Ўзбекистон ва Туркия парламентлари раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди

Бугун, 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Мустафа Шентоп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Икки мамлакат парламентлари раҳбарлари бутун мусулмон оламининг шодлик ва шукроналик, хайр-саховат ва эзгулик айёми бўлган Қурбон ҳайити муносабати билан самимий тилак билдирдилар. 

Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Мустафа Шентоп коронавирус пандемиясини тезроқ енгишни тилаб, бу борада Туркия Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Томонлар давлатларимиз президентлари бошчилигида олий даражадаги мунтазам мулоқотлар ва яқин муносабатлар олиб борилаётгани натижасида барча соҳалар қатори парламентлараро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани, бу эса  катта масъулият эканлиги тўғрисида сўз юритди.

Икки мамлакат парламетлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум ўзаро алоқаларнинг шартнома-ҳуқуқий асосини яратиш билан бирга амалий чора-тадбирлар амалга оширишни тақозо этиши борасида тўхталиб ўтилди.

2020 йил февралда бўлиб ўтган Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи доирасида тарихда илк бора энг юксак форматдаги, яъни икки давлат раҳбарлари ҳамраислигидаги олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши якуни бўйича эришилган келишувларни амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида парламентларимиз ҳам муносиб ҳиссани қўшиши кераклиги қайд этилди.

Бундан ташқари, шакллантирилган дўстлик гуруҳлари томонидан парламентлараро ҳамкорлик борасида фикр алмашилаётгани, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Тадқиқот маркази ўртасидаги алоқаларни  янада ривожлантиришга урғу берилди.

Суҳбат дўстона ва самимий руҳда ўтди.  

Манба