Америкалик экспертлар билан учрашув

СМТИда АҚШ Тинчлик институти экспертлари билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида томонлар Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни муҳокама қилди.

Учрашувда америкалик экспертлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш/Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларни, хусусан, экстремизмга қарши кураш, диний бағрикенглик ва диний-маърифий таълимнинг кенг ёйилишини юқори баҳоладилар.

АҚШ Тинчлик Институти катта эксперти Б.Пажвакнинг таъкидлашича, Ўзбекистон томонидан ташкил этилган «Имом Ал-Бухорий» халқаро тадқиқот маркази диний плюрализмни тарғиб қилиш ва радикаллашувнинг олдини олишда таълим бериш ва изланишлар олиб боришда мавжуд салоҳиятни юзага чиқариш учун муваффақиятли майдонга айланди.

Суҳбат давомида Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидландики, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш билан бир қаторда Ўзбекистон афғон ёшларини ўқитиш борасида жуда катта ишларни олиб бормоқда. Ҳозирда Термиз шаҳридаги махсус ташкил этилган ўқув марказда 100 га яқин афғон ёшлари олий маълумотга эга бўлиб, уйларига қайтди. Ушбу ўқув масканида афғонистонлик ёшлар учун Европа Иттифоқи ва Хитой иштирокида таълим дастурларини йўлга қўйиш режалаштирмоқда.

Учрашув якунида томонлар СМТИ ва АҚШ Тинчлик Институти ўртасидаги самарали ҳамкорликни келгусида давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.