Халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистондаги диний эркинликлар бўйича талаби очиқланди

Халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистондаги диний эркинликлар бўйича талаби очиқланди

Бугун, 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида “Диний эътиқод эркинлигининг кафолатлари – очиқ фуқаролик жамиятининг муҳим асоси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Суҳбатда турли диний конфессия вакиллари (Рим ва Проваслов черкови вакиллари, яҳудийлар уюшмаси ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакиллари), ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Адлия вазирлиги вакиллари, Ислом цвилизация маркази ва Ўзбекистон Халқаро ислом академияси мутахассислари, Ташқи ишлар вазирлиги вакили, АҚШ ва Германия давлатларининг Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари, шунингдек Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти олимлари иштирок этди.

Тадбирда қатнашган Sof.uz мухбирининг хабар беришича, қатнашчилар асосан Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва эркинлик мавзусида нутқ сўзлаган.

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, исломшунос Бахтиёр Бобожоновнинг айтишича, халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминламаган деган эътирозлар асосан миссионерлар ва диний ташкилотларни рўйхатга олиш билан боғлиқ.

Профессор Бобожоновнинг таъкидлашича, халқаро конференцияларнинг бирида Ўзбекистонда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш деган қоидани бутунлай бекор қилиш ҳақида айтишган. Шунингдек, бу рўйхатдан ўтказиш каби тизимлар сабабли Ўзбекистонга инвестициялар кирмаслигини айтилган. Б.Бобожонов бу таклифни ким айтгани ва таклифга нисбатан расмийларнинг муносабати қандай бўлганини очиқламади.

Манба