Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тўғрисидаги маълумотлар БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг олтита тилида нашр этилди ва Бош Ассамблеянинг 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси маълумотларига кўра, ҳужжатда сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик ва институционал базани мустаҳкамлаш, ушбу соҳада халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий қилиш ва мажбуриятларни бажариш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани, шунингдек, ушбу йўналишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик фаоллаштирилаётгани алоҳида таъкидланади.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, шу жумладан БМТнинг 6 та асосий шартномасига ва 4 та ихтиёрий протоколига қўшилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва БМТнинг шартнома қўмиталарига ушбу ҳужжатлар ижроси бўйича доимий равишда миллий маърузаларни тақдим этмоқда.

БМТ томонидан тарқатилган ҳужжатга кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги фармони билан тасдиқланган. Уни ишлаб чиқишда халқаро ташкилотлар, шу жумладан ташкилот устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсиялари инобатга олинган. Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларини ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонун ҳужжатлари, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва яхши хорижий амалиёт таҳлили, шунингдек, кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижалари асосида ишлаб чиқилганига эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, Президент фармон билан, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига доимий мониторинг ўтказиш, тегишли вазирлик ва идораларга Миллий стратегия ва «Йўл харитаси»ни сифатли ҳамда ўз вақтида амалга ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар бериш вазифаси юклатилди.

Манба