Ўзбекистон-Америка парламентлари мулоқоти бўлиб ўтди

2020 йил 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ва АҚШ билан парламентлараро ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи аъзолари АҚШ Конгрессининг “Ўзбекистон бўйича кокус” (дўстлик гуруҳи) ҳамраислари ва аъзолари билан видеокомулоқот ўтказди.

Унда “Ўзбекистон бўйича кокус”нинг раиси Т.Келли, гуруҳнинг аъзоси бўлган яна олтита конгрессменлар, Конгресс стафферлари, АҚШ маъмурияти вакиллари иштирок этди.

Видеомулоқотда Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари, бунда, энг аввало, парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Конгрессменлар Ўзбекистон Президентига юксак ҳурмат ва эҳтиромини билдириб, Президент Ш.Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини юқори баҳолади. Уларнинг фикрича, бугунги кунда бутун дунёда авж олган коронавирус пандемияси билан боғлиқ муаммоларнинг Ўзбекистонда самарали бартараф этилиши, аввало, сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилган ўзгаришлар билан боғлиқ.

Мулоқот чоғида Конгресс аъзолари АҚШ Ўзбекистон раҳбариятининг ички ва ташқи сиёсат, шунингдек, мустақиллик, суверенитетни мустаҳкамлаш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган ишларни қўллаб-қувватлашишини таъкидладилар.

Америка томони Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор беришини қайд этди. Хусусан, “Ўзбекистон бўйича кокус” (дўстлик гуруҳи) Ўзбекистон-Америка стратегик шериклигини мустаҳкамлашнинг муҳим қисмларидан биридир, дея таъкидлашди.

Конгрессменлар Ўзбекистоннинг дастурлари ва лойиҳаларини, аввало, ижтимоий ва иқтисодий тараққиётга эришиш, давлат бошқарувини янада модернизация қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, жамиятни демократлаштиришга йўналтирилган дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.

Шунингдек, томонлар бундан кейин ҳам парламентлараро мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Манба