Икки томонлама келишувларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва илгари суриш бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон қўмитасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 24 август куни видеоконференция шаклида икки томонлама келишувларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва илгари суриш бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон қўмитасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон томонидан Қўмита ҳамраиси – ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Арзиев, Ҳиндистон томонидан – ташқи ишлар давлат вазири В.Муралидаран ҳисобланади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги вакиллари, шунингдек, Ҳиндистон Республикаси Молия вазирлиги, Тижорат ва саноат вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги ва фермерлар фаровонлиги вазирлиги ва Гужарат штати маъмурияти вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари -  инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг табрик сўзи билан очилиб, унда қўшма лойиҳа ва ташаббусларни самарали илгари суришда Қўмитанинг роли алоҳида таъкидланди ҳамда томонларнинг биргаликдаги фаолиятининг устуворликлари белгиланди.

Йиғилиш давомида савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-логистика соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, ҳар икки мамлакат ҳукуматлари томонидан коронавирус пандемияси келтириб чиқарган глобал инқирозий ходисаларнинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Жами икки томонлама ҳамкорлик доирасида умумий қиймати 2,3 млрд долларга тенг 98 та инвестиция ва савдо битими имзоланган.

Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битим ва имтиёзли савдо тўғрисидаги Битимни тайёрлаш ва имзолашни тезлаштириш бўйича кейинги чоралар кўриб чиқилди.

Тадбир якунида икки томонлама келишувларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш бўйича қўшимча амалий чора-тадбирларни қабул қилиш, шунингдек, Қўмитанинг навбатдаги йиғилишини жорий йилнинг 4-чи чорагида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Манба