Жаҳондаги санитар-эпидемиологик вазият ташвишлигича қолмоқда. Жами касалланганлар сони 20 млн нафардан ошди, олдингидек АҚШ, Бразилия ва Ҳиндистон касаллик ўчоғи бўлган мамлакатлар ҳисобланади. Шимолий Америкада 6,1 млн. дан ортиқ касаллик ҳолатлари қайд этилган (умумий касалланганлар сонининг 30,5% ). Осиёда ушбу кўрсатгич 5,1 млн.(25,1%), Жанубий Америкада –4,75 млн. (23,4%), Европада – 3,04 млн. (15%)ни ташкил этади.
Марказий Осиё мамлакатлари (Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон)да 213,7 минг нафар бемор қайд этилган, яъни жами касаллик ҳолатларининг 1,0 6% фоизи ушбу давлатларга тўғри келади.
Статистика
"Worldometers" маълумотларига кўра, жорий йилнинг 10 августида дунё миқёсида касалланганлар сони 20 млн. 23,5 минг кишини ташкил этади, уларнинг 734 минг нафари вафот этган.
Касаллик энг кўп тарқалган мамлакатлар: АҚШ– 5 млн. 199,4 минг нафар, Бразилия – 3 млн. 35,5 минг нафар ва Ҳиндистон – 2 млн. 214,1 минг нафар.
Жорий йил 10 августда COVID-19 касаллигидан тузалганлар сони 12 897 984 нафар кишига етди. (+177 759) – жами беморларнинг 64,4 фоизи.
МДҲ мамлакатлари
Россияда жами касалланганлар сони 887 536 нафарга етди, 693 422 нафар бемор соғайди, 14 931 нафар бемор вафот этган.
Беларусда касалланганлар сони – 68 850, соғайганлар 64 935 нафарни ташкил этади, 587 нафар киши вафот этган.
Марказий Осиёдаги ҳолат
Қозоғистонда жами касалланганлар 98 701 нафар, соғайганлар 72 273 нафарга етган, 1 058 нафар бемор вафот этган.
Қозоғистонда 1 августдан буён 13 минг нафар беморда COVID-19 белгиси бор зотилжам касаллиги қайд этилган. "Liter.kz" маълумотларига кўра, сўнгги бир кеча кундузда 1011 та шундай ҳолат қайд этилган. Соғлиқни сақлаш вазири А.Цойнинг 2 августдаги баёнотига қарамай, вазирлик коронавирус ва зотилжам статистикасини тўла бирлаштириш муддатини орқага сурмоқда. Илгари буни 2020 йил 5 августда тайёр қилишга ваъда беришган бўлса, эндиликда 2-3 ҳафтадан сўнг дейишмоқда.
Қирғизистонда жами касалланганлар сони 39 919 нафар, соғайганлар – 31 822 нафарни ташкил этди, 1 468 нафар бемор вафот этди.
Сўнгги бир кеча кундузда тиббиёт ходимлари орасида 10 нафари коронавирусни юқтириб олган. Бу ҳақда республика штаби бугун эрталаб хабар берди. Маълумотларга кўра, уларнинг 3 нафари Бишкекда, икки нафари Ўш ва Баткен вилоятларидаги тиббиёт ходимларидир. Айни дамда стационар шифохоналардан олти нафар шифокорга жавоб берилган. Бундан ташқари, яна 38 нафар тиббиёт ходими уй шароитида ўзини- ўзи яккалашдан озод этилган. Шу вақтгача жами 2 минг 948 нафар тиббиёт ходимида коронавирус аниқланган. Уларнинг 2 минг 141 нафари соғайган.
Тожикистонда – 39 та янги ҳолат қайд этилган, жами беморлар сони – 7 745, соғайганлар 6 573 нафарни ташкил этади, 62 нафар бемор вафот этган.
Туркманистонда биронта ҳам коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Илгари хабар қилинганидек, 5 августдан бошлаб Туркманистон ҳудудига парвоз қилган йўловчилардан COVID-19 касаллиги йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани мажбурий тақдим этиш талаби қўйилган эди. "Arzuwnews" маълумотларига кўра, 10 августдан бошлаб бундай маълумотноманинг амал қилиш муддати икки ҳафтадан уч ҳафтагачани ташкил этади. Нашрнинг маълум қилишича, бундай маълумотнома фуқаронинг яшаш жойидаги оилавий поликлиникадан олиниши мумкин. Талабалар Ашхабоддаги махсус Талабалар соғломлаштириш марказига мурожаат қилишлари керак. Маълумотнома олиш учун умумий қон таҳлили топшириш ва ўпка флюорографияси керак бўлади.
Дунёдаги сўнгги тенденциялар
Россиялик олимлар Хитойда тарқалган янги вирусни COVID-19 билан тенглаштирдилар. "РБК"нашрининг хабар беришича, Иқтисодиёт олий мактаби соғлиқни сақлаш институти директори Л.Поповичнинг маълум қилишича, Хитойда тарқалган янги SFTS вируси ҳаво орқали тарқалмаслиги боис, у қадар хавфли эмас. Хитойда бундан ташқари, кўплаб бошқа вируслар ҳам мавжуд. Дунёда икки мингдан зиёд вируслар қайд этилган. Уларнинг аксарияти – инсон ҳаёти учун хавфли. Бироқ инсондан инсонга юқадиган вируслар кўп эмас.
Новосибирск давлат тиббиёт университетининг даволаш факультети ички касалликлар кафедраси доценти В.Митрохин ҳам шу фикрга қўшилади. Унинг фикрича, янги SFTS вируси коронавирус ва гриппга нисбатан у қадар хавфли эмас.
Соғлиқни сақлаш бўйича еврокомиссар С.Кириакидес Германиянинг "Handelsblatt" газетасига берган интервьюсида коронавирусга қарши вакцина яратиш билан боғлиқ фикрлари билан ўртоқлашди.
Унинг фикрича, Еврокомиссия коронавирусга қарши вакцина жорий йилнинг охири ва кейинги йилнинг бошларида пайдо бўлади, дейиш учун асосларга эга. Айни дамда, С.Кириакидеснинг қайд этишича, вакцина барча муаммоларни ҳал қилмайди, бироқ «аста-секин нормал ҳаётга қайтиш»га ёрдам беради. Унинг фикрича, коронавирус инқирозни енгиб ўтишда вақт омили муҳим ҳал қилувчи роль ўйнайди. Кириакидес шунингдек, евроиттифоқ мамлакатларида касаллар сонининг ортаётганидан хавотирланаётганини билдирди ва ҳамжамиятга аъзо давлатларни инфекция тарқалишига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўришликка чақирди.
АҚШ молия вазири Мнучин якшанба куни "FoxNews" телеканалида федерал ҳукумат штатлар ҳокимиятларига пандемия оқибатларини енгишда бундан кейин ҳам маблағ беришга тайёр эканини маълум қилди. Бироқ талаб этилган 1 трлн.долларни жуда кўп деб ҳисоблади. Унинг қайд этишича, аксарият губернаторлар тақдим этилган маблағларнинг ярмини ҳам сақлашмаган. Уларда қўллаб-қувватлаш бўйича сўнгги тақдим этилган пакетдан ҳали 150 млрд. доллар қолган.
8 август куни президент Д.Трамп мамлакат аҳолиси учун пандемиянинг иқтисодий оқибатларини юмшатишга қаратилган тўртта фармонга имзо чекди. Биринчи фармонда ойликдан олинадиган солиқни тўхтатиш, иккинчи фармонда ишсизлик бўйича тўланадиган нафақалар миқдорини ошириш кўзда тутилган.
COVID-19 га қарши вакцина ва препаратларни ишлаб чиқиш чора-тадбирлари, олимларнинг тадқиқотлари.
Туркия президентининг маълум қилишича, Туркияда коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган вакциналардан бири инсонларда синовдан ўтказиш учун рухсатнома олган. Иккита вакцина ҳайвонларда муваффақиятли синовдан ўтган, деб хабар беради "Anadolu".
Мамлакат раҳбарининг сўзларига кўра, Туркия ҳам АҚШ ва Хитой сингари коронавирусга қарши ўз вакцинасини яратаётган учталик давлатлар сирасига киради. Илгари мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ф.Кожа Туркия вакцина яратиш борасида Россия ва ХХР билан мулоқот олиб бораётгани ҳақида маълум қилган эди.
Иллинойс университети олимлари тиббий ниқобларни қайта ишлатишнинг янги усулини ўрганди. Улар ниқоблар электр маиший мультиваркаларда 50 дақиқа давомида селси бўйича 100 градус қайта ишлов берилса, тўрт турдаги вируслар, жумладан коронавирусни ҳам ўлдиради.
Бу борадаги батафсил маълумотлар "Environmental Scienceand Technology Letters" журналида нашр этилди. Америкалик олимларнинг қайд этишича, стириллашнинг бу усули санитар қайта ишлашнинг энг асосий талаби: вируслардан тозалаш, фильтрлаш ва инсоннинг нафас йўлларига етарли даражада ҳавонинг тушиши каби мезонларга жавоб беради.
Бу усул уй шароитида беморларга қараётган ижтимоий ходимлар ҳамда кичик тиббиёт ва санатория муассасаси тиббиёт ходимларига тавсия қилинади.
COVID-19 оқибатларини камайтириш ва карантиндан чиқиш чоралари
Германияда эпидемиологик ҳолат барқарорлигини таъминлаш бўйича янги чоралар кўрилмоқда. «RheinischePost» нашрининг маълум қилишича, мамлакат ички ишлар вазирлигининг котиби Г.Крингс фуқароларга коронавирус хавфи юқори бўлган ҳудудларга режалаштирилган сафарлардан олдин хабардор қилиш мажбуриятини киритишни таклиф қилди.
Бунинг учун фуқаро ўзи яшаб турган жойидаги соғлиқни сақлаш департаментига хабар бериши керак.
Айни пайтда осойишта бўлмаган ҳудудлардан қайтган фуқаролар учун 2 та усул кўзда тутилган. Биринчиси - улар кетишдан 48 соат олдин тест топшириб, унинг инглиз ёки немис тилларидаги натижасини тақдим этишлари керак. Бунда барча харажатлар фуқароларнинг ўзи томонидан қопланади. Иккинчиси - улар Германияга қайтганларидан сўнг уч кун давомида оилавий шифокор томонидан тиббий кўрикдан ўтишлари лозим бўлади.
Венесуэла президенти Н.Мадуро "Venezolanade Televisión" телеканали орқали чиқиш қилиб, коронавирус туфайли жорий қилинган фавқулодда ҳолатни яна бир ойга чўзилишини маълум қилди. У шунингдек, 10 августдан бошлаб карантин чораларини аста-секин юмшатиш бошланишини ҳам эълон қилди. Ноқулай эпидемиологик вазият ҳукм сурган ҳудудлар, жумладан пойтахтда юмшатиш чоралари аста-секин жорий қилинади.
Россиянинг бир неча олий ўқув юртлари 1 сентябрдан бошлаб хорижлик талабалар учун масофавий таълимни ташкиллаштиришни режалаштиришмоқда. ТАСС ахборот агентлигининг маълум қилишича, ҳар бир гуруҳ бутун семетр давомида масофадан туриб таълим олади. Хорижлик талабалар ва карантин туфайли айрим сабабларга кўра семестр бошида таълим даргоҳига кела олмаган РФ фуқаролари ҳам бу гуруҳга киради. Москва физика-техника институти, «ЛEТИ» Санкт-Петербург давлат электротехника университети, Қозон федерал университети, Томск политехника университети, Болтиқ федерал университети, Узоқ шарқ федерал университети, Новосибирск давлат университети ва Тюмен давлат университети шу тартибда ўқишни бошлашни режалаштиришган.