Озарбайжондан муносабат: МДҲ форуми ахборот маконидаги долзарб таҳдидларга қарши курашиш бўйича илғор тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлди

 «МДҲ экспертлар форуми рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича фикр алмашиш учун муҳим майдонга айланиши мумкин». Бугун Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича МДҲ халқаро экспертлар форумида сўзга чиққан  Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Ахборот технологиялари институти директори ўринбосари Шакир Мехтиев шуни таъкидлад.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Озарбайжонда рақамли трансформация бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. «Озарбайжон Республикасида телекоммуникация ва ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича стратегик йўл харитаси (2017-2025 йиллар)», «Озарбайжон 2030: ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг миллий устувор йўналишлари (2021 йил)”, “Саноат 4.0 асосида мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш сиёсати” шулар жумласидандир.

Шакир Мехтиев ушбу тадбирларни муваффақиятли амалга ошириш меъёрий-ҳуқуқий заминни такомиллаштириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни рағбатлантириш ва молиялаштириш, ахборот хавфсизлиги соҳасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришни назарда тутишини қайд этди.

Шу билан бирга, экспертнинг фикрига кўра, МДҲ форуми ахборот маконидаги мавжуд таҳдидларга қарши курашиш бўйича илғор тажриба алмашиш ва Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро алоқаларни кучайтириш учун муҳим майдон ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, форум Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва МДҲ Ижроия қўмитаси кўмагида ўтказилди. Унда Марказий Осиё, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Россия ва Молдова сингари мамлакатлардан 60 нафардан ортиқ вакил, халқаро ташкилотлар ва етакчи таҳлил марказлари мутахассислари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Манба