Ёшлар билан ишлашда янгича тизимни жорий этишнинг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилди

Жорий йилнинг 2 февраль куни СМТИда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан ёшлар билан ишлашда янгича тизимни жорий этиш борасида илгари сурилган ташаббуснинг мазмун моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда ёшлар ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари, давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёшлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш учун қулай имкониятлар яратиш, жамият ва давлат ишида иштирокини кенгайтириш, ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади.

Давра суҳбатида СМТИ директорининг биринчи ўринбосари А.Неъматов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан ёшлар билан ишлашда таклиф қилинган янгича тизимнинг мазмун-моҳиятини очиб берди.

Таъкидландики, энг асосий вазифа қарор қабул қилиш жараёнида ёшларнинг эҳтиёжлари, талаб ва истаклари, уларнинг таклиф ва ташаббуслари устувор аҳамиятга эга бўлиши лозим. Бундай ёндашув эса муаммоларни бевосита жойларга чиқиб “маҳаллабай” кесимда ўрганишни ва ёшлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни тақозо этади.

А.Неъматов бу борада муҳим жиҳатлардан бири сифатида қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг манзиллилиги, вазифалар ва мақсадли кўрсаткичларнинг ҳамда уларни амалга оширувчи масъулларнинг аниқ белгилаб қўйилишига эътибор қаратди. Қайд этилдики, вазифалар эса ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашдан иборат бўлиб, улар ҳар бир туман, шаҳар кесимида амалга оширилади.

Айни вақтда, мазкур вазифаларни амалга ошириш жараёнида парламент назорати ўрнатилмоқда, давлат ҳокимияти идораларининг жамоатчилик олдида ҳисобдорлиги механизмлари белгилаб қўйилмоқда. Ҳокимлар ҳар ойда халқ депутатлари Кенгашида қилинган ишлар юзасидан ҳисобот беришлари ҳамда ОАВ, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали ахборот беришлари талаб этилади. Бундай ёндашув ўз навбатида, ёшлар билан ишлаш соҳасидаги ишларнинг самарадорлигини белгилаб беради.

Маълумки, давлат раҳбари ёшлар билан ишлаш соҳасида белгиланган вазифаларни аниқ ҳисоб-китоб ва илмга асосланган ноанъанавий ёндашув асосида амалга ошириш лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Бу борада А.Неъматов Ўзбекистон Президенти томонидан белгилаб берилган вазифаларни самарали ҳал қилишда давлат бошқаруви идоралари, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, зиёлилар ва олимлар билан тизимли ҳамкорликни кучайтириш кераклигига алоҳида тўхталди. Ўз ўрнида бундай ҳамкорлик ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган жамият, давлат, тадбиркорлик ва интеллектуал ресурсларнинг барчасини бирлаштириш ва сафарбар қилишга асосланган бўлиши лозимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш бу борадаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Шунингдек, тадбир давомида ёшлар билан ишлашда ахборот-маърифий ишлар самарадорлигини таъминлаш, жумладан, ёшларга оид давлат сиёсатининг ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ёшлар билан ишлаш бўйича илғор амалиётни оммалаштириш ҳамда мамлакат тараққиёти учун муҳим вазифаларни ҳал қилишда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш каби масалаларнинг долзарблиги таъкидланди.

Йиғилиш давомида қатнашувчиларга «Ўзбекистон учун 100 ғоя», “Ёшлар: 1+1”, “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор”, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ҳамда, “Лойиҳалар фабрика” “Ёшлар кичик саноат зоналари”си каби лойиҳаларнинг аҳамияти тўғрисида ахборот берилди.

Тадбирда қатнашган ёшлар ташкилотлари, давлат идоралари, фуқаролик институти, ОАВ вакиллари давлатимиз Раҳбари томонидан ёшлар билан ишлашда янгича тизимни жорий қилиш ташаббусининг долзарблиги ва аҳамияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.