати эса 0,6 фоизга тенг.
Статистика
«Worldometers» маълумотига кўра, 6 август соат 17:00 ҳолатига дунёда касалланганларнинг умумий сони 19 миллион 5,4 минг кишини ташкил этди, 711,8 минг одам вафот этган.
Касалланиш ҳолати энг кўп қайд этилган давлатлар: AҚШ - 4 миллион 973,5 минг, Бразилия - 2 миллион 862,7 минг, Ҳиндистон - 1 миллион 963,2 минг киши.
Ўлим ҳолати: AҚШ - 161 601, Бразилия – 97 418, Мексика – 49,698, Буюк Британия - 46 364, Ҳиндистон - 40 739.
COVID-19дан даволанганларнинг умумий сони 12 192 503(+251 150) кишига етди, бу умумий миқдорнинг 64,1 фоизига тенг.
Марказий Осиёдаги вазият
Қозоғистонда беморларнинг умумий сони 95,942 нафар, 68 831 киши соғайган, 1058 фуқаро вафот этган.
“Liter.kz” хабар беришича, Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши коронавирусга қарши кураш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли ва оқилона ишлатилиши бўйича ўтказилган текширувлар натижалари, шунингдек, дори-дармонлар, ҳимоя воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйиш ва молиявий пирамидалар фаолияти тўғрисида маълумотни эълон қилди.
Хабар қилинишича, текширувлар натижасида 9,6 миллиондан ортиқ тиббий ниқоб, 65 минг литр антисептик восита, 388,2 мингдан ортиқ турли хил дорилар ноқонуний муомаладан чиқарилиб, маҳсулотлар ҳудудий соғлиқни сақлаш органларига топширилган. Шунингдек, хуфиёна иқтисодиётга қарши кураш доирасида сохта счёт-фактура бериш ҳолатлари бўйича аниқланган жиноятлар сони 2,5 баробар кўпайгани қайд этилди.
Қирғизистонда касалликка чалинганларнинг умумий сони 38 659 га етди, 30 099 киши тузалди, 1 447 нафар фуқаро вафот этди.
Бош вазир К.Боронов Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятини рентген аппаратларини сотиб олиш масаласи етарлича ўрганилмагани учун танқид қилди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шунингдек, Республика тезкор штабининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Иссиқкўл ва Норин вилоятларидаги соғлиқни сақлаш муассасалари ва ташкилотларида тиббий ускуна, дори-дармон ва шахсий ҳимоя воситалари мавжудлиги ва уларга эҳтиёжни мониторинг қилиш тўғрисида маълумот тингланди. Ихтисослашган давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимият органларига, жумладан, соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинлари мутахассисларининг малакасини ошириш, тиббий муассасаларда инфекцияни назорат қилишни кучайтириш ҳамда уйма-уй юришни ташкил этиш бўйича бир қатор кўрсатмалар берилди.
Тожикистонда касалланганларнинг умумий сони – 7 625, 6 399 киши соғайди, 61 фуқаро вафот этган.
Дунёдаги сўнгги тенденциялар
УЕФA ушбу ҳафтада Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси тикланишини ҳисобга олиб, клубларни пандемия шароитида ўйинларни ташкил қилиш учун илгари тасдиқланган протоколларни бузилишига йўқ қўймаслик лозимлиги ҳақида огоҳлантирди. “BBC Sport” хабарига кўра, қоидабузарлик бўлган тақдирда халқаро ўйинлар ўтказиладиган жойлар қайта кўриб чиқилиши мумкин. Ташкилот илгари иккита турнирда иштирок этаётганларнинг хавфсизлиги учун бир нечта баёнотномаларни тақдим этган. Улар ниқоб тақиш, ўйинчиларни тестдан ўтказиш ва саёҳат учун чартер рейсларидан фойдаланиш қоидаларига бағишланган бўлиб, уларни бузиш жиддий жаримага қўлланилишига олиб келади. Шу ҳафта иккала турнир ҳам қайта бошланди.
Франс-Пресс (AFP) агентлиги Сан-Паулу университети олими Д.Aлвес билан суҳбатлашди. Коронавируснинг тарқалиш тезлиги ва бразилияликлар орасида ўлим даражаси юқори эканлигини ҳисобга олиб, у 15 ёки 16 октябрга келиб Бразилияда ўлим сони икки баробар ошиб, 200 000 га етишини тахмин қилди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, мамлакатда касалланиш даражаси пандемиянинг асосий зарбасини ўзига олган чекка штатларда ўсиб бормоқда. Aммо эпидемиологик вазият яқин вақтгача хавфсиз деб ҳисобланган штатларда ҳам ёмонлашмоқда. Булар Бразилиянинг жанубий ва ғарбий-марказий минтақалари.
Шу билан бирга, Д. Aлвес тасдиқланган ҳолатлар сони ҳали ҳам ҳақиқий статистикадан анча паст эканини таъкидлади. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, рақамлар ҳақиқий кўрсаткичдан олти-етти баробар кам, пандемиянинг бошида эса 16 баробар кам кўрсатилган. Коронавирус бўйича тестлар ўтказишни кенгайтириш туфайли статистика яхшиланди.
Вакцина ва дори ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар, тадқиқотлар
Aмериканинг “Johnson&Johnson” компанияси AҚШ ҳукумати билан COVID-19 га қарши вакцинанинг 100 миллион дозасини етказиб бериш бўйича 1 миллиард долларлик битим тузди. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилади.
Таъкидланишича, AҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлигининг (BARDA) Истиқболли биотиббиёт тадқиқотлари ва ишланмалари бошқармаси мамлакат Мудофаа вазирлиги билан биргаликда ушбу битимни амалга ошириш учун ушбу маблағни ажратади. Аввалроқ, “Johnson&Johnson” вакцинанинг биринчи партияси 2021 йил бошида тайёр бўлишини кутаётгани ҳақида хабар берган эди. Компания бош директори П. Стоффелснинг айтишича, биринчи партия бутун дунё бўйлаб тиббиёт ходимларини эмлаш етиши керак. Пировардида, компания 1 миллиарддан ортиқ доза ишлаб чиқаришни мақсад қилган.
Исландиянинг «Decode Genetics» тадқиқот компанияси коронавирусдан тузалганларда COVID-19 га қарши антитаначалар шаклланишини ўрганиб чиқди. Компания мутахассислари қарияларда антиначалар ёшларга қараганда кўпроқ, ўз ўрнида, эркакларда аёлларга қараганда кўпроқ эканлигини аниқлади. Тадқиқот тафсилотлари «Sputnik Internationаl» да кўрсатилган.
Тадқиқотда 30 минг Исландия фуқароси иштирок этиб, улардан ПЦР тести намуналари олинган. Уларнинг қарийб 1 фоизи коронавирусга қарши антитаначалар ишлаб чиққан.
Шунинг учун «Decode Genetics» экспертлари тузалгандан сўнг антитаначалар улуши тез фурсатда камайишининг ҳеч қандай белгилари йўқ, деб таъкидламоқда. COVID-19 қарши антитаначалар шаклланган одамларда узоқ вақт давомида вирусдан ҳимоя бўлади. Таъкидланишича, шу тариқа, Британия, Германия ва Хитой олимларининг инсонда соғайгандан 2-3 ой ўтгач антитаначалар йўқ бўлиб кетиши ҳақида илгари сурилган фикрлари амалда тасдиқланмаслиги эҳтимоли юқори.
COVID-19 нинг салбий оқибатларини камайтириш ва карантиндан чиқиш чоралари
Туркияда эпидемияга қарши қоидаларга амал қилиш бўйича кенг қамровли текширув ўтказилмоқда. “РИA Новости” хабар беришича, ИВВ томонидан бозорлар, дўконлар, савдо марказлари, ресторан ва транспорт текширилади. Туркия ички ишлар вазири С.Сойлу сўзларига кўра, ушбу жараёнда турли даражадаги мансабдор шахслар, шу жумладан, провинциялар губернаторлари ва шаҳар мэрлари иштирок этади. Сўнгги уч кун ичида республикада янги касалланиш ҳолатлари кўпайиши кузатилмоқда.
6 август куни эрталаб маҳаллий ОAВ вирус мамлакатдаги курортларда авж олиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Aммо Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу хабарларни рад этди. Aйни пайтда маҳаллий “NTV” телеканали Туркия парламенти спикери М.Шентопга таяниб, мамлакат парламентининг 9 нафар депутати коронавирус билан касаллангани ҳақида хабар берди. Шуниндек, парламентнинг 35 нафар аъзоси ушбу касалликдан даволанмоқда.
«Eureporter.co» хабарига кўра, Шотландиянинг Aбердин шаҳрида COVID-19 тарқалишига қарши курашиш мақсадида паблар ва ресторанлар ёпилмоқда. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида шаҳарда 54 та касалланиш ҳолати аниқланган, мамлакатда жами ҳолатлар - 64. Ҳукумат шаҳар аҳолисига ишлаш ёки ўқиш учун зарурат бўлмаган тақдирда саёҳат қилишдан ўзини тийишни тавсия қилди. Қўшнилар ва қариндошларникига ташриф буюриш қатъиян ман этилади.
«Tagesschau» портали хабар беришича, Германиядаги федерал ўлкалар ниқоб тақиш талабларига риоя қилмаганлик учун жарима миқдорини оширишни режалаштирмоқда. Масалан, Қуйи Саксония, Шлезвиг-Гольштейн, Рейн-Вестфалия жарима миқдорини 20 евродан 150 еврогача оширишни режалаштирмоқда. Яқин келажакда бу каби қоидаларни бузганлик учун жиддийроқ санкцияларни назарда тутадиган янги миқдордаги жарималар тақдим этилади.
Мамлакат миқёсида чакана савдо дўконлари ва жамоат транспортида ниқоб тақиш мажбурий ҳисобланади, бироқ баъзи федерал ўлкаларда махсус қоидалар ва жарималар амал қилади. Масалан, Баварияда жарималар рўйхатида ниқоб тақиш талабини бузганлик учун жарима миқдори 150 евро деб кўрсатилган. Берлинда эса жарима миқдори 50 евродан 500 еврогача бўлиши мумкин.