Маҳмуд-ул-Ҳассан Хон: ШҲТ Самарқанд саммити муваффақиятли ва самарали ўтди

Самарқанд саммити якунига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда Покистондаги Жанубий Осиё ва халқаро тадқиқотлар маркази директори Маҳмуд-ул-Ҳассан Хон ҳам ўз фикрларини билдираркан, мамлакатимизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида ишлаб чиқилган аниқ режалари тўла амалга ошганини эътироф этди.

Покистонлик эксперт таъкидича, Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ташкилот фаолиятини келгусида янада такомиллаштириш, аъзо давлатлар ҳамкорлигида иқтисодий йўналишларни ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича қатор ўта муҳим стратегик таклифларни илгари сурди.

- Хусусан, Ўзбекистон етакчиси барқарор саноат ва технология ҳамкорлигини таъминлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш, ШҲТ доирасида янги иқтисодий мулоқотни йўлга қўйиш орқали савдони рағбатлантириш зарурлигини алоҳида таъкидлади, - деди Маҳмуд-ул-Ҳассан Хон.

Эксперт, ақниқса, кооперацияни янада чуқурлаштириш ва савдони рағбатлантириш учун Шавкат Мирзиёев билдирган ШҲТ мамлакатлари махсус иқтисодий ҳудудлари Альянсини ташкил этиш таклифини олқишлади. Унинг фикрича, бу ғоя ШҲТга аъзо мамлакатларда тўпланган илғор тажрибадан барча бирдек фойдаланиш имконини беради. Бундан ташқари Президентимизнинг ШҲТ учун муҳим ва устувор йўналиш бўлган Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳамда ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни кучайтириш бўйича берган баёноти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш учун жуда муҳим ҳисобланади. Зеро, Афғонистон икки минтақани боғловчи муҳим кўприк вазифасини бажаради.

– Шу нуқтаи назардан Шавкат Мирзиёевнинг Термизда Афғонистонни қўллаб-қувватлаш учун махсус гуманитар жамғарма таъсис этиш бўйича илгари сурган таклифи ўта долзарб, – деди покистонлик мутахассис.

Манба