ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси: Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаш – бу Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган глобал етакчилигининг намунаси

1992 йил 26 февралдан бошлаб Ўзбекистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Ташкилот ва унинг институтлари билан ҳамкорлик турли даражаларда амалга оширилиб, кўплаб масалалар ва йўналишларни қамраб олиши билан аҳамиятли. Ўзбекистон ташаббуси билан 1995 йилда Тошкентда ЕХҲТнинг Марказий Осиё билан алоқалар бўйича бюроси очилди. 2006 йил июнь ойида эса бюро ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси идорасига айлантирилди.

 Мамлакатимиз Давлат мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлаш арафасида «Дунё» АА мухбири ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегор билан ўзаро ҳамкорлик ютуқлари ва истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.

–МакГрегор жаноблари, суҳбатимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлаш арафасида бўлиб ўтмоқда. Бу ўзаро ҳамкорликдаги фаолият сарҳисоби учун ҳам қулай фурсатдир. Айтингчи, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ЕХҲТ ўртасида ҳамкорликнинг қайси соҳаларида муҳим натижаларга эришилмоқда?

– Сўнгги бир неча йилда ЕХҲТ билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар, хусусан, 2019 йилда Тошкент ва Самарқандга амалга оширилган юқори даражадаги ташрифлар самарасида тарихий жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. ЕХҲТ амалдаги раиси бошчилик қилган делегация таркибига Бош котиб ва ташкилотга аъзо давлатларнинг 20 нафар элчиси кирганини алоҳида қайд этишни истардим.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари мамлакатни ЕХҲТ органларида, шу жумладан Парламент Ассамблеяси, Вазирлар Кенгаши ва Доимий Кенгашда мамлакатни муносиб тақдим этишмоқда. Шуниси эътиборга лойиқки, Шерзод Асадов Венада Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги элчиси ва доимий вакили сифатидаги хизматининг сўнгги йилида ЕХҲТнинг иқтисодий ва экологик қўмитаси раисидек обрўли лавозимга тайинланган эди.

Ўзаро муносабатлардаги ижобий жиҳатлар Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан давлат ва жамоат бошқарувининг кўплаб соҳаларида, шу жумладан адлия тизимидаги ислоҳотлар, коррупция ва трансмиллий таҳдидларга қарши кураш, гиёҳванд моддалар савдоси, одам савдоси, янги сайлов кодексини ишлаб чиқиш, бошқа кўплаб соҳаларда самарали ҳамкорлик ва қўшма ишларни йўлга қўйишда қулай платформага айланди.

– Бугун Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улар ЕХҲТнинг умумий устувор йўналишлари сифатида белгиланган мақсадлар ва тамойилларга мос келади. Бундан ташқари, ЕХҲТ Ўзбекистоннинг хавфсизлик сиёсатини амалга оширишда, қонун устуворлигини, оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини таъминлашда ва бошқа соҳаларда иштирок этмоқда. Ушбу соҳаларда республиканинг саъй-ҳаракатлари ва ютуқларини қандай баҳолайсиз?

– Баъзан ортга назар солиб, эришилган ютуқларни тарихий нуқтаи назардан баҳолаш мен учун ёқимли. Сўнгги йилларда республика ҳаётининг барча жабҳаларида қатор ютуқларга эришилди. Бу, шубҳасиз, ижобий силжишни намойиш этадиган иқтисодиёт кўрсаткичларидир. Жаҳон банкининг сўнгги прогнозларига кўра, пандемияга қарамай, ЕХҲТга аъзо барча давлатлар орасида фақат Ўзбекистонда 2020 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўсиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткич барқарор иқтисодий ривожланишга ёрдам берадиган барча омиллар бўйича эришилган ютуқларнинг ажойиб намунасидир.

Хорижий инвесторлар капитал қўйилмалар режасини ишлаб чиқишда ва тўғридан-тўғри сармоя киритишда кўп жиҳатларга, хусусан, қонун устуворлиги, адолат тизими ва сўз эркинлигига эътибор қаратади. Ушбу соҳаларда Ўзбекистон катта ютуқларга эришди. Иқтисодиётда, давлат бошқарувида ва умуман жамиятда хотин-қизлар ва ёшлар роли ортиб бормоқда. Масалан, яқинда Олий Мажлисга сайланган хотин-қизлар сони 36 фоизни ташкил этди, бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан анча юқори. Ёшлар эса 6 фоизни ташкил этди, бу ўртача глобал кўрсаткичдан уч бараварга кўпдир.

Яқинда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форум бўлиб ўтди. Унинг иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу Ўзбекистоннинг глобал етакчилигининг ўсиб бораётганига яна бир мисол. "Виртуал қабулхона" механизми орқали онлайн мурожаат ва аризалар топшириш имконияти, шунингдек, Халқ қабулхоналари фаолиятининг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ташаббусларини бутун дунёда энг яхши амалиёт намунаси сифатида намойиш этмоқда.

Албатта, Ҳаракатлар стратегиясида ЕХҲТ мажбуриятларига мувофиқ қўшимча эътибор ва ислоҳотларни давом эттиришни талаб қиладиган кўплаб соҳалар мавжуд. Аммо тарихий шароитда ўтган тўрт йил давомида эришилган ютуқлар ЕХҲТга аъзо давлатлар орасидаги ноёб натижадир. Тузилманинг Ўзбекистондаги лойиҳалари ходимлари ушбу дастурий ҳужжатда келтирилган ислоҳотларни ривожлантиришда ўз ҳиссаларини қўшиш имкони яратилганидан мамнун.

– МакГрегор жаноблари, сиз бир неча йилдан буён Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини олиб бормоқдасиз. Ушбу вақт давомида мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида бўлдингиз, одамлар билан ўзбек тилида мулоқотлар олиб бориб, урф-одатларимиз билан яқиндан танишдингиз. Шу ўринда Ўзбекистон, янги Ўзбекистон ҳақидаги фикрларингиз биз учун қизиқарли?

– Ўзбекистонда яшаш ва саёҳат қилиш мен учун катта шараф. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги вакили сифатида ишимни иложи борича самарали бажариш учун мамлакатингизда ЕХҲТнинг юқори даражадаги вакили сифатида одамлар билан яқин мулоқот қилиш, тарих, маданият, урф-одатлар, ошхона ва тилни яхши билишим зарурлигини англайман. Шахсан мен учун бу ерда фаолият юритиш ва яшаш қулай ва ёқимли бўлмоқда. Менинг мамлакат ҳақидаги тўлақонли фикрим, умумий ғоям ва тушунчам бу ерда ўз юртимдагидек қулай яшашга имкон бермоқда.

Саёҳатларим ва мулоқотларим давомида мен ўзим учун оила ва яхши қўшничиликни ўзи учун қадрият билган меҳмондўст Ўзбекистон халқини кашф этдим. Одамларнинг улкан интеллектуал салоҳияти мамлакатнинг бой илмий ва маънавий мероси билан бевосита боғлиқ. Бу замин тарихини чуқур ўрганганим сари Галилейдан кўра илмий изланишлари устунликка эга ҳукмдор, олим ва астроном буюк Улуғбекка бўлган ҳурматим шунча ортиб борди. Ушбу қудратли илмий асос Ўзбекистонга замонамизнинг турли соҳаларида жаҳонда етакчиликни намойиш этиш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.

– Мустақиллик куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табрикларингиз.

– Шу кунларда Ўзбекистон халқи билан биргаликда муҳим сана – мамлакат Мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлаш бахтига муяссар бўлмоқдаман.

Барчангизга тинчлик, фаровонлик ва соғлик илиниб, фарзандларимиз, набираларимиз – ёш баркамол авлодга умид тўла порлоқ келажак қолдиришимизга тилакдошман.

Манба