Ҳиндистон билан инвeстиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков Ҳиндистон Республикаси Савдо ва саноат вазири П. Гоял билан видеоконференция ўтказди.

Икки томонлама инвестицион ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шу жумладан, коронавирус пандемиясининг икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасининг даражасига салбий таъсирини минималлаштириш бўйича қўшма чоралар қабул қилиниши муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан, икки мамлакат бозорларига маҳсулотнинг киришини енгиллаштириш учун карантин чекловларини бекор қилиш бўйича Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг ваколатли вазирлик ва идоралари ўртасида ўзаро фаолият механизмлари ишлаб чиқилди.

Ушбу йўналишда томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишни мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ташкил этилган Ўзбекистон-Ҳиндистон Қўмитасининг фаолияти билан боғлиқ масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Суҳбат давомида Қўмитанинг биринчи йиғилишини яқин келажакда видеоконференция шаклида ўтказиш таклиф этилди. Мазкур формат қўшма ташаббусларнинг амалга оширилиши жорий ҳолатини кузатиш, муаммоли масалаларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатлар механизмларини ишлаб чиқиш имконини беради.

Бундан ташқари, инвестицион ҳамкорлик кўламини кенгайтириш мақсадида глобал эпидемиологик вазият яхшилангандан сўнг ўтказилиши режалаштирилган қўшма тадбирлар давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистон инвесторлари ва шериклари ўртасида мустаҳкам битимлар имзолаш истиқболларини кўзлаган ҳолда, ахборот технологиялари, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида аниқ инвестиция таклифлари ҳамда экспорт шартномаларини ишлаб чиқиш ва келишиш учун иккала томоннинг саъй-ҳаракатлари бир-бирига мослаштирилади.

Шунингдек, молиявий ва техник ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди, яъни Ҳиндистон Эксимбанки маблағлари ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилаётган ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларининг техник-иқтисодий параметрларини ишлаб чиқиш ва келишиш учун Ҳиндистоннинг етакчи экспертларини жалб этган ҳолда икки мамлакат вазирликлари ва идораларининг биргаликдаги фаолияти жадаллаштирилади. Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасида, хусусан, таълим, муқобил энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, микро суғориш ва бошқа соҳаларда инфратузилмани ривожлантириш орқали кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун Ҳиндистон грантларини жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Транспорт ва лолгистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро транспорт коридорлари тизимга қўшилишдаги Ҳиндистон тажрибасини ўрганиш учун ихтисослаштирилган тузилмалар мутахассисларидан иборат эксперт гуруҳлари тузилади.

Шунингдек, Ўзбекистон транспорт инфратузилмасини қуриш ва реконструкция қилиш соҳасида янги лойиҳалар ва таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ишлар жадаллаштирилади.

Томонлар яқин келажакда Инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги ва Преференциал савдо тўғрисидаги битимлар бўйича музокараларни якунлаш бўйича мақсадида ушбу ҳужжатлар лойиҳаларини экспертлар даражасида ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнларини тезлаштиришга келишиб олдилар.

Видеоконференция якунида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасида доимий алоқани давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди, бу эса икки томонлама инвестицион ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини тезда ҳал қилиш ҳамда умумий лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишни жадал суръатларда ривожлантириш имконини беради.

Манба