Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорликнинг янги қирралари

Шу йилнинг 23 май куни Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти экспертларининг Буюк Британия Мудофаа тадқиқотлари қироллик коллежининг бир гуруҳ тингловчилари, жумладан Aвстралия, Қувайт, Непал, Янги Зеландия, Уммон, Покистон, Япония ва бошқа мамлакатларнинг вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Ҳарбий муассаса Буюк Британиядаги энг қадимги академик муассасалардан бири бўлиб, миллий мудофаа ва халқаро хавфсизлик соҳаларида ҳарбий, дипломатик ва бошқа давлат хизматлари учун мутахассисларни тайёрлайди.

Учрашув давомида Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ва бу жараёнларда Ўзбекистоннинг ўрни, Aфғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг минтақада ҳамкорликни чуқурлаштириш, Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича позицияси британиялик меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

Хусусан, СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Aкромжон Неъматов 2016 йилдан бошлаб Марказий Осиёда вазият кескин ўзгарганини таъкидлади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли минтақада ўзаро ишонч ва яқинликка қаратилган муҳим янги сиёсий муҳит яратилди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши Марказий Осиё минтақаси эканлиги алоҳида таъкидланди. Мамлакатимизда фаол мулоқот, тенглик, манфаатларни ҳисобга олиш, оқилона муроса тамойиллари етакчилик қилади.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ташкил этилгани минтақадаги муносабатларнинг янги босқичига ёрқин мисол бўла олади. Минтақавий ҳамкорликнинг янги форматлари – парламентлараро форум, иқтисодий форум, етакчи аёллар форуми фаол ишлай бошлади.

Иқтисодий ҳамкорликнинг янги шакллари – инвестиция фондлари, чегара савдо ва саноат зоналари, саноат кооперацияси лойиҳалари 2016 йилдан 2022 йилгача қўшма корхоналар сонини беш бараварга, минтақалараро товар айирбошлаш ҳажмини эса 4 баробарга – 5,5 миллиард доллардан 20 миллиард долларга кўпайтириш имконини берди.

Британиялик меҳмонлар билан суҳбат чоғида СМТИ экспертлари Ўзбекистон бугунги кунда жамият ва давлатни янгилаш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини таъминлаш ва ривожлантириш учун давлат масъулиятини ошириш билан боғлиқ муҳим ва мураккаб ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида эканлигига ҳам эътибор қаратди.

Шу муносабат билан A.Неъматов амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг айрим жиҳатлари, 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларига батафсил тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида, Буюк Британия делегацияси раҳбари С.Дейнтон уларнинг Ўзбекистонга ташрифи халқаро стратегик тадқиқотлар йўналишидаги олий ўқув юртидан кейинги таълим дастури доирасида амалга оширилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга келишидан олдин бир гуруҳ тингловчилар Грузия ва Қозоғистонда бўлган ва у ерда етакчи таҳлилий марказлар ва эксперт доиралари билан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалаларини ҳам муҳокама қилган.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг таҳлилий ва академик доиралари ўртасида ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга томонларнинг тайёрлиги билдирилди.