Ўзбекистон сўнгги йилларда ижтимоий соҳани ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришди

Бу ҳақида жорий йилнинг 12 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган «Янги даврда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик» мавзусидаги конференцияда Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хитой Халқаро тадқиқотлар академияси Евроосиё институти директори Ли Цзиго аитиб ўтди.
Ли Сзиго ўз нутқи доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларга юксак баҳо берди. Мутахассис Президент Шавкат Мирзиёев миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва либераллаштириш йўлини танлаб, жаҳонда кескинлик ва беқарорлик кучайиб бораётганига қарамай, изчил юқори ўсиш суръатларини таъминлай олганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 6 фоиздан ошди, бу эса жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўпдир.
Евроосиё институти директорининг маърузасида мамлакатимизда таълим ва маданият соҳаларини фаол ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, улар давлатимиз ижтимоий сиёсатининг асосий таркибий қисмларидан эканлиги ҳамда Ўзбекистоннинг учинчи Уйғониш даврига кириши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
Хитойлик эксперт Ўзбекистон сўнгги 6 йилда ижтимоий соҳани ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришганини ва бу борада ўз олдига юксак мақсадларни қўйишда давом этаётганини таъкидлади.
Ли Зигуо сўзи сўнггида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга умид билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти Тараққиёт тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган конференцияда сиёсат, хавфсизлик, савдо-инвестицион ва маданий-гуманитар соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти Тараққиёт тадқиқот маркази – Евроосиё минтақасидаги мамлакатларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини таҳлил қилиш ва ўрганишга қаратилган Хитойдаги етакчи тадқиқот институти. У 1989 йилда ташкил этилган. У ХХР раҳбариятига Хитой ва Евроосиё маконидаги мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ахборот, маслаҳатлар ва сиёсий тавсиялар беради.

Манба