Жаҳон банки экспертлари билан учрашув ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Х.Мори ва Жаҳон банки институти эксперти Ҳ.Бассат билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан ушбу ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларнинг амалга оширилиши муҳокама қилинди.

Жаҳон банки мутахассислари Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига юқори баҳо бердилар. Уларнинг фикрларига кўра, Президент Ш.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат ичида ҳам, чет элда ҳам кенг қўллаб-қувватланмоқда. Ўтган йили Ўзбекистоннинг энг муҳим ютуқлари бўлиб, аҳоли билан мулоқотни ташкил этиш, унинг ишончини қозониш, иқтисодиётни эркинлаштириш, ташқи савдо ва инвестицияларга тўсиқларни бартараф этиш ва халқаро майдонда мамлакат обрўсини ошириш кабилар хизмат қилди.

Ушбу ижобий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдиришди. Уларнинг фикрича, бош ижрочи директор К.Георгееванинг Тошкентга ташрифи, Ўзбекистоннинг энг муҳим бешта шериклар сафига қўшилиши ва Жаҳон банкининг келгуси ойларда 1,5 млрд. долл. миқдорида маблағ киритишга тайёрлиги, икки томонлама ҳамкорликнинг ишончли даражада эканлигини намойиш этмоқда.